АГМК Миржалол Қосимовни бош мураббий сифатида футболчиларга таништирди

"Олмалиқ КМК" бошқаруви раисининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Улуғбек Фаязов жамоа аъзоларига янги мураббийни таништирар экан қуйидагиларни айтиб ўтди.

photo_2018-12-24_17-49-54

"Олмалиқ КМК" раҳбарияти, кўп минг сонли комбинат ходимлари, бутун Олмалиқ аҳли жамоадан 2019 йилги мавсумда юксак натижаларни кутмоқда. Бу йил жамоада ишлаган Бахтиёр Ашурматовга раҳбарият миннатдорчилик билдиради. Унинг мураббийлик фаолиятида омад тилаймиз. АГМК биргина кубок баҳсида ғолиб бўлиш билан чекланиб қолмайди. Жамоа олдига янги мавсумда фақат ва фақат юқори натижаларга эришиш вазифаси қўйилди.

Юксак марраларни забт этиш учун, биринчи навбатда жамоани ҳар томонлама кучайтириш лозим. Шу сабабли, раҳбарият жамоага футболдаги фаолияти давомида кўплаб ютуқларга эришган, халқаро майдонда ҳам ижобий натижалар қайд этган, тажрибали мураббий Миржалол Қосимовни АГМК жамоасига таклиф этди. Ўтказилган музокаралардан сўнг, Миржалол Қўшоқович бизнинг таклифни қабул қилди. Ўйлаймизки, бу Олмалиқ шаҳри учун ажойиб янгилик бўлади. Таниқли мутахассис ўз билимлари билан шаҳримиз жамоасини янада юксалишига ва кўплаб ютуқларни қўлга киритишига ўз ҳиссасини қўшади. Миржалол Қўшоқовичга жамоани ишонч билан топширамиз. Ва раҳбарият томонидан қанақа ёрдам керак бўлса, барчасига тайёрмиз".

Шундан сўнг, Улуғбек Набижонович сўз навбатини Миржалол Қосимовга берди.

Миржалол Қосимов: - Авваламбор АГМК раҳбариятига таклиф учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мураббийлик иши шунақа. Баъзида ўзгаришлар кузатилади. Ман ҳамкасбим Бахтиёр Ашурматовни яхши биламан, биз мураббийлар ўртасида ҳурмат ҳамиша сақланиб қолади. Ашурматовнинг кейинги мураббийлик фаолиятига омад тилайман. Нима дейишим мумкин, АГМК янги мавсумда ўз олдига юқори мақсад қўйганлигини Улуғбек Набижонович айтиб ўтдилар. Шундай экан барча бир жамоа бўлиб ишлаш керак. Майдонда футболчилар тўп суришади. Улар учун барча шароитни яратиш ва ҳар бир ходим ўзига юклатилган ишни сидқидилдан бажарса натижа ҳам келаверади. Вақт оз қолмоқда, раҳбарият томонидан ишонч билдириляптими, бунга муносиб жавоб қайтариш лозим. Тайёргарлик режасини тез орада ҳавола этамиз. Менга барчангизга яхши таниш бўлган мураббийлар Александр Волков, Ҳикмат Эргашев, Хайрулла Каримов ва Павел Бугалолар кўмаклашишади.

Шундан сўнг, жамоа бош директори Мухтор Қурбонов сўз олиб, футболчилар учун барча шароит муҳайё этилишини, ўз навбатида футболчилар ҳам мазмунли ва шиддатли ўйинлари билан стадионга келадиган мухлисларга қувонч улашишлари лозимлигини ҳам айтиб ўтди.

АГМКнинг дастлабки ўқув-йиғини 30 декабрга қадар давом этади. Таркибдаги ўзгаришлар борасида энг тезкор янгиликларни сайтимизда кузатиб боришингиз мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
25/12/2018 11:07
Энди Бунедкорни ярми олмаликка утади, агмк чемпионликка даъвогар