"Нефтчи" устози: Ҳужумчилар борасида оқсаяпмиз

Бугун Ўзбекистон Суперлигасида 3-тур ўйинлари давом эттирилди. Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ўз майдонида Тошкентнинг "Бунёдкор"ини қабул қилди ва 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

Мазкур баҳсдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар устози Баҳром Ҳайдаров ва ҳужумчи Абдул Азиз Юсуповлар иштирок этишди.

"Биринчи ўринда стадионга бизни қўллаш мақсадида келган мухлисларга раҳмат айтиб қоламан. Афсуски, уларнинг ишончини оқлай оламадик. Ўйинга жиддий тайёргарлик кўргандик. Ҳамма ишлар ғалаба йўлида амалга оширилди. Учинчи ўйиндирки, гол ура олмаётганимиз бизга панд бермоқда. Омад ҳам етишмаяпти деб ўйлайман. Йигитлар ортда қолган барча беллашувларда бор кучи билан тўп суришяпти. ”Бунёдкор”га қарши рақобат кескин кечди. Икки жамоа ҳам ғалаба илинжида курашди. Тошкент клуби айрим вазиятларда бизга нисбатан чаққонроқ бўлгани рақибга қўл келди. Улар имкониятлардан бирини голга айлантирди. Мавсум энди бошланди. Эътиборимизни навбатдаги баҳсга қаратамиз. “Бунёдкорга”га қарши тайёргарликдан ҳам кучлироқ ҳозирлик кўрамиз. Айни пайтда осон ўйин қолмади. Ҳужумчилар борасида оқсаяпмиз. Асосий ҳужумчиларимиздан бири Мурод Бобожоновнинг жароҳати бор. Шу сабаб ярим ҳимоячилардан ҳужумчи сифатида фойдаланяпмиз", - деди Ҳайдаров

Абдул Азиз Юсупов: Тенг ўйин бўлди. Футболда гол урмасанг, ғалаба ҳам бўлмайди. Афсуски, бугун биз гол ура олмадик. Натижа учун мухлислардан узр сўраймиз. Ўз устимизда ишлаймиз ва кейинги ўйинларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Ишқибозларга раҳмат. Улар бизни яхши қўллаб-қувватлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!