Америка қитъасининг энг йирик турнири старт олмоқда. Мусобақа тарихига назар

2019 йилнинг 14 июнидан 7 июлига қадар Бразилияда навбатдаги Америка кубоги бўлиб ўтади.

2017 йилнинг апрель ойида мусобақага ўзгартириш киритиб, фақатгина КОНКАКАФдан эмас, балки бошқа қитъалардан ҳам термалар таклиф этиб, иштирокчилар сонини 16 тагача кўпайтириш муҳокама қилинганди. Аммо 2018 йилнинг май ойида мусобақа аввалгидек, яъни 12 та терма жамоа билан ўтқазилиши эълон қилинди ҳамда Япония ва Қатар термалари иштирок этиши тасдиқланди. Қизиғи, 2019 йилги Осиё Кубоги финалида айнан мана шу икки терма жамоа учрашганди. КОНКАКАФ вакили Мексика Америка кубогидаги 1993 йилдан 2016 йилгача кетма-кет иштирокидан сўнг бу сафар турнирда қатнашмайди. 12 мамлакат термаси учта гуруҳга бўлинган ҳолда баҳслашади:

"А" гуруҳи            "B" гуруҳи          "C" гуруҳи

Бразилия             Аргентина           Чили

Боливия              Колумбия           Уругвай

Венесуэла           Парагвай            Эквадор

Перу                    Япония                Қатар

Бразилия охирги маротаба ушбу мусобақага 1989 йили мезбонлик қилган эди. Бу сафар мусобақани мамлакатнинг 5 та шаҳри қабул қилади. Мезбонлик қиладиган ўйингоҳларга тўхталиб ўтсак. Рио-де-Жанейро шаҳрида жойлашган "Маракана" стадиони ўз бағрига 78838 муҳлисни сиғдира олади. Сан-Паулу шаҳрида "Морумби" (77011) ва "Арена Коринтианс" (47605) турнирни қабул қилади. Белу-Оризонти шаҳрида жойлашган "Минейран" стадионига 58170 мухлис сиғади. Порту-Алегри шаҳридаги "Арена Гремио"нинг сиғими 55662. Сальвадор шаҳрида 2013 йили қайта қурилган "Фонте-Нова" 51900 мухлисга мўлжалланган. Маълумот учун, 1916 йилдан 1975 йилгача Америка чемпионати, 1975 йилдан бошлаб Америка кубоги деб юритиладиган турнирнинг амалдаги чемпиони Чили термасидир. Америка кубогида КОНМEБОЛга аъзо 10 та мамлакат иштирок этади: Аргентина, Боливия, Бразилия, Колумбия, Венесуэла, Парагвай, Перу, Уругвай, Чили, Эквадор. 1993 йилдан буён мусобақага бошқа қитъадан икки жамоа таклиф этилади. Одатда КОНКАКАФ вакиллари қатнашиб келишарди. Илк турнирда Уругвай терма жамоаси чемпионликни тантана қилган. 1975 йилда Америка кубоги номига ўзгартирилгандан сўнг, биринчи бўлиб Перу мамлакати чемпионликни қўлга киритган. Ўтқазилган турнирларда биринчиликни энг кўп Уругвай термаси 15 маротаба қўлга киритган. Аргентина (14 марта) ҳам бу борада мақтана олади. Бразилия термаси 8 карра чемпион. Чили, Перу, Парагвай термалари 2 марттадан мусобақа ғолиблигига эришишган, Колумбия 2001 йили ва Боливия 1963 йили қитъа чемпиони бўлган. Тарихга назар солсак, мусобақада бошқа қитъалардан жами 18 та мамлакат қатнашган: Гаити, Гондурас, Панама, Япония мамлакатлари 1, Ямайка 2, АҚШ 4, Коста-Рика 5 ва Мексика 10. 2019 йилда бўлиб ўтадиган турнирда Япония иккинчи бор, Осиё кубогининг амалдаги соҳиби ва келгуси жаҳон чемпионати мезбони Қатар термаси ушбу турнирда илк марта қатнашади. 1949 йили мусобақани ўзида қабул қилган ва чемпионликка эришган Бразилия термаси ҳужумчиси Де Роза Пинто 9 та гол уришга муваффақ бўлган. 1957 йили Перуда ўтказилган турнирда эса уругвайлик ҳужумчи Хавьер Амбройс ва аргентиналик Умберто Маскио 9 тадан гол уришган. Бу кўрсатгичлар, битта турнирда рекорд ҳисобланади. Бразилиялик Зизиньо ва аргентиналик Норберто Мендес Америка кубоги тарихида жами 17 тадан гол уришган. 2016 йилги Америка кубогида Аргентина термасини пенальтилар сериясида мағлуб этишга муваффақ бўлган Чили кетма-кет иккинчи бор чемпионликни ҳимоя қилган. Шу ҳафтада бошланажак турнир ғолиби 2021 йили бўлиб ўтадиган Конфедерациялар кубогида иштирок этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!