Ўзбекистон Бельгия билан дуранг ўйнади

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси айни кунларда Испаниядаги Халқаро мусобақада иштирок этаётганидан хабарингиз бор. 

Бельгияга қарши учрашувда Отабек Ғуломхўжаев шогирдлари дастлабки дақиқаларданоқ рақибга очиқ футбол таклиф этишди. 

Бунинг самараси ўлароқ илк таймда кичик устунлик Ўзбекистон ёшлари томонидан бўлганини эътироф этиш керак. Рақиб футболчилар икки ёш каттароқ бўлса-да, улар ўйин дебютида анчагина шошиб қолишди. 

16-дақиқага келиб Ҳожимат Эркинов ажойиб гол уришга муваффақ бўлди. Бельгияликлар ҳужум қилишди, ҳимоячилар тўпни жарима майдончасидан узоқлаштиргач, Ҳожимат майдон марказидан чап қанотга қараб қочиб кетди. Кейинроқ ортидан етиб келган ҳимоячини ўнг оёғи билан чалғитди ва шу оёғида дарвозанинг олис бурчагига аниқ зарба йўллади. Тўп дарвоза тўққизлигига аниқ йўналди. Гол шу қадар чиройли чиқдики, беллашувни стадиондан кузатиб бораётган мухлислар ўринларидан туриб қарсак чалишди. 

Биринчи бўлимда Жасур Жалолиддиновда ҳам яхши имконият бўлди. Бироқ унинг зарбаси ноаниқ чиқди. Шунингдек, дарвозабон Абдувоҳид Неъматов икки бор жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди.

Иккинчи бўлимда Бельгия терма жамоаси бирданига 7 та ўзгаришга қўл урди. Шунга қарамай, устунлик Ўзбекистон томонида бўлиб бошланди. Ғуломхўжаев жамоасининг илк ҳужумини рақиблар қўполлик билан тўхтатиб қолишди. Бу 47-дақиқага тўғри келди. Миржалол Қосимовнинг нуқтаси бўлган жойдан унинг айни вақтдаги шогирди Жасур Жалолиддинов чиройли зарба йўллади. Бироқ тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Шотландларга қарши ўйинда ҳам европаликларни дарвоза тўсини бир бор қутқарганди. 

78-дақиқага келиб Бельгия футболчилари худди юқоридаги каби нуқтадан жарима зарбаси тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Кирил Нгонге томонидан йўлланган зарба аниқ чиқди ва уни Неъматов қайтара олмади — 1:1.

Мазкур ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади. Ўзбекистон ёшларининг кейинги ўйини 15 октябрь куни Франция ёшларига қарши бўлиб ўтади.

13 октябрь, шанба
Марбелла, Испания
 
БЕЛЬГИЯ U19 — ЎЗБЕКИСТОН U17 1:1
 
Голлар: Ҳожимат Эркинов, 16 (0:1). Кирил Нгонге, 79 (1:1). 
Огоҳлантиришлар: Саидазамат Мирсаидов (62). Музаффар Олимжонов (70). 
 
Бельгия U19: 1. Робин Мантел — 2. Муҳаммад Бушари, 3. Жорен Лейссенс, 4. Ларс Дендонкер, 5. Максим Декюпер — 6. Матью де Смет, 8. Томас Дуре, 10. Тео Леони — 9. Ибраҳим Жуниор Каргбо,  11. Усман Буссаид, 19. Кирил Нгонге.
 
Ўзбекистон U17: 1. Абдувоҳид Неъматов — 6. Иброҳимҳалил Йўлдошев, 4. Одил Абдумажидов, 14. Суннат Ҳамиджонов, 2. Саидазамат Мирсаидов — 9. Мироншоҳ Сатторов, 15. Диёр Рамазонов — 10. Жасур Жалолиддинов (11. Бегзод Шамсиев, 90) — 20. Хушнуд Бозоров (22. Музаффар Олимжонов, 30, 23. Элдор Бегимов, 82), 17. Ҳожимат Эркинов — 7. Абдулазиз Абдусаломов (16. Муҳаммадқодир Раҳимбергенов, 50,  
18. Улуғбек Ҳошимов, 82).
 
Захирадагилар: 12. Асад Полвонов;3. Аслиддин Тоштемиров, 5. Содиқ Ортиқов; 8. Иброҳим Ибрагимов, 13. Алишер Одилов, 19. Руслан Розиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!