Осиё кубоги – 2019. Танишинг, Австралия терма жамоаси
Қитъамизнинг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz интернет ахборот портали Осиё кубогида иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади.
Бугун таништирувимизни Австралия терма жамоасидан давом эттирамиз. Ушбу давлат номини эшитганда, кўпчиликнинг кўз олдига машхур опера театри келса ажаб эмас.
Австралия мамлакати шу номдаги катта бир материкда жойлашган. 7,6 млн квадрат километр майдонга эга бўлган мазкур давлат жаҳонда бу борада 6-ўринда туради. “Яшил қитъа” деб номланадиган ўлка аҳолисининг кўп қисмини мигрантлар ташкил этади. Жумладан, бу ерда 200 га яқин мамлакат фуқаролари аҳил-тотувликда яшаб келмоқда. Ўлка аҳолисининг 25 % ини бошқа давлатда туғилганлар ташкил этади.
Австралия ўзининг фауна оиласининг хилма-хиллиги билан қолган қитъалардан бутунлай фарқ қилади. Бу ерда кенгуру, коала каби бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган ҳайвонлар мавжуд.
Ушбу мамлакат ҳақида бироз бўлсада, маълумотга эга бўлган бўлсангиз энди таништирувимизни спорт, хусусан футбол билан давом эттирамиз.
63 % аҳолиси ортиқча вазндан азият чекадиган Австралияда спортни севишади. Айниқса регби ва қоидалари шунга яқин бўлган австралиянча футбол (бу спорт тури соккер эмас) шулар жумласидан. Мамлакатда спортнинг барча турларини бирдек ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хаттоки яқинда “яшил қитъа”даги илк хоккей саройи ҳам фойдаланишга топширилгани фикримизга исбот бўлади.
Австралия чемпионати барчамизга А-лига номи билан таниш. Бу лига формати МЛСга ўхшайди ва Янги Зеландия клуби ҳам мусобақада иштирок этади. Ушбу мамлакат клублари ОЧЛда ҳам ўз ўрнига эга. Бундан бир неча йил олдин “Вестерн Сидней Уондерерс” жамоасининг чемпионлар лигасида финалга чиққани ёдингиздан чиқмаган бўлса керак.
Австралия чемпионатида машхур номларни учратиш табиий хол. Бу ерда ўз вақтида Ромарио, Эмил Хески, Уильям Галлас, Давид Вилья, Алессандро Дел Пьеро, Усейн Болт каби таниқли футболчилар тўп суришган.
Терма жамоага тўхталадиган бўлсак, Австралия ОФК таркибига киргунига қадар ЖЧга чиқишда катта муаммоларга дуч келар эди. Океания минтақасида Янги Зеландия билан кураш олиб бориб, сўнг бошқа қитъа жамоаси (кўпинча КОНМEБОЛ вакиллари)га имкониятни бой бериш “анъана”га айланган эди. Буни қуйидаги фактда кўришимиз мумкин бўлади. “Соккеруз” Океания минтақасида ўйнаб юрган кезлари фақат икки марта (1974 ва 2006) мундиалга иштирок этган. ОФК таркибига киргач эса қаторасига учинчи бор ЖЧда ўйнашни канда қилмай келмоқда.
1974 йилги жаҳон биринчилигида австралияликлар амалда ҳеч нарса қила олишмаган ва бу дебют иштирок бўлгани учун табиий жараён албатта. 2006 йилги мундиалда эса Гус Хиддинк бошқарувидаги терма анча катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Тим Кэйхилл, Ҳарри Кьюэлл, Марк Видука, Марк Шварстер ва Марк Брешиано каби иқтидорлар тўпланган терма гуруҳ босқичида Бразилия, Япония ва Хорватияга қарши баҳслар олиб борган ва 1/8 финалга чиққан эди. Чорак финал учун кечган учрашувда голландиялик мутахассис шогирдлари бўлажак чемпион – Италияга мағлуб бўлган эди.
2010, 2014 ва шу йил ёзда ўтган ЖЧда эса омад австралияликлардан юз ўгирди ва жамоа гуруҳ босқичидаёқ курашни тўхтатишга мажбур бўлди.
Австралия ОФК таркибига киргунига қадар Океания кубогида 7 бор иштирок этган ва шуларнинг 4 тасида бош совринга эга чиққан.
ОФК тассаруфига киргач эса 3 марта Осиё кубогида иштирок этди ва бир бор финалга чиқиб (2011), бир бор ғолиб (2015) бўлди. “Соккеруз” 2007 йилги мусобақада эса чорак финалдаёқ курашни тўхтатган эди.
Жамоани айни вақтда маҳаллий мутахассис – Грэм Арнолд бошқармоқда. Россия яшил майдонларида ўтган мундиалдан сўнг терма жамоа бошқарувига келган 55 ёшли мутахассис 2006-2007 йилларда ҳам Австралия терма жамоасига устозлик қилган. Жумладан 2007 йил 4 та давлатда бўлиб ўтган қитъа биринчилигига Австралияни айнан Арнолд бошлаб келган эди. Илк турда Уммон билан дуранг ўйнаган, сўнг Ироққа 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган “яшил қитъа” вакиллари бир амаллаб плей-оффга чиқишади. Чорак финалда эса Японияга пенальтилар сериясига кўра имконият бой берилади. FourFourTwo нашри эса терма жамоанинг қитъа биринчилигидаги омадсизлигининг сабабчиси сифатида кимни айтасиз дейилган сўровнома ўтказади ва овоз берувчиларнинг 78 % айбни бош мураббийда деб ҳисоблаши маълум бўлади. Зеро ўша вақтларда жамоанинг аксарият футболчилари, жумладан Ҳарри Кьюэлл ҳам бош мураббийга қарши бўлиб қолган эди.
У бунга қадар эса термада Гус Хиддинкка ёрдам бериб келаётган эди. Қаҳрамонимиз Осиё кубогидаги муваффақиятсизликдан сўнг олимпия терма жамоасини қабул қилиб олади ва жамоани Пекин олимпиядасига олиб боради.
Шундан сўнг А-лигадаги “Сентрал Кост Марринерс” ва “Сидней” жамоаларида ишлаб, уларни бир неча марта мамлакат чемпиони қилади. 3 марта А-лиганинг энг яхши мураббийи деган мукофотни қўлга киритади.
“Соккеруз” БААдаги турнирнинг гуруҳ босқичида Иордания, Фаластин ва Сурия каби араб жамоалари билан куч синашади. Грэм Арнолд шогирдлари илк турда сўнгги 4 қитъа биринчилигида 2 бор чорак финалга чиққан Иорданияга қарши майдонга тушади.
2-турда эса кўпчилик томонидан “совға” дея таърифланаётган Фаластин синовдан ўтказилинади. Сўнгги турда эса “чақилмас ёнғоқ” – Сурия уларни кутиб турибди. Айнан Сурияни деб Австралия 2018 йилги ЖЧга чиқа олмай қолишига бир баҳя қолган эди.
Жамоа олдига қўйилган мақсад, титулни муносиб ҳимоя қилишдир. Бироқ бу натижага эришиш 4 йил олдингисига қараганда анча қийин бўлиши аниқ. Олдинги биринчиликларда иштирок этган кўплаб етакчи футболчилар аллақачон термадаги фаолиятини якунлашган.
Австралия миллий терма жамоаси
ФИФА рейтингидаги ўрни – 41
Илк учрашуви: Янги Зеландия - Австралия 3:1 (1922 йил 17 июль, Янги Зеландия)
Энг йирик ғалабаси: Австралия - Америка Самоаси 31:0 (2001 йил 11 апрель, Австралия)
Энг йирик мағлубияти: Австралия - ЖАР 0:8 (1955 йил 17 сентябрь, Австралия)
Осиё кубогидаги иштироки: 3 (2007, 2011, 2015)
Энг яхши натижаси: Чемпион (2015)
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Марк Шварцер (109 ўйин)
Энг кўп гол киритган футболчи: Тим Кэйхилл (50 гол)
Фикрлар