"AVK Sports" компанияси вакиллари Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди

 

Бугун, 22 март куни Австриянинг "AVK Sports" компанияси вакиллари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрдилар. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, юртимиздаги бир неча спорт федерацияси вакиллари ҳам иштирок этишди.

Мазкур компания спорт тадбирларини ташкил қилиш, спорт инвентарларини етказиб бериш, мусобақа ўтказиш тартибини лойиҳалаштириб бериш фаолияти билан шуғулланади.

"Биз Олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари талабидан келиб чиққан ҳолда мусобақаларни ташкил қилиб берамиз. Мақсадимиз - сифатли хизматимиз билан Ўзбекистонда спорт ривожига ҳисса қўшишидир. Биз тайёрлаган лойиҳалар жаҳон стандартларига жавоб беради. Бунгача ҳам бир неча йирик мусобақаларни ташкил қилганмиз", - деди компания вакили Алексей Пирогов.

Компания ўз хизматларини қай тарзда, қандай тартибда тақдим этиши тушунтириб берилди. Ўз навбатида, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов бу таклиф албатта кўриб чиқилишини маълум қилди.

"Бу таклиф биз учун қизиқ. Имконият даражасида буни ўрганиб чиқамиз ва муҳокама қиламиз. Олдинда ҳали кўплаб режаларимиз бор. Таклиф учун катта раҳмат", - деди Шоакрам Исроилов.

Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби ҳам мазкур ҳамкорлик икки томон учун қизиқ бўлиши ҳақида гапириб ўтди.

"Вақт ажратиб Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз мазкур таклифларни албатта кўриб чиқамиз. Бу ерда биз учун қизиқ бўлган лойиҳалар мавжуд", - деди Жасур Матчанов.

Учрашув якунида компания вакиллари Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш учун тайёр эканликларини маълум қилдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!