Артета Сульшернинг "Олд Траффорд"даги муваффақиятсизлигини давом эттирадими: МЮ - “Арсенал” баҳси превьюси
Бир қанча муддат аввал, Хайрулла Ҳамидов ва Қаҳрамон Асланов ўртасида бўлиб ўтган кичик дебат ҳали ёдимиздан кўтарилганича йўқ. Улар ушбу қарама-қаршиликда жамоасини бошқариб борувчи мутахассислар Оле-Гуннар Сульшер ва Микель Артета хусусидаги фикрларини билдирган эди. Ҳақиқатан ҳам, бир-бирига солиштиришга арзийдиган икки мураббий ҳақида сўз борганди. Иккиси ҳам тобора мавқейини йўқотиб бораётган собиқ жамоаларини бошқарув остига олган ва яхши натижаларга эриша бошлаётганди. Менимча, ҳозир ҳам уларнинг даражаси бир-бирига анча яқин. Сульшерда стабиллик юқори, шу сабабдан, лигани Артета жамоасидан анча олдинда якунлади. Испаниялик мутахассис эса, “тўпчилар” билан 2 та титул ютишга улгурди, демак, у жамоани махсус ўйинларга тайёрлай олади.
Ўтган мавсум сўнгидаги солиштирувда вақт ва позициялардаги тақчиллик масаласи муҳокаманинг яхлит бир фикрда тўхташига етарли бўлмади. Энди эса ҳаммаси мураббийларнинг ўзига боғлиқ бўлиб қолди. Трансферлар ойнаси пайтида ҳар икки жамоа бош мураббийлари таркибини етарлича кучайтириб олди. Аммо қайд этиш жоиз бўлган муаммолар ҳам анча. Улар ҳақида имкон борича батафсил тарзда тўхталиб ўтамиз. Бошладик!
“Манчестер Юнайтед”
Сульшер барибир марказий ҳимоя зонасида қийинчиликларга дуч келмоқда. Магуайр мутлақ етакчилик вазифасини уддалай олмаяпти. Пенальтиларни инобатга олмаса, Фернандеш ўтган йилги формасида эмас. Рэшфорднинг ўйинига эътироз билдира олмаймиз. У сўнгги баҳсларда жамоасини олдинга бошлаётган ва унга ғалаба тақдим этаётган футболчи бўлиб турибди. Аммо унинг барқарорлик билан боғлиқ касали исталган пайт хуруж қилиши мумкин.
Ўз навбатида, бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман, биз ЕЧЛ ва АПЛда икки хил ҳаракат қилаётган МЮни кўряпмиз. Ўзи умуман, жорий мавсум “туманли альбион” биринчилигида тушунарсиз натижалар доимий тарзда кузатиляпти. Қизиқарли тарафи, 20 карра Англия чемпионлари ҳали “Олд Траффорд”да ғалаба қозонишни уддалай олмаяпти. Бугун ушбу қора анъана барҳам топадими?
Тахминий таркиб: Де Хеа, Уан-Бисакка, Магуайр, Линделёф, Шоу, Фред, Погба, МакТоминай, Фернандеш, Гринвуд, Рэшфорд.
“Арсенал”
Кимгадир ғалати туюлиши мумкин, аммо менинг фикримча, “тўпчилар” Англиянинг айни пайтдаги энг тушунарли жамоаси. Уларнинг ҳар бир натижаси мантиққа эга. Ҳа, 3 та мағлубият кузатилди. Бироқ рақиблар “Ливерпуль”, “Манчестер Сити” ва “Лестер”. Ушбу жамоаларга қарши кечадиган баҳсларни бой бериш кутилмаган ҳолат эмас.
“Канонирлар” сафида қийинчилик билан олиб қолинган Обамеянг гол ура олмай келяпти. Сўнгги маротаба 2014 йилда габонлик ҳужумчи лига ўйинлари доирасидаги 5 та ўйинда гол ура олмаганди. Виллиан биринчи турдаги супер стартдан сўнг, кўзга кўринмай ҳам қолди. Шунга қарамай, “Арсенал” зарба ва голлардаги самарадорлик бўйича 1995-1996 йилги мавсумдаги рекордни янгилади. “Opta” хабарига кўра, Артета шогирдлари ҳар бир ўйинда 8,8 тадан зарба йўллаб, 1,3 тадан гол уришга муваффақ бўлиб келмоқда.
Парти мослашиш жараёнини давом эттирмоқда. Габриэль ёзги трансферлар ойнаси вақтидаги энг яхши трансфер сифатида баҳоланмоқда. У лондонликлар ҳимоясига бироз тартиб олиб кира олди. Мағлубиятлар ҳам энди шармандали ҳисобларда эмас. Ёш жамоанинг тактик курашларда бу каби фаол тарзда кураш олиб бориши яхши ҳолат.
Ғалаба орқали Артета шогирдлари турнир жадвалининг анча юқори поғоналаридан жой олиши мумкин бўлади. Мағлубият уларни МЮдан ҳам пастроқ ўринга тушириб юборади.
Тахминий таркиб: Лено, Мустафи, Габриэль, Тирни, Сака, Бельерин, Себальос, Парти, Пепе, Виллиан, Обамеянг.
Мураббийлар
Оле-Гуннар Сульшер: “Арсенал”ни жуда яхши биламиз, бу мухлисларимиз учун ҳам принципиал ўйин бўлиши кутиляпти. Катта рақиб қаршисидамиз. Артета қўл остида ушбу жамоада қандай ўзгаришлар ва ривожланиш бўлаётганини кўриб турибсиз. Биз учун жиддий синов.
Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша услуби бор. Артета Пеп қўл остида ишлаган ва ундан баъзи бир жиҳатларни ўрганган.
Биз ўйиннинг даражасини тўлиқ ҳис қилиб турибмиз. Рақибни қандайдир 5-10 дақиқа ичида ютиб кетиб бўлмайди. Майдонда 90 дақиқалик кураш кечиши аниқ".
Микель Артета: “Уларда жамоа руҳи жуда яхши ривожланган. Манчестерликлар мутлақ бошқа даражадаги рақиб. Жамоалардаги жароҳат билан боғлиқ вазиятларни ҳам тўғри тушуниш зарур.
Карантингача бўлган ҳолатни кўриб чиқсангиз, Сульшернинг жамоаси яхши натижаларга эришиб келаётган эди. Улар ҳали ҳам қўрқинчли рақиб.
МЮ бир нечта тактик схемаларда ўйнай олади. Улар рақибга қараб бир неча вазиятларда ўйин услубини ўзгартира олганини кўрдик. Демакки, бизга қарши баҳсда ҳам сифатли футболчилар ёрдамида турлича ҳаракат қила олади. Биз ҳам мослашувчан бўлишимиз зарур".
Хулоса ўрнида
Турнир жадвалининг 12- ва 15- ўринларида бораётган жамоалар ҳақида камдан кам превью ёзамиз. Умид қиламизки, ушбу жамоалар тез орада ўз мавқейига муносиб натижаларни қайд эта бошлайди ва мусобақа жадвалининг юқори ўринларига қайтади.
Икки бир хил ҳолатдаги жамоалар баҳси ҳисоби ва натижасини тахмин қилишдан ожизмиз. Аммо ўз майдонида ўйнаётган ва нисбатан юлдузлироқ таркибга эга бўлган манчестерликларнинг имкониятларини юқори баҳолашимиз мумкин. Ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилишларини эса ишонч билан айтишимиз мумкин.
Ушбу ўйинни сайтимиз орқали матнли трансляцияда кузатиб бориш имкониятига ҳам эгасиз.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар