Артём Филиппосян: Жароҳатлардан тўлиқ фориғ бўлдим

Барчага маълумки  “Бухоро”, жорий чемпионатнинг биринчи даврасини яхши натижалар билан  якунлади. Бунда жамоанинг барча ўйинчилари бирдек  ҳаракат қилишди. Биз бугун айнан жамоанинг илғор ўйинчиларидан бири, марказий ҳимоячи, Артём Филипосян ҳақида сўз юритмоқчимиз. Артём, жамоанинг  энг оғир ҳулқ атворли ўйинчиларидан бири десак адашмаймиз. У ўйнаган учрашувлари орқали кўпчилик мухлисларда илиқ таассурот қолдирган. Бироқ, сўнги пайтларда Артём оёғидан олган жароҳати туфайли бир қатор баҳсларни ўтказиб юборди. Шу ва бошқаларни инобатга олган холда клуб матбуот котиби ҳимоячи билан учрашиб у билан суҳбатлашди.  

- Артём, маълум муддатлик танаффусдан кейин яна жамоага ёрдам беришни бошладингиз. Жарохатлар ортда қолдими?

- Аввало мен  биринчи ўринда жамоамиз  раҳбарияти, ўйинчилари ва мухлисларимизга  ўз миннатдорчилигимни билдириб, уларга рахмат айтмоқчиман. Айниқса жонкуяр ишқибозларимиз деярли ҳар куни қўнғироқ  қилиб,  тезроқ тузалиб, сафга қайтишимни истаб менга рухан далда бериб туришарди. Бунинг учун улар алохида рахмат!

Юқорида берган саволингизга кўра ҳақиқатдан ҳам мен, маълум муддат мажбурий танаффус қилдим. Бунга оёғимдан олган  қаттиқ  жароҳатим сабаб бўлди.  Худога шукурки, жарохатим ортда қолди. Бу албатта ўз –ўзидан бўлмади. Жарохатим сабабли,  биринчи давра  ўйинларида иштирок эта олмадим . Жарохатимни даволаш мақсадида пойтахтимиздаги малакали, тажрибали  шифокорлар қўлларидан келганча ҳаракат қилди. Лекин,  энди оёғим тузалди деганимда, жарохатнинг қандайдир асорати соғлиғимга раҳна солиб турди. Шундан сўнг, мен Москвага кетдим. У ерда ҳам  тажрибали  шифокорларга  учраб,  даволанишимга қарамай, мени безовта қилаётган жароҳат асоратини  тушунтирдим. Бахтимга Никита Наумович деган малакали шифокор учради ва у мени жароҳат асоратларидан  қутқариб  тўлиқ  даволади. Шу ўринда, у кишига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман.  Хуллас, шундан сўнг, мен Тошкентга қайтдим.  Қайтганимда жамоамиз Тошкент шахрида, тоғ-ён  бағрида машғулотларни ўтаётган эди. Дарҳол, улар билан машғулотларга қўшила олмадим ва шунинг учун ўз устимда вақтинчалик,  индивидуал тарзда ишлашимга тўғри келди. Кўпроқ вақтни машғулот залларида,  ҳамда очиқ хавода, машғулотлар қилиш билан ўтказдим.  Аста секинлик билан,  умумий гуруҳга қўшилиб, улар билан машғулот қила бошладим ва мана куни кеча кўрганингиздек,  иккинчи давранинг биринчи ўйинида “Олмалиқ”га қарши майдонга тушишга муваффақ бўлдим.  Жамоам учун хамма вақт ёрдамга тайёрман. Ўйлайманки, чиндан ҳам жарохат ортда қолди. Бундан кейин насиб этса, “Бухоро” бунданда  юксак чўққиларга чиқиши учун ҳаммамиз баробарига  ҳаракат  қиламиз. Мен буни ишонч билан айта оламан. 

- Жарохатлардан кейин 90 дақиқа ўйнаш анча қийинчилик туғдиргандир?

- Ҳаа! Даволаниб чиққанимдан сўнг, биринчи ўйин осон бўлмади албатта.  Ҳаттоки, ўйиннинг ўртасида  жисмонан озгина чарчаб қолганимни ҳам сездим. Лекин шундай бўлса ҳам  бўш келмадим ва мени  ўрнимга бошқа ўйинчи киришига  ҳам йўл қўймадим. Биз битта жамоамиз ва қандай вазият бўлмасин, буни рақиб жамоага асло сездирмаслигимиз керак деб хисоблайман. Энди бор кучимни кейинги учрашувларда,  ғалабага қозонишга қаратаман!   

- Аламли дуранг ҳақида фикрингиз қандай?

- Бу ҳақда нима ҳам дейишим мумкин? Албатта аламли деб тўғри айтдингиз. Ўйин бундай тарзда кечади деб ҳеч ким ўйламаган эди. Жамоамиз иккита пенальтини кутмаган эди. Лекин шахсан мен ўйинчиларимиз ажойиб ўйин кўрсатди деб бемалол айта оламан. Агарда пенальти бўлмаганида ғалаба бизники бўларди албатта. Охирги дақиқаларда ҳаммаси ўзгариб кетди. Майли, нима ҳам дердик. Ўйинда ҳамма нарса бўлиши мумкин. 

Сўз оҳирида ишқибозларга тилакларингиз?

- Уларга фақат соғлом хаёт, жисмонан бақувватлик, руҳан тетикликни тилаб қоламан. Улар борки, биз бормиз ва одилона ҳакамларимиз ҳам улар. Негаки, томошабинлар ўйинга кириб, сизни олқишлаб, талабчанлик қилиши футболчига ҳам ҳузур бағишлайди ва унинг янада  ҳаракат қилишга ундайди. Футбол аслида ишқибозлар учун. Доимо соғ ва саломат бўлишсин. Бизни қўллаб – қувватлашда чарчашмасин дейман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!