Суперлиганинг 7-туридан бошлаб ҳар турда стадионларга ташриф буюрган энг фаол мухлисларга ЎФА томонидан бепул тўплар тақдим қилинади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси томонидан юртимизда футболни ривожлантириш, миллий чемпионатимиз савиясини ошириб, стадионларга мухлисларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, миллий чемпионатимиз баҳсларини томоша қилиш учун стадионларга ташриф буюраётган мухлисларни хурсанд қилиш, айниқса, ёш болакайларда футболга бўлган меҳрни янада ошириш мақсадида, турли акциялар, тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.   Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Ушбу мақсадда стадионларда турли аттракционлар, овқатланиш шаҳобчалари, футболга оид эсдалик совғалар, спорт либослари сотиладиган дўконлар барпо қилинади. 

Шунингдек, Суперлиганинг 7-туридан бошлаб ҳар турда учрашувларни томоша қилиш учун стадионга келган энг фаол мухлисларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Суперлига клублари футболчиларининг имзоси туширилган бепул тўплар тақдим қилиб борилади. 

Мухлислар ушбу тўпларни клубнинг машҳур футболчиларидан қабул қилиб олиб, улар билан бирга суратга тушиш имкониятига ҳам эга бўлишади. 

Суперлига баҳсларини томоша қилиш учун стадионларга ташриф буюринг, ўз севимли жамоангизни қўллаб-қувватланг ва ажойиб футбол тўпларига эга бўлинг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!