Аргентина қандай қилиб ўз дарвозабонига босим уюштирмоқда?
Ads

Тажрибалар ўтказишнинг вақти тугади. Аргенина бош мураббийи Хорхе Сампаоли ҳозирда ўзининг энг яхши асосий таркибига эга эмас. Бироқ у ҳозирча энг тўғри бўлган йўлни танлашга мажбур.

Исландия билан дуранг, кейин Хорватиядан қақшатгич тарзда мағлуб бўлган “Албиселесте” Жаҳон Чемпионатини тарк этиш арафасида турибди. Бугун уларга сўнгги имконият берилади.

Жума куни Нигериянинг Исландияни ютиши Сампаоли шогирдларига курашда қолишга яна бир имкон тақдим этганди. Шундан бери жанубий америкаликлар “бургутлар”га қарши жиддий тайёргарлик кўрган бўлиши керак.

Ўша кундан кейин тарқалган хабарларга кўра, Санкт-Петербургдаги муҳим учрашувга асосий таркибни Сампаоли эмас, балки футболчиларнинг ўзи танлаши ҳақида миш-мишлар тарқаганди.

Аммо бу ҳақиқатга яқин эмас, Хорватияга қарши уч кишилик ҳимоявий услубда ўйнашни футболчилар Сампаолидан сўрашган эди. Қўшимчасига, жамоа етакчилари – Гонсало Игуаин, Анхел Ди Мария ва Эвер Банегалар бугунги учрашувни асосий таркибда бошлаши кутилмоқда.

Дарвозада эса Сампаоли муҳим қарор қабул қилишига тўғри келади. Икки турда дарвозани “Челси” “фахрий”си Вилли Кабальеро қўриқлаган эди. Хорватияга қарши баҳсда Анте Ребичга гол “туҳфа қилгани” “Малага” ва “Манчестер Сити”нинг собиқ дарвозабонини учинчи ўйинда майдонга тушишига тўғаноқ бўлиши мумкин.

Нижний Новгороддаги учрашув 3-0 ҳисобида якунланганидан кейин матбуот анжуманида Сампаолига берилган биринчи савол “мураббий, Кабальерони ўйнатишга сиз жавобгар эканлигингизни айтаётган 40 миллион аргентиналик бор. Нега Ромерони кутмадингиз?”

Сўнгги олти мавсумда “Сампдория”, “Монако” ва “Манчестер Юнайтед”да биринчи танлов бўлмаган Ромеро Аргентина терма жамоасининг биринчи рақамли посбони бўлиб келди ва бу вақт ичида у терма учун 94 ўйинда майдонга тушди. Бироқ унинг май охирида жароҳат олиши воқеалар ривожига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. У якуний таркибга киритилмади.

23-май куни футболчининг рафиқаси ижтимоий саҳифаларда ўз “заҳрини сочган эди”: “Бу шунчаки жароҳат, унинг ҳеч қаери сингани йўқ. У икки ҳафта ичида сафга қайтиши мумкин” – дея ёзган эди.

Бу вақтда кўплаб мухлислар “Ривер Плейт”нинг ёш иқтидорли дарвозабони Франко Арманига имконият берилишини сўрай бошлади.

Арманига терма жамоанинг Мундиалга сўнгги тайёргарлик баҳси бўлган Исроилга қарши ўйинда майдонга тушиши кутилган эди. Бироқ ушбу беллашув сиёсий босим туфайли бекор қилинди. Армани эса ўз имкониятидан мосуво бўлди. Аммо терма жамоа билан Россияга йўл олди.

Якунда Кабальеро асосий таркиб футболчисига айланди. Унинг Испания ва Италияга қарши ўртоқлик учрашувларидаги ўйинига қарамай, Хорватияга гол “совға қилиши” Аргентинада дарвозабон муамммоси тўлиқ ҳал қилингмаганини кўрсатиб берди.

Ушбу қўпол хатодан кейин Арманининг Нигерияга қарши ўйинда илк дақиқалардан ҳаракат қилиши кутилмоқда. Аммо у ҳали терма жамоа сафида бирорта учрашув ўтказгани йўқ. Шундай бўлсада, унинг асосий дарвозабонга айланиши Аргентинанинг Жаҳон Чемпионатида узоқроқ қолишига ёрдам бериши мумкин.

Аниқ айтиш мумкинки, у Кабальеродан ҳам баттарроқ бўлмайди. Қолганини вақт кўрсатади.