Санжар Қувватов БАА ҳужумчиси Аҳмад Ҳалил билан дўстлиги, терма жамоа соғинчи ва бошқалар ҳақида ЭКСКЛЮЗИВ суҳбат

Хабарингиз бор, айни пайтда Санжар Қувватов "Насаф" сафида тўп тепмоқда. Бир неча йил умидли ёшлардан саналган ушбу посбон билан SPORTS.uz сайти ижодкорлари эксклюзив суҳбат ташкил этишди. Қуйида ушбу суҳбат билан танишишингиз мумкин.   

Санжар ака бир неча кун олдин “Локомотив”га қарши ўйинни яхши бошлаб салбий натижа билан якунладинглар.

- Футболда омад деган нарса бор. Бу жуда муҳим. Биз ҳам астойдил ҳаракат қилдик. Аммо тўп дарвозага кирмади. Ўйинни яхши бошладик. Биринчи тайм тўлиқ бизнинг устунлигимизда ўтди. Аммо гол ура олмадик. Олдинги турда ҳам ҳудди шундай бўлганди. “Олмалиқ” билан баҳсда ҳам мезбонлар деярли вазиятлар яратишмади. Аммо битта хатони деб биз мағлуб бўлдик.

Сўнгги йилларда “Локомотив” – “Насаф” қарама-қаршилигини кузатадиган бўлсак, иккинчи таймда қаршиликлар устунликни “темирйўлчилар”га бериб қўйишади. Бунинг сабаби нимада?

- Бунақа кучли жамоаларга қарши ўйинда фақат ҳимояда ўйнаш қийин. Биринчи бўлимда гол уриб олиш жуда муҳим. Шунинг учун урғуни дастлабки дақиқаларга қаратамиз. “Локомотив” топ клуб саналади. Қолаверса, таркибда Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп тепадиган футболчилар жамланган. Уларга ўхшаган жамоа қайси пайт ташаббусни рақибга бериш, қачон босимни ошириш ва бошқа жиҳатларни жуда яхши ўзлаштиришган. Шу боис бу каби клублар билан 90 дақиқа бир хил темпда ҳаракат қилиш қийин.

Клубларимиздаги чарчоқ аломатларини нима билан изоҳлаш мумкин?

- Бу витаминлар етишмаслигидан шундай ҳолатлар юзага келади. Масалан, хориж клублари витаминлар борасида яхши таъминланган. Масалан, биз бир ярим соат машғулот ўтказсак, хорижлик футболчилар 3 соат шуғулланади. Бу нимадан дарак? Кўп вақт машғулот ўтказиш учун захираси бўлиши керак. Европани ўйинчилари бақувват катта-катта. Биз ҳам 3 соат шуғулланишимиз мумкин. Аммо унақа натижа бермайди. Буларнинг бари витаминларнинг яхшилигига боғлиқ. Эрон ва Жанубий Корея клублари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказанимизда уларнинг жисмоний ҳолатларига қойил қоламиз. Ёки ўзимизнинг легионер футболчилар Одил Аҳмедов ва Виталий Денисовга эътибор берсак, улар майдонда ҳар қанча тўп тепса ҳам чарчамайди. Аҳмедов унчалик ҳам гавдалик ўйинчи эмас. Аммо жисмоний жиҳатдан кучли. Бунинг сабаби витаминларнинг жой жойидалиги. Бизда ҳам бор. Аммо ҳали етарли даражада эмас. Миллий терма жамоада бўлиши мумкин. Ўртамиёна клубларимизда ривожланмаган.   

“Насаф” мавсумни ОЧЛ ўтиш ва плей-офф ўйинлари билан бошлади. Аммо қаршиликлар гуруҳ босқичига чиқа олишмади. Айтингчи, “аждарлар”ни плей-оффдан ўта олмаганини тасодифга йўйиш мумкинми ёки “Ал Фатх” ўша куни кучлимиди?

- У учрашувда “Ал Фатҳ” яққол кучлилик қилди деб айта олмайман. Бизда ҳам имкониятлар бўлди. Черан дарвозабон хатога йўл қўйганида яхши имкониятга эга бўлди. Аммо гол ура олмади. Бу яна бир марта айтаман омад. Қолаверса, “Ал Ҳидд”ни 4:0 ҳисобида ютдик. Бу жамоани ҳам юта оламиз деб ишонгандик. Балки шу жиҳат ҳам бизнинг мағлуб бўлишимизга сабаб бўлгандир.

Умуман олганда, Саудия Арабистони клублари кучли саналади. 15-ўринда кетаётган жамоаси пешқадам билан бир хил темпда ўйнай олади.

Агар “Насаф” футболчиларига хориждан таклиф бўлса клуб томонидан тўсиқлар бўлмайдими?

- Бизнинг раҳбариятимиз футболчилар билан яхши алоқада. Агар қайсидир футболчига хориждан яхши таклиф бўлса, ҳеч қандай муаммосиз руҳсат беради. Чунки уларнинг аксарияти ёшлигида футболчи бўлган. Бундай ҳолатлар улар учун ҳам бегона эмас. Масалан, Фозил Мусаевнинг хорижга йўл олиши ҳам шундай бўлди. Ҳатто Мусаев жамоа етакчиси бўлса ҳам. Красич кетди. У ҳам яхши легионер эди. Аммо Рўзиқул Бердиев ёшлар билан ишлашни билади. Уларга имконият беради. Бир томондан у ишонган ўйинчилар ўзини кўрсатмоқда.

Клубларимизнинг моддий техник баъзаси талабга жавоб берадими?

- Чемпионатимизнинг кучлик клубларида шароитлар аъло даражада. Қолган клубларимиз ҳам янги стадионларга эга бўлишган. Аммо айримлар қўшимча машғулотлар ўтказиш учун имкониятларга эга эмас. Масалан, бир неча йил олдин “Астон Вилла” баъзасига борганмиз. У ердаги шароитлар фақат ҳавас қиларли даражада. Академиянинг энг ёш жамоасидан тортиб энг юқорисигача бир хил формада. Майдонларнинг кўплигини айтмаса ҳам бўлади.

Олий лигада кутилмаган натижалар қайд этилмоқда. Бу нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?

- “Шўртан” ёмон натижалар қайд этаётган бир паллада “Локомотив”ни ютди. “Бунёдкор” ўз уйида биринчи марта “Қизилқум”га мағлуб бўлди. Биз “Олмалиқ”га имкониятни бой бериб қўйдик. Ўз ўзидан кўриниб турибди, бу мавсум чемпионат қизиқ бошланди. Ким биринчи ёки иккинчи ўринни эгаллашини олдиндан айтиш қийин. Бу футболимиз учун анча яхши бўлган ҳолат деб ўйлайман. 

Сенсациялар нимадан далолат беради? Кучли клубларимиз олдингидай ҳолатда эмасми ёки жамоаларнинг савияси тенглашмоқдами?

- Нима десам экан? Бу ҳолатларни ҳар хил баҳолаш мумкин. Масалан, футболчиларнинг хоҳиши. Улар шу жамоани ютишимиз керак деган мақсадни ўз олдига қўйиши мумкин. Натижалар тасодиф эмаслини исботлаш учун ҳам янада яхшироқ ўйнашга интилади.

Санжар ака энди бевосита сизни терма жамоадаги ўйининигга эътибор қаратсак, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ЖЧда иштирок этгандингиз. Шу ҳақда гапириб берсангиз.

- Мисрдаги ЖЧ ҳаётимдаги энг эсда қоладиган дамлар бўлганди. Қизиқ томони саралаш босқичларида иштирок этмаганман. Фақат ЖЧ борганман.

Ўша кичик мундиалда ким дарвозани қўриқлаши борасидаги гаплар менга алоқаси бўлмаса керак деб ўйлагандим. Чунки аксарият дарвозабонлар баланд бўйли ҳисобланишган. Мени бўйим эса бироз пастроқ. Шунинг учун мен жамоанинг учинчи посбони бўлсам керак деб ўйлаганман. Аммо Аҳмад Убайдуллаев ўйиндан олдин таркибларни эълон қилганида шу даражада ҳаяжонга тушганманки, асти қўяверасиз. Одам ўзи билмаган ҳолда оёғи қандай қалтираса, менда ҳам шундай ҳолат бўлган. Буни ҳеч кимга билдирмасликка ҳаракат қилганман.

Ўзим Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан чиққанман. У ерда ҳамма бир бирини танийди. Отам-онам учун ЖЧда тўп тепганим энг яхши совға бўлган. Чунки яхши ўйнаган футболчига сен зўрсан демайди. Биринчи навбатда отангга раҳмат дейди. Ўшанда ота-онам ғурурланиш ҳиссини туйишган. Бу ҳолатларни эшитганимда ўзим ҳам йиғлаб юборай деганман.

Сиз учун ўша ЖЧдаги энг эсда қоларли ўйин қайси?

- Бу чемпионатнинг гуруҳ босқичида Гана, Урагвай ва Англия терма жамоаси билан куч синашганмиз. Уларнинг барчаси жуда ҳам кучи саналади. Мен учун энг эсда қоларлиси эса Уругвайга қарши кечган баҳс дей ўйлайман. Ушбу учрашувда анча қийинчиликларга дуч келганмиз.

Ўшанда Англия билан дуранг ўйнаган Ўзбекистон анча шов-шув кўтарганди. Лекин орадан икки йил ўтиб яна Англияга тўқнаш келгандингиз. Аммо ўшанда 2:0 ҳисобида мағлуб бўлгансизлар.

- Англия билан дуранг ўйнаганимиз яхшигина шов-шувга сабаб бўлган. Аммо икки ўйинда Англиянинг таркиби умуман ўзгариб кетганди. Биринчи тўқнашувдаги футболчилардан ҳеч ким йўқ эди. Бизда эса бир-иккита ўзгариш бўлганди холос.

У пайтда Англия термаси билан бўлган ўйинда стадиондаги атмасфера умуман бошқача эди. Майдонга тушдингми ҳаёлинг фақат учрашувга қаратилган бўлиши шарт. Олий лигада эса ўйин пайтида ҳаёлинг бошқа жойлага кетиб қолиши мумкин. 

Агар эсингизда бўлса, ЖЧга кетишдан олдин “sport” телеканалида терма жамоа билан жонли эфирда учрашув ташкил қилинган. Шунда бир ҳазил аралаш савол берилганди. Мундиалда ким биринчи голни уради деб? Ҳамма Шерзод Каримов деб жавоб берган.

- Чиндан ҳам қизиқ ҳолат бўлган. Чунки ҳамма Шерзодни гол уради деб айтган ва амалда ҳам шундай бўлганди. Бу лекин жамоа фақат унга ўйнади дегани эмас. Айнан Шерзоднинг гол уриши тасодиф эди.

2009 йили Мисрда ўтган ЖЧда сизларга қарши ўйнаган Киран Триппьер, Кайл Уокер “Тоттенхэм”да, Андре Айю “Вест Хэм”да, Эммануэль Агеманг-Баду Италиянинг “Удинезе” клубида фаолият олиб бораётганидан хабарингиз борми?

- Тўғрисини айтсам, Андре Айюни эслаб қолганман. Чунки қолган футболчиларнинг исмини эслаб қолиш жуда қийин.

Нима учун бизда турли ёш тоифасидага терма жамоаларимиз мундиалларда яхши иштирок этади-ю, лекин асосий жамоага етиб кела олмаяпти?

- Билмадим, бунга айнан нима сабаблигини. Лекин бу жамоанинг ўзига боғлиқ деб ўйлайман. Жамоа деганда фақат футболчилар эмас барча. Ўшанда менга ҳам хориждан таклифлар бўлганини айтишган. Сен тайёрланиб тур Россия ёки хорижга кетасан деб. Лекин жим бўлиб кетган. Қўллаб туриш бўлмаган. Масалан, бир хил пайтларда таланти бор ўйинчилар бўлади. Лекин унга эътибор бермасдан, таланти йўқ футболчини қулоғидан тортиб чиқариб қўйишади. Лекин у ўша жойда тўхтайди. Бизда ҳақиқатдан ҳас истеъдодли футболчилар бор. Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров. Булар ўз ёш тоифасида анча кучли ҳисобланишади. Агар булар 2 йил ичида легионерга айланмаса, кейинчалик ўсиш фоизи камайиб кетиши мумкин. 

Бошқа томондан юқорида айтиб ўтганимдек, қўллаб-қувватлаш ўта муҳим. Масалан, ўзимни оладиган бўлсак. 2009-2011 йилларда Санжар Қувватов бўлдим. Иккинчи Нестеров, Нестеровнинг издоши деб аташди. Аммо 2012 йили шундоқ эшик ёпилди. Мен деворнинг нариги томонида қолиб кетдим. Чиқиш эшиклари мен учун ёпилди. Бир ўзим қолиб кетганман. Шунда 2012 йили “Машъал”га кетдим. Ўша мавсум омадсиз келди. Муборак клуби биринчи лигага тушиб кетиб қолди. Мен жуда кўп ўз устимда ишлаганман. Ҳатто уйга кетмасдан. Аммо ҳар хил ўйлар ҳаёлдан кетмасди. Ҳудди у баҳсда фақат дарвозабон ўйнаган, у айбдордек. Аммо таслим бўлмадим. Охиригача курашдим. Ҳозир мана озгина ўзимга келиб олдим. 

Сиз ҳозир айнан қайси хатони назарда тутмоқдасиз?

- Мен Лондон олимпиадаси саралашидан ўрин олган БААга қарши Тошкентдаги ўйинни назарда тутмоқдаман. БАА билан бўлган учрашув фаолиятимдаги энг ёмони деб айтишим мумкин. Чунки энг муҳим паллада жамоага ёрдам бера олмаганман. Бу карьерамга катта таъсир ўтказган. Бу баҳсда ғалаба қозонсак Лондонга борардик. Аммо БААни 2:0га ютаётган бир пайтда 3:2 ҳисобида мағлуб бўлганмиз. Мазкур баҳсдан сўнг бошқа ўйинларда рақиб мухлислари менга босим ўтказиша бошлашган. Стадиондаги рақиб ишқибозлари БАА ҳужумчиси Аҳмад Ҳалил исмини айтиб мени калака қилишарди. Ҳатто айримлар қоч Аҳмад Ҳалил келяпти деганди. Шундан сўнг БАА ҳужумчиси менинг дўстимга айланган. 

Терма жамоада ўйнаб юрган пайтимда кучли клублардан таклифлар бўлган. Самвел Бабаяннинг шахсан ўзи “Пахтакор”га чақирган. “Бунёдкор” ва “Насаф”дан чорловлар бўлганди. Мен шунда уларга жамоа билан келишишларини айтганман. Улар билан келиша олсанглар мен бошқа клубга ўтишим мумкинлигини билдирганман.

Ҳозир ўша пайтда айтган гапингизга афсусланасизми?

- Тўғрисини айтсам, ҳа. Чунки одам бу даражада “патриот” бўлмаслиги керак экан. Битта хато билан ҳаммани эсидан чиқиб кетишингиз мумкин. 20 йил ўйнаган бўлсангиз ҳам. Лекин “Машъал” сафида ҳаракат қилганимдан афсусланмайман. Чунки ўша пайтнинг энг зўр жамоаси бўлган.

Сизга ушбу мавсум бошланмасидан бошқа жамоалардан таклифлар бўлдими?

- Йўқ. “Насаф”га ўтганимдан сўнг ҳеч қандай таклифлар бўлмади. Қолаверса, “аждарлар” билан йилнинг бошида шартнома имзоладик.

Эшитишимизга қараганда, Таиланднинг “Бурирам” жамоасига ўтади деган маълумотлар ҳам тарқалганди. Шунингдек, “Персеполис”га ҳам. Шулар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

- Таиланднинг “Бурирам Юнайтед”ининг қизиқиши бўлмаган гап. “Персеполис” эса қанчалик бор ёки йўқлигини билмайман. Чунки менга битта агент телефон қилиб Эронда ўйнаш ниятинг борми деб сўраган ва шундан сўнг ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетган. Қолаверса, бир пайтлар Санжар Қувватовга Англиянинг “Манчестер Сити” клуби қизиқмоқда деган гап-сўзлар тарқалганди. Аммо бу ҳақда менга расмий таклиф билдирилмаган.

Бизда футболчиларни четга олиб бора оладиган яхши агент борми?

- Бор. Масалан Санъат Шарипов. У менинг агентим бўлган. Ҳози эса Санъат Шарипов билан шартномамиз тугаган.

Тушкунликка тушиб қолган пайтингизда футболни тарк этиш ҳаёли бўлганми?

- Йўқ. Буни ўйлаб ҳам ўтирмаганман. Лекин ҳаммаси яхши бўлса ҳаётнинг қизиғи қолмайди. Ҳаёт пат-баландликлардан иборат. Ҳар доим ҳам ёмон пайтлар бўлмайди. Қачондир яхши бўлиб кетади. Бунинг учун фақат курашиш керак.

Ёшлар терма жамоасида ўйнаганман. Энди миллий терма жамоада ҳам тўп тепишни истайман. Бу орзуим фаолиятим охиригача сўнмайди. Бунинг учун кўп меҳнат қилишим керак. Чунки терма жамоамизнинг ўйинларини телевизорда кўрганда ҳар қандай одамнинг ҳаваси келади. Терма жамоани соғинаман. Чунки бу атмасферани ичида бўлганлар жуда яхши билишади.    

Олий лигада мана 6 та тур якунланди. Сизни ажаблантирган жамоа қайси?

- “Шўртан”. Чунки ғузорликлар биринчи ўйинда ғалаба қозонди. Шундан сўнг мағлубиятлар кўчасига кириб қолишди. Аммо сўнгги пайтларда “Локомотив” ва “Пахтакор”ни мағлуб этишни уддалашди.

Сўнгги ўйинларда пойтахтнинг гранд клублари Қашқадарёга борганида мағлубиятга учраб қайтмоқда. Бунинг сабаби нимада?

- Тошкент жамоалари бу мавсум Қашқадарёда анча қийналишмоқда. Деярли ҳавфли вазиятлар яратишмаяпти. Лекин нима учун бундай бўлаётганини билмайман. Балки, бизда кўпроқ тандир гўшти ейилгани учундир? Яна ким билади (кулади).

Сиз олий лига-2017да қайси легионерни кучли деб ҳисоблайсиз?

- Менимча энг яхши легионер Драган Черан бўлса керак. Бу нафақат мен, балки бошқа ўйинчилар учун ҳам. Қолган хорижлик футболчилар борасида ундай дея олмайман.

Энг яхши маҳаллий футболчи қайси?

- Ҳозирда Марат Бикмаевга етадигани йўқ. Олий лига, ОЧЛ ва миллий терма жамоада ўзини кўрсатмоқда. Кейин Олиг Затеев ҳам яхши ҳаракат қилмоқда.

Бу йил ким чемпион бўлади деб ўйлайсиз?

- “Локомотив” чемпион бўлса керак. Аммо ўзим “Насаф” бош совринга эга чиқишини истайман.  

Кучли учликни олдиндан башорат қила оласизми?

- “Локомотив”, “Насаф” ва “Олмалиқ”.

Ўзбекистондаги энг кучли дарвозабон?

- Игнатий Нестеров. Чунки бўйи ҳам унчалик узун эмас. Менга ўхшаган.

Ёшликдан қайси дарвозабоннинг ўйинларини кузатгансиз?

- Мен олдиндан Икер Касильяснинг ўйинларини кузатиб келаман. Шунингдек Уго Льориснинг ҳам ҳаракатлари анча яхши.

Санжар ака вақтингизни аямасдан ташриф буюрганингиз учун раҳмат. Сизнинг клуб ва ҳаётдаги ишларингизга омад тилаб қоламиз. Терма жамоада ўйнаш орзуингиз ушалишига тилакдошмиз.

- Раҳмат сизларга ҳам. SPORTS.uz ижодкорларига ҳам омад тилаб қоламан.

Бекзод ИСАЕВ суҳбатлашди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!