Ана холос! "Локомотив" - "Навбаҳор" учрашувида VAR оффсайдни аниқлай олмаслиги мумкин

Coca-Cola Суперлига 2-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Навбаҳор” учрашувида VAR тизимидан фойдаланиши маълум қилинганди.

Айни дақиқаларда VAR мутахассислари стадионда техникани ўрнатиш ишларини олиб боришмоқда. Мутахассис Фарҳод Абдуллаевнинг хабар беришича, бугунги учрашувда ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлаб берувчи тизим ишламаслиги катта эҳтимол. Бунга сабаб сифатида Тошкентда ёққан қор кўрсатилмоқда.

Тизим ўйиндан ташқари ҳолатни аниқлашда майдон узра чизилган оқ чизиқлардан фаол фойдаланади. Яъни, чизиқлар ёрдамида ҳужум қилаётган футболчининг сўнгги ҳимоячи билан қандай позицияда тургани аниқлаб олинади. Аммо майдон атрофида йиғилган қор тизимнинг ранг аниқлаш функциясига халал беради. Боиси, чизиқлар ҳам, қор ҳам айнан оқ рангда. Агар стадион маъмурияти майдон атрофини қордан тозалаб улгурса, барчаси тўлиқ форматда ишлайди. Бу ҳақда ЎзПФЛ расмий сайти хабар тарқатди.

“Қор сабаб оффсайд тизимини кўз ёрдамида аниқлашга мажбурмиз. Қолган барча жабҳада VAR билан фаол ишлаймиз. Яққол сезилиб турган ўйиндан ташқари ҳолатга реакция бера оламиз. Бироқ инсон фактори жуда кичик сантиметрларда қайд этилган оффсайдни аниқлай олмайди. VAR яхши ишлаши учун учрашув стартидан бир неча дақиқа аввал, биз барча функцияни амалда қўллаб улгуришимиз керак. Ҳозирча эса оқ чизиқлар ва қор уйғунлашиб кетаётгани бизга халал бермоқда”, - дейди Фарҳод Абдуллаев. 

Барчаси учрашув стартига қадар янада аниқроқ бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!