"Ал Вахда" бош мураббийи: Олдинда яна 5 та ўйинимиз бор

Бугун Тошкентнинг “Локомотив” клуби ўз майдонида БААнинг “Ал Вахда” клубини қабул қилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Ал Вахда” бош мураббийи Лауренциу Регекампф иштирок этди ва учрашув борасидаги фикрларини билдириб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

“Учрашувни 5:0 ҳисобида якунлаганимиз жудаям ёмон ҳолат бўлди. Буни шармандали мағлубият деб аташдан йироқман. Лекин биринчи бўлимда икки-учта ҳавфли вазиятларни яратишнинг имконини топдик. Бироқ улардан унумли фойдалана олмадик. Натижада бир нечта кутилмаган голларни ўтказиб юбордик. Умид қиламанки, “Локомотив”га қарши кечадиган кейинги учрашувда йирик ҳисобда мағлуб бўлмаймиз. Ўша ўйинга қадар яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қиламиз.

Умуман “Ал Вахда” учун ҳар бир мусобақа – ОЧЛ ҳам БАА Про-лигаси ҳам муҳим турнир саналади. Олдинда яна бешта ўйинимиз бор. Шу сабабдан фақатгина бугунги ўйинни кўриб, хулоса чиқармаган маъқул. Қолаверса, етакчи футболчиларимизнинг йўқлиги ҳам билинди. Қолган футболчиларимиз эса бугун уларнинг ўрнини боса олмади.

Менда биринчи ёки иккинчи дарвозабон деган тушунча йўқ. Бизнинг таркибдаги ҳар иккала дарвозабоннинг ҳам кучи бир хил даражада. Фақат бугун бироз омадимиз келмади.

Бундай учрашувлар бўлиб туради. Ҳар доим ҳам жамоа ғалаба қозонавермайди. Шундай вазиятлар бўлдики, бизнинг жамоа 15 талаб ўйинни мағлубиятсиз ўтказишди. Шу боис, футболчиларимни танқид қилмоқчи эмасман. Келгуси учрашувларда биз тепган зарбалар ҳам гол бўлишини истайман. “Локомотив”ни эса бугунги ғалаба билан табриклайман”, – деб айтиб ўтди руминиялик мутахассис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!