Усмон Тошев: Кимга нечта гол уришимизнинг фарқи йўқ, муҳими ғалаба

Олий лигага қайтиш учун жиддий тарзда курашаётган “Андижон” клуби сафарда “Машъал-2” ва “Нурафшон” жамоалари билан беллашган ҳолда навбатдаги ғалабаларга эришиб, очколарни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Лекин Усмон Тошев жамоаси учун меҳмондаги беллашувларда ғалабаларга эришиш осон бўлгани йўқ. Лекин улар аста-секин ўз мақсади сари яқинлашиб бормоқда. 2-ўринга кўтарилиб олган андижонликлар қолган барча учрашувларда ҳам максимал натижага эришишга жиддий бел боғлашган. Шу фурсатдан фойдаланган ҳолда “Нурафшон”га қарши учрашувдан сўнг “Андижон” бош мураббийи Усмон Тошев билан суҳбатда бўлдик.

- Авваламбор, “Нурафшон” устидан қозонилган ғалаба билан табриклайман. Ўйин ҳақидаги таассуротингиз қандай?

- Таассуротларим ҳар доимгидек. Ушбу учрашувда иккинчи бўлимда ўйинимиз яхшиланди. Биз 2-ўринда эдик, рақиб жамоа охирги поғоналардан бирида бораётганди. Барибир шу нарса футболчиларнинг учрашувга бўлган муносабатида сезилди. Йигитларга ким билан ўйнашимиздан фарқи йўқлигини, муҳими ғалаба учун борини бериб ўйнашларини ҳар қандай ғалаба учун уч очко берилишини алоҳида тушунтирдим. Танаффус пайтида айтган гапларимни йигитлар тушунишди. Шу боисдан иккинчи бўлимда ўйинимиз жонланди. Гол урганимиздан кейин ҳам бир нечта яхши имкониятларга эга бўлдик. Албатта гол урилган вазиятда йигитларимиз ажойиб ҳаракат қилишди. Фирадавс Асадов ўз услубига хос тарзда тўпни дарвозабоннинг устидан ташлаб қўйди. Айрим муаммолар борки, уларни бирданига еча олмаймиз. Бунинг учун вақт керак. Қишки йиғин чоғида уларга албатта ҳаммасини яхшилаб тушунтирмасам бўлмайди. Чунки бизда тактик хатоларимиз кўп. Негаки, футболчилар бошқа мураббийларнинг қўлида бўлишган. Шу боис ҳозир уларга қаттиқ гапириб уқтиришнинг фойдаси йўқ. Ҳозир эса танлаган йўлимиздан кетаверамиз. Худога шукр, ютишда давом этяпмиз. Боз устига бу турда бошқа рақибларимиз ҳам ютқазишибди.

- “Машъал-2” ва “Нурафшон”га қарши учрашувларда жамоа қийин ғалабаларга эришди. Умуман, сафардаги беллашувларда “Андижон” қийинчиликларга дуч келяпти. Бу нима билан боғлиқ?

- Нима билан боғлиқ эмас. Нима учун қийин бўлмаслиги керак? Мана, ундан олдинги учрашувларда тўрттадан гол урдик. Ўшанда сизга айтгандим, менга нечта гол уришимиз аҳамиятли эмас. Муҳими, ўйинимизнинг сифати керак дегандим. Аслида эса тўрттадан гол урган учрашувларимизда ҳам биз осон ғалабаларга эришмагандик. Асабий ўйинларни ўтказдик. Тўғриси, мен кўрадиган хатолар кўп. Агарда хатоларимиз камайса жуда яхши бўлади. Шунчаки, ўйинларда кимгадир битта, кимгадир тўртта, яна бошқасига иккита гол уряпмиз. Яна қайтараман, кимга нечта гол уришимизнинг фарқи йўқ. Асосийси, ғалаба. Ҳеч бир ўйин осон ўтмаётганини унутмаслик керак. Тўғри, қонун-қоида ва тартиб билан ўйин кўрсатиш ҳамма жамоалардаги мавжуд муаммо саналади. Албатта, тартибсиз ўйнаб бир-иккита гол урган ҳолда ютиш мумкин, аммо бунақаси бир ёки икки марта бўлиши мумкин. Бизни танлаган йўлимиз катта ва жиддий. Аста-секин ўйинимиз билан ўзимизни юқори лигага тайёрлашимиз керак. Бизга қандай натижа билан ютишимизнинг аҳамиятий йўқ, муҳими менга сифатли ўйин керак. Сафарда иккита учрашувда ғалаба қозондик ва бу осонлик билан қўлга киритилмади. Энди навбатдаги турларни ўз майдонимизда ўтказамиз ва ушбу беллашувлар ҳам биз учун қийин кечади. Биз келгуси ўйинларимиз энди осон ўтади деган фикрда эмасмиз, аксинча яна шу тарзда қийин ўтади. Тўғри ўйнаймиз десак, демак, мана шундай қийинчиликларни енгиб ўтишимиз керак.

- “Нурафшон”га қарши учрашувда ҳам биринчи бўлим ўрталарида Анвар Бердиевни алмаштириб юбордингиз. Бу ушбу ҳужумчининг ўйини қовушмаётгани билан боғлиқми ёки бошқа сабаби борми?

- Мен у билан ҳар доим гаплашяпман. Бердиевда босим борми ёки ҳаяжонми, нимагадир ўйини кўнгилдагидек чиқмаяпти. Лекин уни асосий таркибда майдонга туширишимнинг маъноси шундаки, шериклари унинг борлигини сезиб янада ишончли ўйнайдилар. Тўғри, Анварнинг тезлиги у қадар катта эмасдир, аммо унинг майдондалигининг ўзиёқ жамоадошларига ўзига бўлган ишончни уйғотади. Майли, Бердиев гол урмасин, бироқ унинг учун бошқалар гол уряпти. Бердиевни жамоага қўшаётган ҳиссаси катта. Йигитларни бирлаштиришда ҳам унинг ҳиссаси беқиёс. Югурса ёки гол урса кейин яхши футболчи деб ҳисоблаш бу нотўғри. Майдонда ҳам, майдондан ташқарида ҳам шерикларини қўллаб-қувватлаб бир мақсад йўлида бирлаштиряпти. Бердиевнинг фаолиятини якунлашига оз қоляпти, шундай экан, бундай ўйинчининг хизматидан максимал даражада фойдаланишимиз лозим. Биласизми, унга ўхшаган ўйинчилар жуда кам. Ростгўй, ёлғон гапирмайди, меҳнатсевар, очиғи “тоза” ўйинчи. Бундай футболчилар нафақат бизнинг жамоамизда, балки футболимизда ҳам кўпайишининг тарафдориман.

- “Обод” клуби олий лигадан четлатилди. Бу ҳолатга сизнинг муносабатингиз қандай?

- Мен ҳали бу хабарни ўқимадим. Клуб раҳбари Жаҳонгир Мадихонов менга шу ҳақида айтди. Қизиқ, бунинг сабаби нима?

- Сабаби, “Обод”нинг ПФЛдан бадал пулини тўлаш борасида қарздорлиги ҳали ҳам мавжуд. Қолаверса, унинг ижросидаги иккита ўйин шубҳа остига олинган.

- Биласизми, мен ўйлайманки, Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбариятининг футболга қаратаётган қаттиқ эътибори туфайлидир. Улар шундай қарор чиқаришдими, демак, бу оддий нарса эмас. “Обод”нинг четлатилганидан кейин балки энди келишилган ўйинлар йўқолиб кетар. Тўғри, “Обод”да ҳам яхши йигитлар бор эди. Бироқ футболимиз раҳбарияти ўз қарорини эълон қилдими, демак улар тўғри йўл тутишган.

- “Обод”нинг четлатилиши биринчи лигадаги вазиятга таъсир кўрсатиши мумкинми? Масалан, футболчилардаги масъулиятнинг бўшашига туртки бермасмикин?

- Қанақа енгиллик? У олий лига бўлса, биз ҳали биринчи лигадамиз. Сиз нима демоқчисиз? Агар “Обод” йўқ бўлса, биринчи лигадан яна битта клубни олий лигага чиқиши содир бўлади, деган қабилида айтяпсизми?

- Шунчаки, мана шу вазият футболчиларни бўшаштириб юбормайдими?

- Биз ҳали регламент қандай бўлишини билмаймиз. Яъни, олий лигага чиқиш йўлимиз қандай бўлишини тўлиқ айта олмаймиз. Масалан, иккита жамоа чиқадими ёки учинчи жамоа ўзаро плей-оффда ўйнайдими? Очиғи, билмаймиз. Асосийси, биз ишлашда ва ўз кучимизни кўрсатиб ўйинларда ғалаба қозонишга қаратишимиз керак. Албатта, агарда “Обод”нинг четлатилиши бизга фойдали бўлса жуда яхши. Лекин нима бўлганда ҳам қолган барча учрашувларда ютишимиз шарт.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!