“Андижон” вице-президенти: "Соғлом авлод" стадиони таниб бўлмас кўринишга келади

Хабарингиз бор “Андижон” бир неча йиллик танаффусдан сўнг яна элитага қайтди. Про-лигада чемпион бўлган “бургутлар” янги мавсумни Суперлигада бошлашади. Аммо, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси энг юқори дивизионда иштирок этувчи жамоаларга жиддий талаблар қўйган. Стадиондаги яратилган шароитлар ва майдон сифати булар орасида энг муҳимидир.

“Андижон” клуби вице-президенти Маъруфжон Абдисаломов жамоанинг уй стадиони ҳисобланган “Соғлом авлод” ўйингоҳи янги футбол мавсумида таниб бўлмас даражада янгича қиёфа касб этишини айтиб ўтди.

“Андижон”ни яна жон сақлаб қолиш учун курашадиган жамоа бўлиб қолишини хоҳламаймиз. Шу боис жамоага  тажрибали мураббийларни таклиф қилдик. Қолаверса, айни пайтда “Соғлом авлод” стадионида ҳам кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Ўйингоҳга электрон таблолар жойлаштирилади, ОАВ ходимлари учун марказий сектордан алоҳида хона ташкил қилидаи. Майдонга эса Голландиядан энг сифатли чимлар олиб келиб ётқизилади. Бир сўз билан айтганда стадионимиз бутунлай янгича қиёфага киради. Вилоятимиз ҳокими бундай ишларга шахсан бош-қош бўлмоқда”, - дейди Маъруфжон Абдисаломов.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Амет Мемет ва Виктор Жалилов сингари тажрибали мутхассислар “Андижон”да иш бошлашгани ҳақида хабар берган эдик. Бундан ташқари, жамоа аъзолари 3-17 февраль кунлари Туркияда ўқув-йиғин машғулотлари ўтказишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!