Андрей Фёдоров: Қизил карточкага қадар гол киритганимизда эди...
Ads

"Ўйин ҳақида гапириш, уни тахлил қилиш жуда қийин. Баҳсни икки даврага бўлиш мумкин: қизил карточкагача ва қизил карточкадан кейин. 4:0 - бу натижадан хайратланса бўлади. Четлатишга қадар биз яхши ўйин кўрсатаётгандик. 10 киши бўлиб қолганимиздан кейин ҳам ғалаба қозониш, голлар уриш учун олдинга ўтишга ҳаракат қилдик. Кўрганингиздек, қарши ҳужумларда голлар қўйиб юбордик. Натижани ҳисобга олмаганда, кам бўлиб қолган бўлса-да, футболчилар яхши ўйин кўрсатишди.

Биз учун барча ўйинлар муҳим. Биз бу учрашувга жиддий қарадик! Кубок ўйинларига қандай муносабатда бўлиш мумкин? Бу ўйинда мағлуб бўлишни, таслим бўлишни истамадик. Ўйин сифатимизга қараб, баҳсга жиддий қарамаган деб ҳулосага келдингизми? Агарда биз қизил карточкагача рақиб дарвозаси олдидаги бир неча вазиятларда совуққон бўлганимизда бу ерда бошқачароқ гапларни айтган бўлардим.

Футбол бу - эмоция. Бу ерда футболчилар ҳар доим ҳиссиётлар билан ҳаракат қилади. Жанжалнинг бўлиши - ёмон ҳолат. "Металлург"даги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, шундан кейин биз гаплашиб олиб, барчасини тўғрилагандик деб ўйлагандим. Бугун кубок ўйинида ҳеч ким хато қилишига ҳаққи йўқлиги, бир учрашувда ғалаба қозонган жамоа кейинги босқичга чиқишини билган футболчилар эхтиросларга берилиб кетди", - деди Фёдоров.