Нью-Йоркда “Пахтакор” ғолиб!

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида футбол бўйича иккинчи маротаба ташкил этилган “Мустақиллик кубоги-2017” турнири бўлиб ўтди.

Мусобақа ташкилотчиларидан бири Санъат Шариповнинг SPORTS.uz интернет-ахборот порталига маълум қилишича, тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги вице-консули Улуғбек Асқаров, Туркистон Америка уюшмаси президенти Абдулла Хўжа, ушбу шаҳарда чоп этиладиган "Bukharian Times" газетаси бош муҳаррири Рафаэль Некталов ҳамда мусобақа бош ҳомийси "Roadtex" LTL компанияси директори Азиз Мамаев иштирок этди.

Футбол турнирида олтита штатдан жами ўнта жамоа, икки гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашди. Дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар эса плей-оффга йўлланма олишди.

Мусобақа финалида Нью-Йоркнинг “Пахтакор” жамоаси Пенсильвания штатидан келган “Дўстлик” жамоаси устидан 1:0 ҳисобида зафар қучди ва “Мустақиллик кубоги-2017” турнири ғолибига айланди.

Мусобақанинг учинчи ўрни “Канзас” жамоаси вакилларига насиб этди. Шунингдек, турнир давомида ўзини кўрсатган футболчилар орасидан “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳимоячи” ва “Энг яхши тўпурар” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга ҳомийлар томонидан компьютер, бепул почта хизматидан фойдаланишлари учун ваучерлар тақдим этилди.

“Мустақиллик кубоги-2017” турнири доирасида байрам тадбирлари ҳам ташкиллаштирилди. Болалар учун кўнгил очар ўйинлар ўтказилди. Сайлда анъанага кўра, байрам дастурхонига “тўй оши” тортилди.

Қуйида ушбу мусобақадан олинган энг сара фотосуратларни томоша қилишингиз мумкин.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!