Англия термасидаги сўнгги беш муҳим ўзгариш

Ҳар сафарги каби таркиб борасида баъзи футболчиларнинг киритилгани ёки аксинча тушиб қолгани ҳақида мунозаралар инглиз матбуоти кун тартибидан ўрин олди.

Яқин икки йилда Англияни бошқаришга келишиб олган Саутгейт ҳамма вақт ҳамманинг кўнглини овлаш имконсиз эканлигини билади. Нима бўлганда ҳам «уч шерлар» унинг қўли остида тўғри йўлдан бормоқда.

Сўнгги Мундиал финалчиси ва ёшарган Испанияга қарши ўйинлар унинг шогирдларига осон кечмаслиги аниқ.

Шуларни инобатга олиб сўнгги таркибда беш жиддий ўзгариш бўлганини таҳлил натижасида аниқлаб олдик. Қуйида шу ҳақида фикр юритамиз.

  1. Саутгейтнинг янги шартномаси

Юқорида айтганимиздек, Англия Саутгейт қўли остида ўз йўлидан тўғри бормоқда. Улар сўнгги Жаҳон Чемпионатида ярим финалга қадар етиб боришди. Бу ҳам Англия термаси учун жиддий муваффақият ҳисобланади. Англия-U21 бош мураббий шартномасини яна икки йилга узайтирди ва Англия термасини 2022-йилда Қатарда бўлиб ўтадиган Мундиалга бошлаб бориш вазифаси юклатилди.

Ҳеч ким унга бўлган ишончни инкор қила олмайди. Энди тўрт йил терма жамоа унинг бошқарувида бўлгач узоқ муддатлик режаларини бемалол оширишда давом этиши мумкин.

Шунга қарамай, эслатиш жоизки футбол бу натижа дегани, уни қўллаб-қувватлаётган мухлислар ва мутасадди раҳбарлар ундан фақатгина ривожланишни талаб қилади. Ахир у оддийгина термани совринлар учун асосий фаворит даражасига қайта олиб чиқдида.

Муваффақиятлар ишонч бағишлайди, аммо у ўз навбатида умид учқунларини кучайтиради.

  1. Шоу – Роуз дуэли

Люк Шоунинг спорт формасига қайтиши алоҳида ҳикоя. Унинг келажаги «Манчестер Юнайтед» ва афтидан терма жамоада. Сўнгги бир неча йилларда у йўқолиб қолган бўлсада, энди бундай бўлмайди.

«Қизил иблислар» сафида чап қанот ҳимояси учун яна асосий номзодга айланиб олган Шоу Англия термасида асосий номзод эмас. Унга кучли рақобатчи бор.

Денни Роуз ҳам жароҳатидан фориғ бўлиб сафга қайтгач Саутгейтнинг танловларидан бирига айланди.

Унинг қўли остида Англиянинг энг кучли икки чап қанот ҳимоячилари курашади. Буни кузатиш анча мароқли.

  1. Чалоба – қайта чақирув

Агарда тиззасидан олган жиддий жароҳати бўлмаганида Натаниель Чалоба Англия билан Россия яшил майдонларида ўзини кўрсатган бўларди. Боиси бош мураббий унга ишонади.

«Челси» академияси тизимидан чиққан футболчи ўзининг иқтидорини намойиш қилиши учун «Стэмфорд Бридж»ни тарк этиши кераклигини тушуниб етди.

У айни вақтда «Уотфорт»нинг асосий таркиб футболчисига айланган. Бироқ жароҳатлар уни қийнаб қўйди ва бу мавсумда Премьер Лигада етарлича ўйин амалиётига эга бўлолмаяпти.

  1. Ярим ҳимояда танловлар кўплиги

Чалобанинг қайтиши асосий таркиб нақд дегани эмас. Ҳарри Уинкс ва Росс Барклилар ҳам иккинчи имкониятларини кутиб туришибди. Баркли учун термага чақирув алоҳида аҳамиятга эга. У охирги марта 2016-йил май ойида Австралияга қарши ўйинга чақирилганди.

Иккаласи ҳам Саутгейт қўли остида ярим ҳимояга ранг-баранглик бағишлайди. Эҳтимол ярим ҳимоячиларнинг кўплигидан бош мураббий уч кишилик ҳимояга қайтар. Нима бўлганда ҳам у узоқ ва жиддий бош қотиради.

  1. «Ўнлик» муаммосининг истиқболли ечимлари

Терма жамоа бошқарувига келганидан бери Саутгейт 3-1-4-2 ўйин схемасини қўлламоқда. Бироқ бир муаммо ҳамон ўз ечимини топмаяпти. Ярим ҳимояни ҳужумга боғлайдиган мард Англия термасида топилмаяпти.

Иқтидорига шубҳа қилинмайдиган Деле Алли орқароққа қайтиб бу вазифани амалга оширишда самарадорлик кўрсатиши мумкин, аммо у жароҳат олиб сафдан чиққан.

Бу вазифани шунингдек «Боруссия Дортмунд»нинг 18-ёшли янги юлдузчаси Жейдон Санчо бажариши мумкин. У айни вақтда Европанинг кучли бешлик чемпионатлари ичида энг кўп голли узатмаларни амалга оширган.

Хуллас, буёғини энди вақт кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!