“Хотира-79” Бухоро сафаридан четда қолди. Клуб жар ёқасида

Про-Лига 22-туридан жой олган “Лабса” — “Хотира-79” жамоалари ўртасидаги учрашув ўтказилмайди. Бунда мезбонларга техник ғалаба, меҳмонларга техник мағлубият ёзилади. 

Уйчи туманининг “Хотира-79” клуби ёзги трансфер ойнаси вақтида Профессионал футбол лигасига ташриф буюриб, клубдаги мавжуд вазият бўйича ҳисобот топширган ва барча қарздорликдан 20 август санасига қадар халос бўлиш кафолатини берганди. Шунга қарамай, “Хотира-79” ўз зиммасидаги вазифани бажара олмади. 

Ўз навбатида “Хотира-79” клуби раҳбарияти ҳам ПФЛга мурожаат билан чиқиб, жамоа аъзолари Бухорога бора олмаслигини маълум қилди. Хатда клубдаги муаммоларга туман ҳокимининг алмашиши сабаб сифатида кўрсатилган. 

Про-Лиганинг 23-тур учрашувлари 26—27 август кунлари ўтказилади. Юқоридаги каби ҳолат яна бир бор такрорланса, “Хотира-79” клуби чемпионат билан хайрлашади. 

Ўз олдига ҳеч қандай мақсад қўя олмайдиган ва фақатгина бугунги куни билан яшайдиган клублар билан чемпионат савиясини кўтариш қийин. Келаси йилдан бошлаб бу каби жамоалар формати ўзгарадиган 2-лига мусобақаларида иштирок этиши мумкин. Про-Лигада эса Суперлиганинг минимал талабларига жавоб бера оладиган клубларгина қолдирилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!