Александр Мочинов Қатар сафаридан кейин нималар деди?
Ads

 

Александр Мочинов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Доҳа шаҳрида ўтказилган йиғин давомида Қатар ёшларига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Терма жамоа бош мураббийи ушбу ўртоқлик учрашуви орқали Тожикистонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати саралаш баҳслари олдидан терма жамоага чақирилган футболчиларни яна бир бор синовдан ўтказди. Жамоа бугун тонгда Тошкентга учиб келди.

“Бундай учрашувлар ва йиғинларни ташкил этишда ёрдам бераётгани учун ЎФФ раҳбариятига миннатдорчилик билдираман”, – деди Александр Мочинов ЎФФ матбуот хизматига. “Бу учрашувлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яна бир бор текшириш учун ажойиб имкониятдир. “Қатар сингари Осиёнинг етакчи ва кучли жамоаларига қарши ўйинлар орқали биз саралаш баҳсларига муносиб тайёргарлик кўришни режалаштирганмиз. Учрашув жуда қизиқарли ҳамда кескин тарзда кечди. Ғалаба ва иштиёқ учун футболчиларга раҳмат. Шунингдек, яратилган шароитлар учун Қатар Футбол Уюшмасига ташаккур билдирмоқчиман”.

Маълумот учун, шу йилнинг 30 октябрь – 8 ноябрь кунлари U-19 Осиё чемпионатига саралаш босқичи ўйинлари ўтказилади. “B” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ОЧ йўлланмаси учун мезбон Тожикистон, Шри-Ланка, Бангладеш ва Мальдив оролларига қарши майдонга тушади.