Самвел Бабаян: Биринчи даврада ўзини кўрсата олган футболчиларни термага жалб қилдик

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 17–23 июль кунлари ЖЧ–2018 саралаш босқичига тайёргарлик кўриш доирасида Туркияда ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказади. Бош мураббий Самвел Бабаян йиғин олдидан SPORTS.uz сайтига интервью бериб, режалари ҳақида сўзлаб берди.

- Ўзбекистон терма жамоаси олдига қўйилган вазифага тўғри муносабатда бўлган ва футболчиларни ҳар доим ортиқча тўсиқсиз терма ихтиёрига қўйиб юбораётган клублар бош мураббийлари ва раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, бизни ҳар қанақасига қўллаб-қувватлаган мухлислар ва журналистларга раҳмат. Ҳозир ҳамманинг тўғри муносабати ва хайрихоҳлиги биз учун ҳар доимгидан ҳам зарурроқ. Фақат шундагина Ўзбекистон терма жамоаси олдига қўйилган вазифани бажара оламиз. Биз Ўзбекистон чемпионати биринчи даврасида ўзини кўрсата олган футболчиларни термага жалб қилдик. Бу билан энг яқин захира кучларини батафсил ўрганиб чиқиш имкониятига эга бўламиз.

Ушбу йиғинда иштирок этадиган футболчилар орасида катта эҳтимол билан саралашнинг сўнгги икки муҳим ўйинида майдонга тушадиганлар бор. Футболчилар терма жамоа муҳитини ҳис қилиб кўришлари биз учун жуда муҳим. Йиғин давомида иккита ўйиндан ташқари футболчиларни кўплаб назарий материаллар таништириб борамиз. Мақсад – Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларида илгари суриладиган тактик талабларни яна бир бор уларнинг ёдига солиш, – деди Самвел Бабаян.

Қайд этиш жоиз, Марат Бикмаев, Ислом Тўхтахўжаев, Жамшид Искандеров, Рустам Ашурматов ва Достон Ҳамдамов жароҳатлардан кейин тикланиш жараёнини ўтказаётгани учун, Азиз Ғаниев, Жавоҳир Сиддиқов ва Одил Ҳамробеков U-23 Осиё чемпионатида иштирок этаётгани боис йиғинга қўшила олмади.

Эслатиб ўтамиз, Самвел Бабаян Туркиядаги ўқув-машғулотлар йиғинига 20 нафар футболчини жалб қилди. Йиғин ФИФА кунларида ўтказилмаётгани туфайли легионер футболчилар таклиф қилинмади.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 турнири саралаш босқичи 9-турини 31 август куни сафарда Хитой термасига қарши ўтказса, 5 сентябрь куни 10-тур доирасида Тошкентда Жанубий Кореяга қарши баҳс олиб боради.

Айни пайтда Ўзбекистон 8 та ўйиндан кейин 12 очко тўплаб, тўғридан-тўғри қўлга киритилиши мумкин бўлган ягона йўлланма учун курашда 2-ўриндаги Кореядан 1 очкога ортда қолмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!