Аёллар терма жамоамиз мусобақага тайёрми?

Хабарингиз бор 23 ноябрь – 1 декабрь кунлари Тошкентда “CAFA Womens Championship 2018” халқаро мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу турнирда Қирғизистон, Тожикистон, Эрон ва ва Афғонистон билан бир қаторда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам иштирок этади. Айтиш керакки, мазкур мусобақанинг барча ўйинлари “Миллий” стадионда ўтказилади.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Норсафаров эса бор эътиборини мазкур турнирга қаратган ҳолда қизларни жиддий равишда тайёрлаб бормоқда. Ўз навбатида терма жамоамиз устози Sports.uz сайти учун мазкур мусобақага кўрилаётган тайёргарлик, рақиблар ва мақсад ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб келган қизларимизни йил давомида текшириб, кузатиб уларни назорат қилиб келаётгандим, - дея гап бошлади, терма жамоа бош мураббийи. - Ҳозирги вазиятда бизга фақат тайёр футболчилар ва тайёр таркиб керак эди. Кимнидир саралаб олиш учун бизда вақт йўқ. Бунинг устига ҳозир айтганимдек, уларнинг ҳаммаси синовдан ўтган футболчилар ҳисобланади. Айни пайтда чемпионатимизнинг якунланиб бораётгани учун ҳозирда барча қизларимизнинг жисмоний ҳолати жойида. Шу сабабдан машғулотларда улар билан техник ва тактик томонлама кўпроқ ишлаяпмиз. “Металлург” билан “Севинч” жамоасининг футболчилари термамизнинг асосий негизи ҳисобланишади. Масалан, “Металлург”дан 5 та, “Севинч”дан эса 10 нафар қизларни жалб этганмиз. Яна такрорлайман: барча қизларимиз тайёр ва текширувдан ўтган, кутилмаганда чақирилган футболчилар йўқ. Ҳозирда терма жамоамизнинг ўртача ёши 19 ни ташкил қиляпти. Ҳаммаси икки йилдан кейин Олимпиада мусобақаси учун мос қизлар ҳисобланишади. Эътибор берсангиз, таркибдан уч нафари 1993 ва 1994 йилларда туғилган футболчилардир. Қолганлари 1997, 1999 ва 2000 йилларда туғилишган.

- Гуруҳимизда Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари бор. Рақибларни ўрганиш қандай давом этмоқда ва биз учун гуруҳда асосий рақобатчи деб кимни кўрсата оласиз?

- Биз учун фақат Афғонистон сирли жамоа бўлиб турибди. Бизда уларнинг таркиби бор, аммо чемпионатга қандай тайёргарлик кўришганини билмаймиз. Чунки улар ҳақида бизда маълумот йўқ. Эрон, Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоаларини эса яхши биламан. Бош мураббий сифатида U-16 ва U-19 терма жамоалари мисолида улар билан тўқнаш келганмиз. Ҳозирда ушбу терма жамоаларнинг негизини ўша пайтдаги қизлар ташкил қиляпти. Масалан, бизда ҳам шунақа. Шу боис ушбу рақибларимизнинг ўйин тактикаларини биламиз. Гуруҳда эса фаворит жамоа сифатида Эронни кўратишим мумкин. Яъни, улар биз учун асосий рақобатчига айланади деб ўйлайман. Жамоамизда 4-5 нафар универсал футболчиларимиз бор. Шу боис исталган учрашувда ўйин тактикамизни ўзгартириб юборишимиз мумкин.

- Айтинг-чи, раҳбарият томонидан САFА Кубогида жамоа олдига аниқ мақсад қўйилдими ёки асосан қизларимизнинг амалиёти учун қатнашасизларми?

- Вазифа қўйилган. Чунки келаси йилнинг апрель ойида Осиё чемпионатига саралаш баҳслари ўтказилади. Унгача эса январь, февраль ва март ойлари қолади. Декабрда эса барибир қизларга дам бериш керак бўлади. CAFA мусобақасида қатнашишдан мақсад олимпия терма жамоасига номзод қизларни яна бир бор текшириб олиш ҳисобланади. Бу халқаро мусобақа бўлгани боис биз учун айни муддао. Шунингдек, рўйхатимизда чақирилмаган яна 15-20 нафар футболчиларимиз ҳам бор. Биз ушбу мусобақа орқали таркибни янада аниқлаштириб оламиз. Агарда қайсидир ўйинчимиз талабларни тўлиқ бажара олмаса, у ҳолда январда яна бошқа қизларни ҳам синаб кўришимиз керак бўлади. Бу халқаро мусобақа ва рейтингга таъсир ўтказувчи турнир ҳисобланади. Шундай экан, албатта унда муваффақият қозонишимиз талаб этилади. CAFA мусобақасидан кейин яна бир бор тўлиқ ҳолатда ўйинларимизни таҳлил қилиб чиқамиз.

- Умуман олганда, ҳозирги танлаб олинган таркиб сиз мураббийларнинг кўрсатмаларини бажаришга тўлиқ тайёрми? Ёки қандайдир муаммолар борми?

- Биринчи навбатда мен бу қизларни анчадан бери биламан. Ўз вақтида турли ёшдаги терма жамоаларда ўйнатганман. Шу боис бу футболчилар мен учун янгилик эмас. Ўз навбатида улар ҳам мени қандай тактика қўллашимни ва нималарга эътибор беришимни билишади. Фақат битта муаммо бўлиши мумкин. Масалан, қизларимиз турли жамоаларда ҳар ҳил тактикаларда ўйнашган. Айтайлик, “Бунёдкор” 4-4-3, “Металлург” эса 4-1-4-1 кўринишида ўйнашган. Йил давомида шундай тактикаларда тўп сурган футболчиларда эса рефлекс ҳосил бўлади. Терма жамоада эса тактика мисол учун 4-4-2 бўлса, уларни ушбу тактикага мослаштириш лозим бўлади. Лекин иш жараёнидан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, қизларимиз оптимал ҳолатга келишди. Муҳими, уларнинг машғулотлардаги ишларидан қониқяпман. Муҳими, футболчиларимизда жиддий жароҳатлар йўқ. Биз албатта вазифани бажаришимиз керак.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!