Ўзбекистон гандбол федерацияси вице-президенти

 

Бу йилги мавсумда биринчи лигада ҳам кураш ва интрига бир мунча кучайганлиги рост. Шунинг эвазига унга бўлган қизиқиш олдинги йиллардагидек у қадар паст эмас. “Андижон” клуби олий лигага қайтиш учун курашаётган ушбу мавсумда яна бир қанча жамоалар ҳам унинг қаторига қўшилишди десак муболаға бўлмайди. Шу сабабли ҳам кўплаб мутахассисларнинг эътибори ушбу лигага ҳам қаратилмоқда.

Ўзбекистон гандбол федерацияси вице-президенти Шоди Мажидович Намозов ҳам биринчи лига мусобақасига ва хусусан, “Андижон” клубига бефарқ эмаслиги аён бўлди. Бу инсон илгари “Шўртан” жамоасининг раҳбари сифатида ҳам фаолият кўрсатган. Ҳозирда эса Ўзбекистон гандбол федерацияси вице-президентлигидан ташқари Қашқадарё вилояти гандбол федерацияси раиси ҳисобланади.

Охирги пайтларда юртимизда гандбол спорт турининг ривож топиб бораётганида Намозовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлаётганини эътироф этиш ўринли бўларди. Чунки унинг спортчилари Ўзбекистон миқёсидаги ва халқаро нуфузли турнирларда муваффақиятларга эришиб келаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Шуни айтиш жоизки, у “Бургутлар” иштирокидаги ўйинларни кузатиб, унинг имкониятлари ҳақида ўз тушунчасига эга экан. Буни қуйида билдирган фикрларидан билиб олишингиз мумкин.

- “Андижон” жамоасининг деярли барча ўйинларини кўриб, таҳлил қилиб боряпман, - дея гап бошлади Шоди Мажидович. - Айниқса, Усмон Тошев бош мураббий бўлиб келганидан кейин жамоада ижобий ўзгаришларни кўрдим. Шундан сўнг таркибга кимлар келганига эътибор бериш керак. Сирож Ҳамроев, Акмал Холматов, Хамза Каримов, Акмал Ортиқов, Фирдавс Асадов, Фурқат Ҳасанбоев, Собир Ҳамидов каби ўйинчилар таклиф этилганидан кейин жамоа ўйинида кескин бурилиш пайдо бўлди. Бу ўйинчилар жуда меҳнаткаш ва ишончни оқлай оладилар. Усмон Қудратович Андижонда яхши жамоа шакллантирди. Асосийси, унинг жамоаси тартибли ва интизомли. Мураббий етакчи футболчилар билан бирга иқтидорли ёшларни уйғунлаштиришнинг уддасидан чиқди. Масалан, маҳаллий футболчилардан Шахбоз Жумабоевнинг ҳам ўйинини алоҳида айтишни истардим. Айниқса, иккинчи даврада “Андижон” анча жонланди. Турнир жадвалига қарадим, улар 2-ўринга кўтарилиб олишди.

- Андижон вилоятида албатта кучли жамоа бўлиши керак. Олий лига “Андижон”сиз ҳувиллаб қолгандек. Масалан, Қашқадарёдан элитада учта жамоа қатнашади, нега энди Андижондек вилоятдан битта клуб қатнашмаслиги керак? Мен бу борада шундай деган бўлардим, андижонликларнинг олий лигада иштирок этиши ҳам қарз, ҳам фарз, ҳам шарт.

- Усмон Тошевнинг барча фикр ва мулоҳазаларини ўқиб боряпман. Очиғи, мураббий дегани шунақа бўлиши керак. Ғалаба билан мағлубият футболда доим ёнма-ён юради. Агар жамоа ютқазган пайтда мураббий жамоани руҳлантириш учун керакли гапларни топа олиши лозим. Агарда мағлубият бўлса бунинг ўзига яраша обьектив ва субьектив сабаблари бўлади, албатта. Тошев ҳамма нарсани идеал даражада тушунадиган инсон. Шундай экан, унинг жамоасини кузатиш мен учун ҳам қизиқ бўляпти. Агар шундай клублар кўпайса чемпионатимиз янада кучаяди деб ўйлайман. Сизга битта гап айтаман: “Андижон” клубининг иккинчи давра арафасида амалга оширган селекцияси олий лиганинг бир қанча клубларининг селекциясидан анча самарали бўлди. Қолаверса, ёзги йиғинлардаги машғулотлари ҳам маромида бўлгани билиниб турибди. Бундай жамоага эса омад тиламасак бўлмайди. Мен “Андижон” жамоасининг олий лигага қайтиши тарафдориман, - дея сўзини якунлади Шоди Намозов.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)