Андрей Микляев ҳал қилувчи ўйин олдидан қандай фикрлар билдирди?

 

Эртага, 9 май куни Осиё чемпионлар лигасининг "А" гуруҳи, 6-туридан ўрин олган "Ал Аҳли" (Дубай) - "Локомотив" (Тошкент) учрашуви бўлиб ўтади.

Айни пайтда "Локомотив" вакиллари Дубайда бўлиб туришибди. Бугун ўйиндан олдинги матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжуманида дастлаб "Локомотив" бош мураббийи Андрей Микляев ва ҳимоячи Муҳаммад Коне саволларга жавоб қайтаришди.

“Эртага иккала жамоани ҳам қизиқарли ва муҳим баҳс кутмоқда. Эртанги ўйинда бизнинг гуруҳдан чиқишимиз ҳал бўлади. Бунинг учун эса фақат ғалаба қозонишимиз шарт. Рақибимиз "Ал Аҳли"ни дуранг ҳам қониқтиради. Ўйлайманки, эртанги беллашувда жамоамиз чиройли ўйин кўрсатган ҳолда ғалаба қозонади ва гуруҳдан чиқади.

Жамоамиз олдига бу йил Чемпионлар лигасида қўйилган вазифа - аввало гуруҳдан чиқиш. Биз ўтган йил чорак финалга қадар етиб боргандик, ўйлайманки, гуруҳдан чиқсак бу йил ҳам шу натижани такрорлай оламиз. ОЧЛда ҳар бир ўйин босим остида ўтади ва эртанги учрашув ҳам бундан холи эмас. Сафимизда 20 нафар яхши футболчи бор ва улар бир-бирларининг ўрнини тўлдира олишади”, – деди “Локомотив” устози.

“Бош мураббий айтиб ўтганидек, эртага фақат ғалабани кўзлаб ҳаракат қиламиз. Бизга бу ўйиндаги ютуқ жуда зарур. Бунинг учун ҳавонинг жуда иссиқлиги ҳам таъсир ўтказмаслиги керак. "Ал Аҳли" кучли жамоа, лекин уларни Тошкентда мағлуб этганмиз. Эртага ҳам шу натижани такрорлашга ҳаракат қиламиз”, – деди Муҳаммад Коне.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!