Алишер Азизовнинг Бангладешдаги фаолияти қандай кечмоқда?
Ads

Иқтидорли ҳужумчи Алишер Азизов ҳозирги пайтда Бангладеш чемпионати фаолият олиб бораётганидан хабарингиз бўлса керак. Футболчи маҳаллий “Шейх Руссел” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ҳозиргача ҳамюртимиз Бангладеш Кубогида бешта, ички чемпионатда эса тўртта гол урди. Футболчи билан мулоқот чоғида у ердаги ҳаёт ҳақида шундай деди:

Бангладешдаги ҳаётимиз ҳозирги пайтга келиб анча яхши. Тўғриси, у ерда ҳамма ҳам бир хил ҳолатда эмас, маҳаллий аҳоли ўртасида камбағалликда ҳаёт кечираётганлари кўп. Лекин клуб биз футболчилар учун шароитларни яхшилаб берган. Айниқса, биз учун алоҳида ҳудудни ажратиб, у ерда фақат футболчилар истиқомат қилиши учун ҳамма имкониятларни яратиб беришган. Муҳит ҳам яхши. У ерда асосан мусулмонлар яшаётгани боис масжидлар кўп. Шу боис Бангладеш ҳаётига мослашиб кетдим. Ҳар холда бу ерда фаолият олиб бораётганимга беш ой бўлди. Аммо Бангладешнинг маҳаллий таомлари менга ёқмайди. Мен аччиқ овқатларни истеъмол қила олмайман. Булар эса асосан аччиқ овқат ейишади. Шунинг учун биз ўзимизнинг ошпазга буюртма бериб овқат тайёрлатамиз. Шароитдан келиб чиққан ҳолда асосан макарон, гуруч, балиқ истеъмол қиламиз. Бизнинг жамоамиз олдига қўйилган мақсад фақат чемпионлик. Мамлакат Кубогида финалгача бордик. Чемпионатда эса иккита жамоа ютқазмасдан кетмоқда. Улардан бири бизнинг жамоа.

Бангладеш футболига келсак, унинг савияси қандайлигини биласиз. Лекин бу ерда футболга бўлган эътибор зўр. Раҳбарлар футбол учун катта пуллар сарфлашиб, уни ривожлантириш ҳаракатида юришибди. Улар шундай йўл тутишяптики, ўз вақтида жаҳон чемпионатларида тўп сурган легионерларни чақириб, уларга яхши пул беришяпти ва бу билан маҳаллий чемпионат ва ўйинчиларининг савиясини ўстиришда улардан фойдаланишяпти. Айтмоқчиманки, легионерларга жуда катта эътибор қаратиляпти. Чемпионат савияси эса Қирғизистон, Тожикистон каби чемпионатларникидан анча кучли. Масалан, ҳар бир клубда пул бор. Қолаверса, жамоаларнинг тўрттадан легионерлари бор. Легионер бўлганда ҳам улар шунчаки хорижлик ўйинчилар эмас, ўйин савияси ва сифати анча юқори бўлган легионерлар келиб ўйнашяпти. Бразилия, ЖАР, Гана, Нигерия, Коста-Рика, Марокаш ва яна бошқа давлатлардан келган футболчилар бор. Ҳаттоки, ўтган йили жаҳон чемпионатида иштирок этган коста-рикалик, марокашлик футболчилар ҳам Бангладеш чемпионатида тўп суришяпти. Тан олишим керакки, бу ерга келишдан олдин чемпионатнинг савиясини паст деб ҳисоблагандим. Аммо мени ҳайрон қолдиргани шуки, савияси мен ўйлагандан кўра анча яхши экан. Аммо шунга яраша нима учун Бангладеш терма жамоаси кучли эмаслиги мени ҳайрон қолдиряпти.

Ушбу чемпионатда кўплаб легионерлар тўп суришади. Эътиборлиси, Бангладешга келаётган хорижлик футболчилар шунчаки ўйинчилар эмас. Бу ҳақида Азизов шундай деди:

Барибир бу ерда легионерларга ўйнаш осон эмас. Боя айтганимдек, хорижлик футболчиларга жуда катта эътибор қаратишади ва сиздан нимадир кутишади. Шунинг эвазига ҳам улар ҳамма нарсани фақат легионерлардан кутишади. Агар кетма-кет тўртта ўйинда гол уриб, битта учрашувда гол ура олмасангиз, дарҳол нега гол урмаганингиз муҳокама қилинади. Тағин ҳам Ўзбекистон чемпионатида легионерларга ўта жиддий талабларни қўйишмайди. Аммо бу ерда ҳаммаси бошқача. Очиғи, бизда асосан ўртача легионерлар келиб ўйнашади. Бангладешда эса савияси анча юқори бўлган футболчилар тўп суришяпти. Албатта, шунга яраша уларга катта пуллар ҳам тўланади. Аксарият жамоалар ўз ўйинларини асосан хорижлик футболчиларнинг атрофида қуришади. Масалан, бу ерда Австриянинг “Зальцбург” клубида тўп сурган футболчилар келиб ўйнашяпти. Бангладеш чемпионатида жисмоний футболга кўпроқ урғу берилади. Ҳаттоки, ўша легионерлар ҳам олтита тур ўтган бўлса, ҳали бирор марта гол уришмади, улар қийналишяпти. Масалан, Коста-Рика терма жамоасида сардор бўлган футболчи ҳамма жамоада гол уриб, тўпурар бўлганман, аммо шу ерга келиб негадир гол ура олмаяпман деяпти.

Шу билан бирга Бангладеш футболига катта пуллар сарфланаётгани ҳақида Азизов ўз билганларини айтиб берди.

Бангладеш футболида маблағ бор. Айрим клубларда катта ойлик маош беришади. Яна бир-иккита жамоалари эса бундан-да катта пуллар тўлашади. Бангладеш чемпионатида бақувват клублари бор. 5-6 та клубларида эса ўртача ойлик маош тўланади. Яъни, Ўзбекистон чемпионатида легионерларга тўланадиган пуллар берилади. Бу ерда кўтарма пули деган нарса йўқ. Фақат ойлик маошлар юқори даражада. Билишимча, бу ерда маҳаллий футболчилар ҳам яхшигина ойлик олишар экан. Бизда пулларимни ололмаяпман деб бир-бирини устидан ёзишади. Аммо Бангладешда бу борада муаммо йўқ экан, ҳамма ўз пулларини вақтида олади. Йил охирига келиб клублар қарздор бўлиб қолишмайди. Ўйлашимча, клубларга яхшигина ҳомийлар бириктирилган.

Лекин, барибир у ердаги чемпионатнинг савияси борасида саволлар кўп. Ҳар ҳолда қитъамизда Бангладеш футболининг нуфузи борасидаги ишлар мақтагулик эмас. Шундай экан, бундай чемпионатда тўп суриш орқали легионер ўсишга эришиши мумкинми? Шу масала бўйича Алишерга мурожаа қилганимизда у қуйидаги жавобни билдирди.

Ўйин амалиётига жуда муштоқ бўлган футболчи бу ерга келиб ўйнаб кета олади. Фақат ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ. Масалан, бу ерга футболчи сифатида ўсиш учун келдим дея олмайман. Шунчаки, спорт формамни ушлаб турибман. Масалан, олдинги чемпионатларга нисбатан бу ерда ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Энди бошқа чемпионатга борсам ҳам бемалол ўйнаб кета олишимга кўзим етади. Чунки ўзимга бўлган ишонч анча ортган. Бу ерда асосий куч жисмоний тайёргарликка қаратилади. Шунингдек, техник ва тактик футболга ҳам эътибор қилишади. Лекин деярли барча жамоаларнинг мураббийлари хорижлик. Испания, Бразилия, Англия ва яна бошқа мамлакатлардан мураббийларни олиб келишяпти. Масалан, бизнинг жамоамиз бош мураббийи португалиялик. Шу боис клубларнинг ўйинлари ҳам турлича.

Лекин у ерда зерикиш бўлади. Оилангиз бўлмаса, маҳаллий тилини билмасангиз албатта сизга қийин бўлади. Лекин охирги пайтларда ҳар тўрт кунда ўйин бўлаётганига вақт қандай ўтгани унчалик билинмаяпти ҳам. Яъни, ўйинлар билан овора бўлиб, зерикиш ҳам унчалик сезилмаяпти.