Абдужамол Исроилов: “Нефтчи”нинг муваффақиятларига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман
Ads

Яқинда Ўзбекистон ёшлар  U-22 терма жамоаси сафидан “Нефтчи” ихтиёрига етиб борган Абдужамол Исроилов айни пайтда жамоа машғулотларида иштирок этмоқда. Куни кеча футболчи “Қўқон-1912″га (3:1) қарши ўртоқлик беллашувида майдонга тушди ва мазкур ўйинда гол уришга ҳам эришди. Баҳсдан сўнг “Нефтчи” матбуот хизмати Исроилов билан интервью уюштирди.

– Абдужамол, биринчи ўринда терма жамоамиз билан биргаликда Осиё чемпионатига йўлланма олганингиз билан табриклайман. Турнир тафсилотлари билан ўртоқлашсангиз? 

– Табрик учун раҳмат. БААда қизиқарли турнир бўлди. Шу билан биргаликда қийин ва мураккаб беллашувларда иштирок этдик. Саралашда қатнашган хар бир жамоа турнирга юқори тайёргарлик билан келгани билиниб турарди. Эришган натижамизда мураббийларимизнинг ҳиссаси катта бўлди.  Уларнинг тўғри тактика танлай олиши муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек бир жамоа бўлиб хамжиҳатликда ҳаракат қилдик.

– Яна Сизни “Нефтчи”да кўриб турганимиздан хурсандмиз. Тошкент йиғин қандай кечмоқда ?

– Машғулотларга қўшилганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Барчаси профессионал даражада йўлга қўйилган. Ҳамма қатори таркибдаги янги футболчилар ҳам қаттиқ тер тўкиб меҳнат қилишмоқда. Тажрибали ижрочилар эканлигини кўриниб турибди.

– Иккинчи даврадан нималар кутяпсиз ?

– Иккинчи даврада “Нефтчи”ни юқори ўринлар учун курашишида ёрдам бермоқчиман. Фарғонада футболга бўлган меҳр барибир бошқача!  Мухлислар хар доим ўз севимли клубидан ғалаба кутади. Биз ҳам иккинчи даврадан яхши натижалар қайд этиб, “Нефтчи” мухлисларини хурсанд этмоқчимиз.