Араблар ҳам юлдуз футболчиларни олиб кела бошлади
 
Хитой клублари Европада ном таратган футболчилар билан жамоалари таркибини кучайтираётган бир пайтда Бирлашган Араб Амирликлари клублари ҳам машҳур футболчиларга оғиз сола бошлади.
 
БААнинг "Ал-Ваҳда" клуби Голландия терма жамоасида порлаган ҳимоячи Грегори ван дер Вилни ўз таркибига қўшиб олмоқда. Шу пайтгача "Фенербаҳче" жамоасида тўп сурган 28 ёшли футболчи яқинда БАА жамоасининг ўйинини бевосита кузатди.
 
 
Ўз вақтида "Аякс" ва ПСЖ таркибида ишончли ўйин кўрсатиб, мухлису мутахассислар эътиборини қозонган Грегори ван дер Виль ўтган йили "Фенербаҳче"га ўтган эди. Бироқ унинг ҳаракатларидан қониқмаган бош мураббий Дик Адвокат уни асосий таркибдан четлатгач, футболчи ўзига янги жамоа топишга мажбур бўлди.