“Андижон” тарбияланувчилари Бекободдаги турнирда кумуш медалларни қўлга киритди

 

23-28 март кунлари Тошкентнинг вилоятининг Бекобод шаҳрида Наврўз байрами муносабати билан 2004-2005 йилларда таваллуд топган болалар ўртасида Республика очиқ турнири бўлиб ўтди.

Унда “Андижон”  футбол мактаби тарбияланувчилари ҳам иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Андижон”  футбол клуби матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Турнирда жами 11та жамоа қатнашганини айтиш лозим. Тўлқин Камолов бош мураббийилигидаги “Андижон” футбол мактаби тарбияланувчилари ярим финалда Бекободнинг “Металлург” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этган холда, финал йўлланмасини қўлга киритди. Финалда эса Тошкентнинг “Истиқлол” жамоасига қарши баҳсда андижонликлар 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа тарбияланувчиларимиз мусобақада кумуш медалларини қўлга киритди. Таъикдлаш жоизки, турнирда Араббой Абдураҳмонов “Энг яхши ярим ҳимоячи” номинациясида ғолиб чиқди. Иқтидорли ҳужумчи Абдумалик Дўстматов эса “Энг яхши тўпурар” бўлди.

Бугун Бўстон даҳасида жойлашган “Вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”нинг мажлислар залида мусобақа қатнашчиларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда “Андижон” ФК вице-президенти Жаҳонгир Мадихонов ҳам қатнашди. Шунингдек ёш футболчиларнинг ота-оналари ҳам тадбирда иштирок этиб, фарзандларининг ютуқларидан беҳад қувонди.

Тадбирни “Вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби” директори Бекзодбек Каримов очиб берар экан, жумладан шундай деди: Ассалому алайкум хурматли ота-оналар, мактабимиз тарбияланувчилари. Сизларни Бекободдаги турнирда кумуш медалларини қўлга киритганинглар билан табриклайман. Ўйлайманки бу билан чекланиб қолмаймиз ва қайси турнирда иштирок этмайлик фақат совринли ўринлар учун кураш олиб борамиз. Фурсатдан фойдаланиб вилоятимизнинг бош жамоаси бўлмиш “Андижон”  футбол клуби раҳбариятига миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Мақсадимиз ушбу жамоага муносиб ўйинчиларни етказиб бериш. Клуб томонидан мактабимизга бўлаётган эътибор юқори даражада. Раҳбариятнинг биздан умиди катта. Насиб қилса биз ҳам бунга жавобан астойдил ишлаб, “Андижон” жамоамизга иқтидорларни етказиб берамиз.

Шундан сўнг сўз навбати “Андижон” клуби вице-президенти Жаҳонгир Шавкатовичга берилди: Хурматли тадбир қатнашчилари ва ота-оналар. Ростини айтсам, сиз болажонларнинг Бекободда ўтказилган турнирда кумуш медалларни қўлга киритганингларни эшитиб барчамиз бирдек қувондиқ. Ҳар бир ўйинингларни телефон орқали бўлса ҳам билиб турдик. Жамоада бу йилдан иш бошладим. Асосий мақсадимиз маҳаллий ўйинчиларга бўлган эътиборни янада ошириш. Мана бу йил “Андижон” жамоамизга 80-90 фоиз андижонлик бўлган йигитларни йиғдик. Уларга яна бошқа вилоятлик бўлган қарашларимизга мос тушган ўйинчиларни қўшиб, курашчан жамоа тузишга харакат қилдик. Режамизга кўра ушбу жараён келгусида ҳам давом этади. Энг аввало маҳаллий ёшларга ишонч билдиришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб олганмиз. Сиз ёш футболчиларга эса маслаҳатим ўз устингларда астойдил янада кўпроқ ишланглар. Болалар футболида натижа биринчи ўринга чиқмаслиги керак. Ишонаманки бундан кейин ҳам футбол мактабимиз тарбияланувчилари яхши ютуқларга эришади. Бу борада мураббийларга ҳам омад ва зафар ёр бўлишини тилаб қоламан.

Тадбир якунида ота-оналар ўз фарзандлари билан эсталик учун суратга тушишди. Мураббий Тўлқин Камолов эса шу аснода бизга турнир тафсилотлари билан ўртоқлашди: Бекободдаги турнирда фахрли иккинчи ўринни олиб қайтдик. Авваламбор ушбу мусобақага бориб, иштирок этишимизни таъминлаб берган раҳбариятга миннатдорчилик билдириб қоламан. Ўткан йили ҳам ушбу турнир Бекободда ташкил этилганди. Жорий йилги мусобақада шогирдларим ўзларини кўрсатишга эришди. Бу йил 11та жамоа қатнашди. Финал йўлланмасини қўлга киритиш ҳам осон бўлгани йўқ. Мехнат ва иштиёқ эвазига 2-ўринни олдик деган бўлардим. Мусобақада ташкилотчилик ҳам зўр бўлди. Уларга ҳам жамоамиз номидан раҳмат айтиб қайтдик. Энг асосийси болаларда хурсандчиликни кўрасиз. Уларни келажакда “Андижон” жамоасига муносиб ўйинчи сифатида тайёрлаб беришга харакат қиламиз.

Турнирда иштирок этганлар футболчилар:

1. Араббой Абдуруҳмонов

2. Иззатилло Акбаржонов

3. Оятилло Абдумуталипов

4. Файзулло Болтабоев

5. Абдумалик Дўстматов

6. Абдулҳамид  Дўстматов

7. Оятулло Исомиддинов

8. Улуғбек Турғунов

9. Рўзимуҳаммад Нуритдинов

10. Хожиакбар Маҳмудов

11. Муҳаммадрўзи Мақсудов

12. Асадбек Холиқов

13. Камрон Мамарасулов

14. Абдулазиз Инақов

15. Муҳаммадазиз Тўлқинбоев

16. Хусанбой Ҳабибуллаев.

Мураббий: Тўлқин Камолов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!