"Андижон" футболчиси бош мураббийнинг танқидига жавоб қайтарди: "Сурхон"ни мағлуб этиш орқали унинг гаплари нотўғрилигини исботлашмоқчи
Суперлигада қолиш учун курашаётган “Андижон”га ғалабалар жуда зарур бўлиб турган пайтда клуб ҳозирча бу ишни уддалай олмаяпти. 21-турда улар ўз майдонида “Қизилқум” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Аслида меҳмонлар мезбонларга қараганда фаолроқ ўйнади ва имкониятларга эга бўлишди. Шуни ҳисобга олганда, андижонликлар бир очкони қўлга киритди, дейиш мумкин.
Ўша ўйиндан кейин “Андижон” бош мураббийи Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг фикри ҳамманинг эътиборини ўзига қаратди. У натижадан ва ўйиндан умуман қониқмаганини очиқчасига ошкор қилиб, жамоасидаги бундай футболчилар керак эмаслиги ҳақида гапирди. Ҳамма мураббий ҳам қўрқмасдан бундай гапни айта олмайди. Лекин Бахтиёр ичидаги гапини ташига чиқарадиганлардан.
Қизиқ, бош мураббийнинг бундай жиддий танқиди жамоа аъзоларига қандай таъсир қилди? Улар бу гапларни қандай қабул қилишди? Клубнинг маҳаллий футболчиларидан бири, асосий таркиб аъзоси - Хушнуд Авилов Sports.uz мухбирининг таклифини ерда қолдирмаган ҳолда у ҳам клубдаги вазият ҳамда имкониятлар борасида дангал гапирди.
- “Андижон”нинг ғалаба учун кучи ҳам, шижоати ҳам етарли бўлмади. Қайд этилган дуранг адолатли бўлди, деб ўйлайсизми?
- “Қизилқум” жамоаси бизга жиддий қаршилик кўрсатди. Лекин биз ҳам бу баҳсга яхши тайёргарлик кўргандик. Аммо кўп вазиятларда рақибга имкониятларни бой бердик. Шу боис учрашув давомида жамоамизда деярли голга тортадиган вазият бўлмади. “Қизилқум”да эса бу борада имкониятлар кўпроқ бўлди. Тўғриси, бизда ғалабага бўлган иштиёқ кўринмади. Шу сабаб имкониятларни ярата олмадик.
- Вазият ҳамон жиддий, чемпионат тугашига эса саноқли турлар қоляпти. Навбатдаги турда асосий таъқибчилардан бири – “Сурхон”га қарши сафарда ўйнайсизлар....
- Ҳа, тўғри, “Сурхон” билан ўйин олти очколик аҳамиятга эга. Чунки олдимизда бошқа йўл йўқ, деб ўйлайман. Худо хоҳласа, “Андижон” Суперлигада қолади. Вазият эса жиддийлигини билиб турибмиз. “Сурхон”га ҳам уч очко сув ва ҳаводек зарур. Шунинг учун бўлажак ўйинга жиддий тайёргарлик кўришимиз шарт. Агар кечаги ўйиндаги каби ўйнасак, унда аниқ про-лигага тушиб кетамиз.
- “Қизилқум”га қарши учрашувдан сўнг Бахтиёр Ҳамидуллаев кескин равишда бундай футболчилар керак эмаслигини ва кейинги ўйинда ёшларни майдонга туширишини айтди. Бунга қандай муносабатдасиз?
- Ҳа, ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бош мураббийимизнинг айтган гапларини ўқидим. Бахтиёр акани ҳам тўғри тушуниш керак. Боиси, биз “Қизилқум”га қарши ёмон ўйин кўрсатдик. Балки шу сабабли Ҳамидуллаев салбий гапарни гапирди. Балки аччиқ устида шундай дегандир. Тан олиш керакки, футболчиларда ўзларига бўлган ишонч етишмади. Кейинги учрашувда ғалаба қозониб, унинг бу гаплари нотўғри эканлигини исботлаймиз.
- Умуман, илк бор асосий жамоага бош мураббийлик қилаётган Ҳамидуллаевнинг фалсафасига футболчилар қанчалик мослашишяпти?
- “Андижон”да ушбу мавсум ичида мураббийлар алмашди. Бошида Александр Хомяковнинг ўз ўйин услуби бор эди. У ажойиб мураббий эди. Александр Андреевич кетгач, ўрнига Виктор Кумиков олиб келинди. Лекин унинг ўйин услуби унчалик ўзини оқламади. Ҳозирги кундаги бош мураббийимиз Бахтиёр Ҳамидуллаев жамоага келиб кўп нарсани ўзгартирди. Бу вазиятда ўйин услуби ҳақида гап кетмаяпти. Жамоадаги ички муҳит ёмон эди. Бахтиёр ака келгач, яхши томонга ўзгаряпти. Лекин Ҳамидуллаевга ҳам вақт керак деб ўйлайман. Чунки мураббийликка яқинда қадам қўйган. Бундай пайтда ундан кўп нарса сўраш ҳам нотўғри.
- Жамоа таркибида кўпроқ маҳаллий ўйинчилар ўйнашяпти. Бундай таркиб билан клуб Суперлигада қолишга қодирми? Ёки барибир тажрибали футболчилар керак эдими?
- Ҳа, албатта. Тажрибали футболчилар керак. Бунга “Қизилқум”га қарши ўйин мисол бўла олади.
- Бундан ташқари, таркибга қарасак, футболчилар етишмаётгани ва бунинг оқибатида рақобат ҳам деярли йўқлиги билиниб қоляпти...
- Тўғри, жамоамизда рақобат қила оладиган ўйинчилар йўқ. Кўп учрашувларда жамоа таркиби шу ҳолатда. Натижада бизда рақобат етарли даражада эмас.
- Қолаверса, жамоада илгари молиявий томондан муаммолар кузатилаётганди. Кейин эса раҳбариятда ўзгариш рўй берди. Энди вазият қандай?
- Ҳозирги кунда ойлик маошлар ўз вақтида бериляпти. Шунингдек, янги базага ҳам кўчиб ўтдик. Қисқаси, клубда ҳаммаси жойида. Фақат футбол ҳақида ўйлашимиз лозим.
- Энг кўп дуранг “Андижон”да бўлиб турибди – 10 та. Агар қолган учрашувларда ҳам Суперлигада қолиш учун дуранглар етарли бўлса, шундай натижалар қайд этилишига розимисиз?
- Йўқ, мен бунга рози бўлмасдим. Нимагаки, “Андижон”нинг ҳисобида фақат биргина ғалаба бор холос. Бизга эса ҳар бир учрашувда ғалаба керак.
- “Андижон”нинг Суперлигада қолиши учун неча фоизга ишонч ҳосил қиляпсиз?
- 60х40 фоиз деб ўйлайман. “Сурхон” билан учрашувда кўп масалага ойдинлик киритилади.
Фикрлар