Ads

Мадриднинг "Атлетико" клуби раҳбарияти "Челси" посбони Тибо Куртуани сотиб олишни режалаштирмоқда.

AS нашри тарқатган хабарга кўра агар "матрасчилар"нинг айни дамдаги асосий дарвозабони Ян Облак жамоадан кетса, Мадрид клуби айнан 25 ёшли бельгиялик голкиперни ортга қайтаришга уриниб кўради. Айтиш лозимки, 24 ёшли словениялик посбонга ПСЖ ҳамда "Ювентус" клубларидан жиддий қизиқишлар бўлмоқда.

Берилган маълумотларга кўра "Атлетико" Облак билан товон пули 200 млн евро этиб белгиланган янги шартнома имзолашга ҳаракат қилмоқда, бироқ, томонлар ҳозирча бу борада келиша олишмаяпти. Таъкидлаш керакки, Облакнинг "матрасчилар" билан амалдаги шартномаси 2021 йилга қадар имзоланган ва унга кўра футболчининг товон пули 100 млн еврони ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Куртуа 2011-2014 йиллар давомида ижара асосида айнан "Атлетико" сафида тўп сурган.