Сервер Жепаров: ОЧЛ-2017да ярим финалга қадар боришни кўзлаяпмиз

Биласиз, бугун қитъамиздаги клублар миқёсидаги энг нуфузли мусобақа саналадиган Осиё Чемпионлар Лигаси 2017 мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Қуръа натижаларига кўра, мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони – Тошкентнинг “Локомотив” клуби мусобақаданинг “А” гуруҳидан ўрин олди ва "Ал Аҳли" (БАА), "Ал Тавун" (С. Арабистони) ҳамда Плей-офф 3 ғолибига қарши баҳс олиб бориши ойдинлашди. 

“Темирйўлчилар” жамоаси аъзоси Сервер Жепаров клуб матбуот хизматига қуръа борасидаги фикрларини билдириб ўтди. 

- Қуръага кўра биз ўрин олган гуруҳга у қадар кучли жамоалар тушмади. Айтмоқчиманки, ўйнаса ва ютса бўладиган жамоалар билан бир гуруҳдан жой олдик. 

Лекин рақибларни менсимаслик ва уларга етарлича баҳо бера олмаслик панд бериб қўйиши ҳам мумкин. Сабаби ҳозирда Осиё Чемпионлар Лигасида кучсиз жамоалар йўқ. Хатто ўз мамлакатида 2 ёки 3-ўринларни эгаллаган ҳолда Чемпионлар Лигасига чиқадиган жамоалар ҳам ёмон ўйин кўрсатишмаяпти. 

Лекин ушбу гуруҳдан чиқа олишимизга кўзим етяпти. Агар янги мавсумга яхши ҳозирлик кўрсак, албатта ўз мухлисларимизни чиройли ғалабалар билан хушнуд этамиз. 2017 йилда камида ярим финалга қадар етиб боришни кўзлаяпмиз. Ўйлашимча, “Локомотив” ушбу таркиб билан бу вазифани уддалай олади, - дейди тажрибали ярим ҳимоячи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!