Олий лига. “Насаф” 10 киши бўлиб қолган “Навбаҳор”ни аяб ўтирмади

Бугун биринчи давранинг сўнгги турида "Навбаҳор" Қаршининг "Насаф" клубига қарши сафарда ўйин ўтказди. Қийин бахс қаршиликларнинг ғалабаси билан якун топди.
Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа кўплаб хавфли ҳужумлар ташкил қилиб, стандарт вазиятлардан фойдаланишди. Аммо, учрашувда ҳисобни очиш "аждарлар"га насиб этди. 23-дақиқада Баҳром Абдураҳимов ўнг қанотдан жарима майдонимизга ёриб кириб, Драган Черанни тўп билан таъминлади. "Насаф" ҳужумчиси яқин масофадан Аманов қўриқлаган дарвозани нишонга олди, 1:0. Футболчиларимизга ҳисобни тенглаш учун рақиб ҳимоячилари ва дарвозабони имкон беришмади. Танаффусга қадар бу ҳисоб сақланиб қолди.
Учрашувнинг иккинчи ярми "Насаф" устунлигида ўтди. Чунки 63- дақиқага келиб "Навбаҳор" майдонда бир киши кам бўлиб қолди. Алишер Мирзаев иккинчи бор огоҳлантирилиб, ўйинни эрта якунлади. Сон жихатидан устун бўлган Рўзиқул Бердиев шогирдлари сўнгги 10 дақиқада ҳисобни йирик кўринишга келтиришди. Асилбек Аманов яккама-якка вазиятга чиққан Фарруҳ Сайфиевни тўхтатгани учун 81- дақиқад бош ҳакам дарвозамизга пенальти белгилади. 11 метрли жарима зарбасини Черан голга айлантирди, 2:0. Орадан бир дақиқа ўтиб захирадан майдонга тушган Шаҳбоз Эркинов "Насаф"нинг учинчи голига муаллифлик қилди. 87- дақиқада эса Акмал Шораҳмедов чамаси 32 метрлардан аниқ зарба йўллаб, ўйинда якуний ҳисобни ўрнатди. Шу тариқа "Навбаҳор" жорий мавсумда илк бор йирик ҳисобда енгилди.

"Насаф" - "Навбаҳор" - 4:0 (1:0).

25 июнь. Ғузор. "Шўртан" ўйингоҳи.
Ҳакамлар:
З. Қодиров, Т. Галеев, А. Пўлатов, Ж. Мухторов.
Назоратчи: М. Исмоилов
"Насаф": 25. Элдор Суюнов, 2. Акмал Шораҳмедов, 4. Мақсуд Каримов (15.Шахбоз Эркинов, 72), 6. Азиз Ғаниев (7.Одил Ҳамрбеков, 82), 10. Дилшод Раҳматуллаев, 18. Баҳром Абдураҳимов, 22. Игорь Голбан, 23. Шерзод Аъзамов, 27. Ислом Рашидхонов (14.Шароф Муҳитдинов, 73), 34. Фарруҳ Сайфиев, 69. Драган Черан.
"Навбаҳор": 30.Асилбек Аманов, 7.Ойбек Қиличев, 8.Равшан Хурсанов (95.Тимур Толипов, 88), 17.Илҳом Бойдедаев, 19.Мирзоҳид Ғофуров, 20.Алишер Мирзаев, 21.Аъзам Алиев, 32.Жаҳонгир Меҳмонов, 44.Дарко Станоевич, 77.Азиз Турғунбоев (25.Илҳом Алибоев, 89), 84.Неманья Йованович.
Голлар: Д. Черан (23, 81 пен.), Ш. Эркинов (82), А. Шораҳмедов (87)
Огоҳлантириш: А. Мирзаев (54)
Четлатиш: А. Мирзаев (63, иккинчи огоҳлантириш).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!