АҚШ футболчисининг Лондонга саёҳатидан не фойда? (Эркин Ғайбуллаев блоги)
Ads

«Боруссия Дортмунд» вингери Кристиан Пулишичнинг Премьер Лигага ўтиши борасидаги миш-мишлар кўпайиб бормоқда. Хабарларга кўра, «Челси» АҚШлик футболчи учун расмий таклиф билан немис клубига мурожаат қилган.

20 ёшли футболчи дортмундликлар билан амалдаги шартномаси тугашига 18 ой қолган вақтда унинг клубни тарк этиши борасидаги хабарлар ўз тасдиғини топаётгандек.

Натижада, Пулишични Премьер Лига грандлари «Ливерпуль», «Тоттенхэм», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» ўз сафида кўришдан умидвор.

Бунга унинг яқинда Премьер Лигада ўйнаш нияти борлигини айтганидан кейин миш-мишлар яна авжига чиқди.

«Англия, Премьер Лига кўплаб ёшларнинг ўйнаш орзуси ҳисобланади, нега мен ҳам бир кун келиб у ерда ўйнамай.» – деганди Пулишич.

Дортмундликлар эса уни сотиш ниятида эмас ва шу сабабли унинг трансфер баҳосини 70 миллион фунтга баҳолаган.

Агарда хабарлар ўз тасдиғини топса ва январда «Челси» Пулишични ўз таркибига қўшиб олса бундан ким ютади ва ким ютқазади?

Ғолиб: Маурисио Сарри

«Челси» ўз тарихида мураббийларни тез-тез алмаштириш бўйича аччиқ қисматга эга клуб ҳисобланади. Роман Абрамович лондонликларнинг 2003-йилдан бошлаб хўжайинига айланганидан кейин, Сарри 13-мураббий бўлди.

Абрамович ўз бошқарувининг дастлабки йилларида муваффақиятли жамоа қуриш учун пулларини аямай ишлатганди. Моуриньонинг трансфер мақсадлари бўлган Дидье Дрогба, Майкл Эссьен, Петр Чех ва Андрей Шевченколарни олиб келганди.

Орадан йиллар ўтгач ва молиявий фейр-плей қоидаси чиққач, Абрамович йирик трансфер қилишдан олдин футболчиларни сотишга кўникди.

Шунга қарамай, россиялик олигарх шу йил ёзида бу қоидасини четга суриб қўйди. Саррини олиб келганидан кейин Кепа Аррисабалага ва Жоржиньоларни «Атлетик» ва «Наполи»дан олиб келиш учун 122 миллион фунт сарфлади.

«Челси» қишки трансфер бозорида ҳам Пулишич учун 70 миллион фунт сарфлаши мумкин. Боиси италиялик мутахассис жамоада ижобий натижаларни қайд этмоқда.

«Кўклар» айни вақтда турнир жадвалида 14-турдан кейин 3-ўринда бормоқда ва Европа Лигаси гуруҳ босқичидан чиқиш вазифасини аллақачон бажариб бўлди.

Аммо «Саррисмо» клубда ҳали тўлиқ шаклланиб бўлгани йўқ, бунга таркибнинг кенг эмаслиги сабаб бўлмоқда.

Пулишичнинг келиши эса ушбу муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин. Аммо Абрамович бунинг учун Саррининг узоқ муддатли лойиҳасига ишониши керак бўлади.

Мағлуб: Каллум Хадсон-Одои

«Челси»нинг ҳужумдаги вариантлари ошиши Сарри учун албатта яхши, аммо эҳтимолий янги рақобатчининг пайдо бўлиши Хадсон-Одоининг ривожланишига таъсир қилиши мумкин.

Хадсон-Одои клубнинг чап қанотида ўзининг ҳужумкорлик қобилиятлари билан яхши вариант бўлиши мумкин.

Аммо Сарри Хадсон-Одоини ҳали Премьер Лигада ўйнашга тайёр эмас дея ҳисобламоқда. Футболчига ҳимоявий хусусиятларини ҳам кучайтириши кераклигини тилга олди.

Албатта бир кун келиб 18 ёшли ҳужумчи клубда ўз сўзини айтиши мумкин. Аммо Пулишичнинг келиши унинг жамоадаги ўрнига катта таъсир ўтказиши аниқ. Англиялик футболчининг клубдан кетиши ҳам лондонликлар учун катта йўқотиш бўлади. Унга ҳам бошқа клублардан жиддий таклифлар тушмоқда.

Ғолиб: Жейдон Санчо

Пулишичнинг Лондонга кўчиб ўтишидан бошқа бир ёш англиялик ҳужумчи ютиши мумкин. У ҳам бўлса Санчо ҳисобланади.

18 ёшли Санчо «Боруссия Дортмунд»да бир бош юқори сакрамоқда ва унинг Германияда кўрсатган ўйини Англия термасига чақирилишига ҳам олиб келди.

Жорий мавсум аввалида Санчо захирадан тушиб катта натижаларга эришди ва бу унга асосий таркиб эшикларини очиб берди.

Хадсон-Одои каби Санчо чап қанот вингери ҳисобланади, аммо Пулишичнинг жароҳатлари сабаб у ўнг қанотда ҳам ўйнамоқда.

Пулишичнинг дортмундликлар сафини январдаёқ тарк этиши Санчога асосий таркибда муқим ўрнашиб олиш учун қулай имконият ҳисобланади.

Бу эса 18 ёшли футболчига ўз маҳоратини тоблаб олиш учун кўпроқ ўйин амалиётини тақдим қилади.

Минбар

Барча блоглар