Ads

Хабарингиз бор, куни-кеча мамлакатимизда Про-лига ўйинлари ўз якунига етди. "А" гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритган «Андижон» жамоаси мавсум якунига етгач, таътилга чиқди.

Клуб матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра «Машъал»га қарши кечган баҳсдан сўнг мураббийлар штаби футболчиларга дам берган. Режага кўра энди «Андижон» жамоаси аъзолари 15 декабр куни ўз қароргоҳида йиғилади ва янги мавсумга тайёргарликни бошлайди.

Декабрь ойининг сўнгги кунига қадар давом эттириладиган ўқув-йиғин машғулотларида асосан жамоа билан шартномаси мавжуд бўлган футболчилар иштирок этади. Январ ойидан эса таркибга янги номлар келиб қўшилиши кутилмоқда. Ҳозирда ҳар бир чизиқни кучайтириш мақсадида раҳбарият ва мураббийлар штаби иш олиб бормоқда.

Шунингдек 2019 йилги мавсумда Суперлигада иштирок эта бошлайдиган «бургутлар» бошқа жиҳатлар бўйича ҳам тараддуд кўрмоқда. Жумладан «Соғлом авлод» стадионида қилиниши керак бўлган зарур ишлар юзасидан ҳам жиддий ишга киришилган.

Хусусан майдоннинг сифатини талаб даражасига чиқариш, ёриткичларни 1200 люкс холатига олиб чиқиш ҳамда ҳисобни акс эттирувчи электрон табло бўйича ҳам иш олиб борилмоқда.