Нивалдо: “Локомотив”да яна 6 ой қолганимда...
“Локомотив” клубида тўп сурган бразилиялик ҳужумчи Нивалдо Родригеснинг юртимиздаги фаолияти якунига етди. У Тошкентликлар сафига Белоруссиянинг “Динамо-Брест” жамоасидан қўшилганди. Олти ойлик ҳамкорликдан кейин Нивалдо яна белоруссияликлар сафига қайтиб кетди. Шу муносабат билан SPORTS.uz муҳбири Нивалдо билан боғланди.
- Шартнома ниҳосига етганди. Қолаверса, олти ой мобайнида ижарада ўйнадим, - дея кетишининг сабабини тушунтирди, футболчи. - Нима дейишим мумкин? “Локомотив” – жуда яхши шаклланган жамоа. Шундай клуб сафида тўп сурганимдан хурсандман. “Локомотив” сафидаги фаолиятимдан менда жуда илиқ таассурот қолди. Бахтга қарши кутилмаганда олинган жароҳат туфайли анчагача майдонга туша олмадим. 13 учрашув, дарвозаларга киритилган 5 та гол – бу мен учун жуда камтарона кўрсаткич. Агар тузалиб сафга қайтганимдан кейин “Локомотив”да яна олти ой қолганимда ҳаммаси яхшироқ чиқишига ишончим комил эди.
Нивалдонинг ўзига хос ўйин услуби бор эди. Аммо юқорида айтиб ўтилганидек, жароҳатлар унга ўз кучини кўрсатиш учун тўлиқ имконият бермади. Бошидаги келишув эса олти ойликни ташкил қилган, лекин томонлар ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ниятини амалга оширишга яна нимадир тўсқинлик қилганмиди? Бунга бразилиялик шундай деди:
- Тушунинг, ижара шартномаси бор йўғи олти ойга тузилганди холос. Муддат бир зумда ўтиб кетди. Устига-устак “Динамо-Брест”дагилар келишувни узайтиришни исташмади. Шунинг учун ортга қайтишимдан бошқа чора қолмаганди. Ўзимга қолса, “Локомотив”да яна жон деб қолган бўлардим. Аммо брестликлар буни хоҳламаганлари туфайли кетишимга тўғри келди.
Ана энди ҳаммаси тушунарли. Хўш, Нивалдо Родригеснинг кейинги режалари қандай? У “Динамо-Брест”да фаолиятини давом эттирадими ёки яна бошқа клубга ижарага кетадими? Айтиши бўйича, Брестда қолади.
- Бундан буёғига “Динамо-Брест” учун ўйнайман. Айни чоғда иккинчи давра баҳсларига тайёргарлик кўряпман. Мавсумнинг ушбу қисмини яхши даражада ўтказмоқчиман. Кейин нима бўлишини вақт кўрсатади. Балки яна Ўзбекистонга қайтарман. Агар қайтадиган бўлсам, бундан фақат қувонаман, - деди футболчи.
Кўриниб турибдики, унга Ўзбекистон ва унинг футболи ёқиб қолган. Ҳар ҳолда легионерда юртимиз жуда илиқ таассурот қолдирган. Агар ҳаммаси ўз қўлида бўлганида у Тошкентда қолган бўларди. Боя айтганидек, кейинчалик яна Ўзбекистонга қайтиш режаси ҳам йўқ эмас.
- Ҳозирча бу борада аниқ жавоб қайтаришим қийин бўлади. Нега деганда, “Динамо” билан тузган шартномамнинг яна бир йили бор. Профессионал сифатида битимни охирига етказишим керак бўлади. Эҳтимол, шартнома ниҳоясига етганидан кейин Ўзбекистонга қайтиб борарман. Чунки Ўзбекистон, Тошкент менга жуда ёқиб қолди. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
Шу ўринда ундан ўзимизнинг клублардан таклифлар тушган ёки тушмаганлиги билан қизиқиб кўрдик. Маълум бўлишича, Нивалдони бошқа ўзбек жамоалари ҳам ўз сафларида кўришни хоҳлашган.
- Ҳа, таклифлар бўлди. Лекин “Динамо” билан шартномам борлиги учун рад жавобини беришимга тўғри келди. Лекин айнан қайси клублардан таклифлар олганимни айтмаганим маъқул.
Айтиш мумкинки, у илк бор Ўзбекистон чемпионатида иштирок этди. Шундай экан, юртимиз футболи ҳақида қандай фикрда эканлиги ҳақида ҳам сўрашни унутмадик.
- Чемпионатингиз жуда қизиқарли, савияси ҳам анча юқори. Иштирокчи жамоалар менда ёмон таассурот қолдирмади. Масалан, ўзим ўйнаган “Локомотив”ни айтадиган бўлсам, клуб ҳар қандай рақибга бемалол ташвиш туғдира олади.
Энди ушбу ўйинчида Ўзбекистон чемпионати ҳақида аниқ тасаввурлар пайдо бўлди. Маълумки, бизда ҳам кўплаб хорижлик футболчилар тўп суришади. Уларнинг орасида мухлисларга ёқадигани ҳам, ёқмайдигани бўлиши турган гап. Албатта, Нивалдонинг ҳам ўзига яраша ишқибозлари бор эди. Ушбу футболчидан Ўзбекистон чемпионатида энг кучли легионер ким деб сўраганимизда қуйидаги жавобни олдик.
- Ўзбекистон чемпионатида ўйнаётган легионерлар орасида энг яхшиси сифатида “Пахтакор”да тўп сураётган Тиаго Безеррани айтишим мумкин, шунингдек, “Локомотив”даги Игорь Йелич менда илиқ таассурот қолдирди. У ҳимояда жуда ишончли ҳаракатланади. Лекин юқорида айтганимдек, энг яхши легионер – бу Безерра.
Албатта, унинг бу жавоби ҳам ўзига хос бўлди. Шунингдек, “Локомотив”да ҳам бразилияликни яхши кўришади. У эса собиқ клубидаги яқин дўсти ким бўлганлиги ҳақида гапирди.
- Игорь Йелич билан тез-тез гаплашиб тураман. Албатта, “Локомотив”даги бошқа йигитлр билан ҳам имкон қадар алоқада бўлишга ҳаракат қиляпман. “Локомотив” – ҳақиқий супержамоа. У ерда ҳамма бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилади.
“Локомотив” ҳақида гап кетганда шуни айтиш керакки, улар доимгидек чемпионлик учун курашишяпти. Бироқ бу вазифани бажариш қийин бўлиши аниқ. Нивалдо эса ўзи ўйнаб кетган жамоанинг имкониятларини чамалаб кўрди.
- Назаримда, “Локомотив”да ҳам чемпионлик учун бўлган имконият ёмон эмас. Улар охиригача курашадилар ва бунга шубҳаланмайман. Жамоани бошқараётган мураббий ҳам анча малакали. Ўз ишини яхши биладиган мутахассисдир.
Белоруссия чемпионатига қайтган ҳужумчида эндиликда Ўзебкистон билан ушбу чемпионатни бир-биридан фарқлай олиш имкониятига эга бўлди. Бу масаладаги жавоби эса қуйидагича кўриниш олди.
- Бир нарса дейишим қийин. Чунки иккала чемпионатнинг даражаси бир-бириникига яқин. Тўғри, биринчиликларда кучли ва бунинг акси ўлароқ кучсиз жамоалар ҳам етарлича учрайди. Умумий маънода айтсам, савия борасида ўхшашлик юқори.
Россияда ўтаётган жаҳон чемпионати ҳам ниҳоясига етиб боряпти. Катта футбол форумини бутун дунёда кузатиб боришяпти. Шу жумладан Нивалдо ҳам бундан мустасно эмас. У сўзининг охирида мазкур мундиалга ҳам тўхталиб ўтди.
- Ҳа, жаҳон чемпионатини томоша қиляпман. Афсуски, Бразилия терма жамоаси курашдан чиқиб кетди. Менимча, жаҳон биринчилигин Франция ёки Бельгия ютса керак. Французлардан кўра бельгияликлар менда яхшироқ таассурот қолдирмоқда. Улар бежиз терма жамоамизни курашдан чиқариб юборишмади.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар