Терма жамоамизнинг иштироки Даврон Файзиев нигоҳида

Миллий терма жамоамиз нимчорак финал масаласини муддатидан олдин ҳал қилиб қўйди. Уммон ва Туркманистонга қарши кечган учрашувлар шуни кўрсатдики, жамоамиз кутилганидек ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпти. Маълумки, терма жамоамизни бевосита воқеа жойидан кенг ёритиб бориш мақсадида Ўзбекистондан бир қатор журналистлар ҳам БААга етиб келган ҳолда ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришяпти. Мухлисларимизга яхши таниш бўлган, тажрибали журналистларимиздан бири, «УзРепорт» телеканали шарҳловчиси Даврон Файзиев ҳам терма жамоамизни Осиё Кубогидаги мусобақада бевосита жойидан туриб ёритиб бормоқда. Футболчиларимизнинг иккита ўйинидан сўнг Даврон Файзиев ўзининг фикр-мулоҳазалари ва таҳлиллари билан ўртоқлашди.

- Терма жамоамиз Уммон ҳамда Туркманистонга қарши ўйинларда ўзи учун керакли ғалабаларни қўлга киритиб, муддатидан аввал нимчорак финал масаласини ҳал қилди. Мазкур иккала учрашув ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Бунгача ўз чиқишларимда ҳам айтиб ўтгандим, биринчи турда ҳамма жамоаларга, жумладан турнир фаворитлари учун ҳам қийин кечди, айниқса, терма жамоамизга. Бизнинг жамоамиз бевосита мусобақа олдидан ҳамма учун ўз эшикларини ёпди. Яъни, энг сўнги тайёргарлик босқичини яширинроқ тарзда ўтказди. Ана шунда кўпчилик Эктор Куперда янгича услуб бор деб ўйлашди. Бироқ биринчи ўйинда унинг янгича услубини кўрмадик. Хатоларимизни ўз ичига олган учрашувда уч очкони қўлга киритганимиз биз учун катта плюс бўлди. Чунки Уммон терма жамоаси яхши ўйин кўрсатганди ва очко олишга ҳам лойиқ эди. Аммо, кўпинча жамоаларнинг савиялари ўз имкониятларини қанчалик фойдаланишда билинади. Айтмоқчиманки, ғалабамизнинг замирида барибир жамоалар ўртасидаги савиянинг фарқи ётибди. Биринчи ўйинни қанчалик оғир ўтказмайлик, айни дамда биз Уммондан кучли эканлигимизни кўрсатдик. Туркманистонга қарши учрашувда эса терма жамоамиз бутунлай бошқача ўйин кўрсатди. Футболчиларимиз ўз кучларига бўлган ишончини намойиш этишди. Туркманистон дастлабки 15 дақиқада яхши ўйнади. Мана шу вақт оралиғида улар жарима майдончамиз атрофида баъзи қийинчиликларни ҳам юзага келтиришди. Аммо у ёғига футболчиларимиз майдонни яхшироқ ҳис қилиб олишганидан сўнг ўйинни ўзлари назорат қилишди. Бизда шундай ҳужумкор футболчилар йиғилганки, улар тўп билан ишлашни яхши кўришади. Биз эса бундан албатта фойдаланишимиз керак. Купер ҳам вақт ўтган сари бу нарсани тушуниб етади деган фикрда эдим ва ҳозирги кунга келиб буни тушуниб етди деб ўйлайман. Туркманистонга қарши учрашувда йигитларимиз бемалол ўйнашди. Хоҳласа дриблинг қилишди, хоҳласа пас беришди, хоҳласа тўпни ўзида сақлаб туришди. Бунинг натижасида терма жамоамизнинг ўйинида чирой пайдо бўлди. Шу боис ўйиндан завқ олишни бошладик. Айниқса, биринчи тайм мукаммал тарзда ўтди. Иккинчи бўлимда эса жамоамиз тежамкарроқ ўйнашни бошлади. Фақат биз учун битта минус томони бўлди. Рақибни 4:0 ҳисобида ютиб турган пайтимизда, биз учун ҳеч қандай хавф йўқ пайтда, Анзур Исмоилов майдон марказига яқин бўлган жойда сариқ карточка ишлаб олди. Бизнинг 100 фоизлик асосий ҳимоячимиз битта сариқ карточкалик ҳолатга «осилиб» қолди. Агар у яна битта сариқ карточка олса, кейинги беллашувни ўтказиб юборади. Навбатдаги ўйинлар қийинлашса қийинлашиб борадики, аммо осон учрашувлар бўлмайди. Япония билан ўйингача гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилган бўлсак-да, аммо турнирда узоқроққача боришни истаган бўлсак, унда албатта Япониядан очко олишимиз керак. Ўшанда биз гуруҳни биринчи ўрин билан тугатамиз. Ана шунда кейинги босқичда Австралиядан қутулиб қоламиз. Чунки бу терма биз учун ноқулай рақиб. Хуллас, келажакни ўйлаб стратегиялар тузадиган бўлсак, Анзур хато қилди. Лекин энди у эхтиёткорлик билан ўйнаши керак бўлади. Аслини олганда, Анзур ўйин бўйича хато қилмади, шунчаки ўша вазиятда қўпол ўйнаш шарт ҳам эмасди. Қолаверса, ҳакам ҳам сариқ карточка кўрсатмаса бўлаверарди. Чунки ўшанда Исмоилов тўпга ўйнаганди. Япониядан голлар нисбати бўйича ўзиб кетганимиз янада қўшимча плюс бўлди. Энди учинчи турда дуранг ҳам бизнинг фойдамизга ишлайди. Битта ўйин мисолида айтадиган бўлсам, бу сафар ўсиш бўлди.

- Япония билан ўйинда нимани кутяпсиз?

- Менимча, бир-иккита позицияда Эктор Купер ўзгариш қилса керак. Бусиз иложи йўқ. Қайсидир футболчи чарчаган ёки мушакларида оғриқ сезилган бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда кўп кўрганмизки, агар муддатидан олдин гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалашган бўлса, учинчи турга келиб таркибда ротация қилишади. Лекин бу японларга қарши ғалаба учун ўйнамаймиз дегани эмас. Қайтанга ҳозирги ҳолатда захирадаги футболчиларимиз хавфлироқ бўлишади. Яна битта масала очиқ қоляпти: Бикмаев ёки Шомуродов? Элдор кетма-кет голлар урди. Агар Маратни японларга қарши ўйинда туширса у майдонни «ғажишга» тайёр. У ўзи учун кафолатланган асосий таркибдаги жойи қўлидан чиқиб кетаётганини қайтариб олиш учун гол уришга чанқоқ. Шахсан мен Купернинг ўрнида бўлганимда Бикмаевни майдонга туширган бўлардим. Шунингдек, Икром Алибоевни ҳам асосий таркибда кўрсак яхши бўларди. Шу билан бирга Даврон Ҳошимов ҳам кейинги учрашувда асосий таркибда тушса керак.

- Ҳозирги пайтда аксарият жамоалар гуруҳ баҳслари давомида кейинги босқич учун математик томондан ҳисоб-китоб ишларини қилишяпти…

- Кўп кузатганманки, мана шундай математика билан шуғулланган жамоалар ўйин темпини йўқотиб қўйишади. Биз ўйин тезлигимизни янги босқичга олиб чиқдик. Японлар билан ҳам мана шундай темпда ўйнаймиз деб умид қиламан. Агар пасайиш бўлса, тикланиб олиш қийин бўлади. Мабодо, ютқазсак, кейин яна ғалаба ритмига қайта оламизми-йўқми, қийин бўлади. Шу боис Японияга қарши учрашувда ҳам максимал равишда ғалабага интилсак керак.

- Реал кўз билан қарайдиган бўлсак, терма жамоамизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Менимча, биз бу гуруҳда реал вазиятни кўра олмаймиз. Сабабини тушунтираман. Биринчи учрашувда биз ҳали жамоа сифатида шаклланмагандик. Иккинчи учрашувда Туркманистонга қарши савиямиз баланд эди ва бу нарса ўйинда кўринди. Учинчи турда эса Японияга қарши ҳамма нарса ҳал бўлган паллада ўйнаймиз. Ҳаттоки, ўша японлар билан учрашувда ҳам бизда максимал даражада мотивация бўлмаслиги мумкин. Асосий кучимизни кўрсатиб берадиган ўйин эса плей-офф бўлади. Ўзбекистон терма жамоасининг қанчалик салоҳиятга эга экани ҳақида фикр билдиришим учун аввало плей-офф учрашувини кўришим керак. Лекин шуни алоҳида айтишим керакки, Ўзбекистон терма жамоасидан умидимиз катта ва яхши ниятлар билан футболчиларимизни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
14/01/2019 12:26
Осие кубошидан кейин ёш футболчиларимиз учун кучли чемпионатларга кетиш учун яхши имконият.
&
Лео Месси
14/01/2019 13:31
100% қўшиламан..Мана уларга ўзларини кўрсатиш учун катта имконият. Шундан фойдаланиб кетишсин катта клубларга..Бироқ, бунинг учун катта меҳнат қилиш керак, битта ўйинда эмас, барча ўйинларда ўзларининг энг юқори ўйинларини кўрсатиши керак
&
darwesh
14/01/2019 12:18
Бикмаев бир тайм уз даражасида уйнаб берса, японлар кийналади.
&
Лео Месси
14/01/2019 13:31
Марат ва Шомуродовни бир вақтнинг ўзида ўйнатиб кўрса яхши бўларди Купер жаноблари
&
14/01/2019 23:57
Унда химояланиш кийин буладида
&
darwesh
14/01/2019 12:17
Бикмаевда мотивация юкори булиши мумкин, лекин ёши анча катта. Физиологияни алдаб булмайди
&
Лео Месси
14/01/2019 13:33
Менимча 33 ёш у қадар катта эмас..ҳали 3-4 йил бемалол ўйнаса бўлади. Марат ЖЧ-2022га ҳам боради ҳали