Аюбхон Камалов: "Бизни синдиришга уринганларга ўзбек ўғлонларининг кучини кўрсатиб қўйганмиз"
Ўзбекистонда аралаш жанг санъатларининг ҳам ўз тарихи бор. Гарчи, бир неча йиллар аввал бу спорт тури мамлакатимизда мавжуд бўлмаган бўлса-да, вакилларимиз хорижда фаолият олиб бориб, бир қатор муваффақиятларга эришган. Жумладан, Суннат Ильясов бу йўлни бошлаб берган бўлса, у билан бирга илк қалдирғочлар Шавкат Ўрақов, Аюбхон Камалов ҳамда Гулбаҳор Амантаева Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Жанубий Корея ва бошқа чет эл мамлакатларида ўзларининг ажойиб жанглари билан мухлислар олқишига сазовор бўлиш баробарида яхши натижалар ҳам қайд этишган.
Улар орасида Аюбхон Камаловнинг ҳам юртимиз ММА оламида ўз ўрни бор ва у кўплаб ёш жангчиларимизнинг “кумир”ига ҳам айланиб улгурган. Биз ушбу ҳамюртимиз билан анчадан буён интервью қилишни мақсад қилган эдик. Ушбу ниятимиз амалга ошиб, у билан фаолияти ва режаларига оид суҳбат қурдик...
- Ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом. Ассалому алайкум.
- Дастлаб анъанавий савол, яъни ММА оламига кириб келишингиз тарихи ҳақидаги хотиралар билан бошласак ?
- Аслида, фаолиятимни дзюдо билан шуғулланишдан бошлаганман. Кейинчалик спорт курашлари мусобақаларида иштирок этгандим. Бир куни дўстим Суннат Ильясовнинг ММА йўналишида яхши натижалар қайд этаётганини бевосита газета орқали кўриб қолдим. Суннат билан кўплаб мусобақаларда дуч келганмиз, кураш тушиб юрганмиз. Қисқаси, яқин дўстларга айланган эдик. Яна қизиқиш юқори бўлди. Шу тариқа бу спортга кириб келганман.
- Демак, сизни ММА даги фаолиятингизда қисман Суннат Ильясовнинг ҳам ўрни бор эканда ?
- Қисман эмас, жуда катта ўрни бор. Аввало, Яратганнинг инояти, сабабчиси дўстим Суннат бўлган. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ўша муваффақиятларини эшитиб, унинг олдига борганман ва мени ҳам ушбу жангларга олиб боришини сўраган эдим. У ўша вақтлар панкратион йўналишида Қозоғистон, Россия мамлакатларида ажойиб натижалар қайд этаётган эди. Жуда кўпчиликнинг орасидан мени танлаб олган ва у туфайли бу спорт турида камтарона бўлса-да муваффақиятларга эришганмиз.
- Ўша вақтлар бу спорт тури мамлакатимизда деярли йўқ эди ва рухсат ҳам бўлмаган.... Шунчаки қизиқиш эмас, балки молиявий жиҳатини ҳам инобатга олиб, ушбу яккакураш йўналишини танлагандирсиз?
- Умуман бундай хаёл бўлмаган. Ёшликдаги қизиққонлик, кучга, имкониятимга бўлган ишонч ва ўзимни синаб кўриш иштиёқи бунга етаклаган. Икки-учта жанг ўтказганимиздан кейин эса бошқача ҳиссиёт юзага келган. Бизнинг мамлакатда ҳам бунга рухсат берилиб қолар деган умидда бу борада ҳам ўзбек спортчиларининг имконияти юқори эканлигини исботлаш мақсадлари пайдо бўлган.
- Самбо мусобақаларида ҳам қатнашгандингиз. Натижалар қандай бўлганди?
- Ҳа, самбо турнирларда ҳам иштирок этганман. Менга мазкур спорт турида ўзимни синаб кўришни таклиф қилишган. Самбо ҳам аралаш жанг санъати турларига яқин. Бу йўналишда ёшлар ва катталар ўртасида мамлакат чемпиони бўлганман. Жаҳон чемпионати совриндори, яъни кумуш медални қўлга киритганман. Финалда россиялик икки карра жаҳон ва тўрт карра Европа чемпионига очколар ҳисобида имкониятни бой бериб қўйгандим. 2014 йил жанговар самбо бўйича мусобақага таклиф қилишди. Айниқса, самбони бу йўналиши деярли ММА билан бир хил десак ҳам бўлади. Иштиёқ пайдо бўлди ва Ўзбекистон чемпионатида қатнашдим. 6 та жангда ғалабага эришдим. Аксариятини муддатидан аввал якунладим. Шу тариқа бу турда ҳам мамлакат чемпиони бўлдим.
Бу ғалабалар Осиё ва жаҳон чемпионатида иштирок этишимни таъминлади. Осиё чемпионатида ҳам зафар қучдим. Учта жанг ўтказиб, барчасини муддатидан аввал якунладим. Сўнгра жаҳон чемпионатига Японияга бордик. Бу мусобақанинг ярим финал баҳсида қозоғистонлик икки карра жаҳон чемпиони, кейинчалик ММА йўналишида “Alash Pride”, ACA каби промоушенларда чемпион бўлган Арман Оспанов билан тўқнаш келдим. Мен 68 кг даман. Хеч қандай вазн ташлаш бўлмаган. Арман бу турнирда қатнашиш учун камида 10-15 кг вазн ташлаганди. Бундай ишонч билан айтишимнинг боиси, анчадан буён шу спорт турини ичида юриб, барчасини яхши англар эдим. Лекин жанг мобайнида унинг бунчалик кўп вазн ташлагани ҳам билинмади. Унда энергия жуда юқори эди. Жангдан кейин мураббийларимга бунақа бўлиши мумкинмас. У допинг қабул қилган дегандим. Ўша турнирда мен бронзани олдим. У олтинни қўлга киритди. Кейинчалик текширувларда ундан допинг чиқди ва адашмасам бир умрга самбодан четлатилганди. Қисқаси, кўп яккакурашларда турли хил мусобақаларда иштирок этиб, ҳар ҳолда яхши натижалар қайд эта олганман.
- Сиз, Суннат Ильясов ва Шавкат Ўроқов фаолиятида жуда кўп нохолисликка учраган вазиятлар бўлган дейишади?
- Шубҳасиз. Жуда кўп бўлган. Шавкат ҳам Суннат каби жуда яқин дўстим бўлган. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Уччаламиз бориб, Қозоғистон, Россияда жанг ўтказардик. Бизда ҳеч қандай мураббий бўлмаган. Жанг вақтида бир-биримизга мураббий эдик. Бизни у ерларда ютқазишимизни кутишарди. Ҳар қаердан рақиб топиб келишарди. Бизни синдирмоқчи бўлишиб, қўлидан нима келса қилишар эди. Ўша вақтлар бизни Ўзбекистондан эканлигимиз ва ватанимиз шаънини ҳимоя қилишимиз руҳлантирарди. Шукрки, Яратганни ўзи бизни қўллаб турди. Уларнинг ўйлаганлари амалга ошмади. Чунки биз жуда кўп жангларни ютдик. Тўғри, баъзи жангларда мағлуб ҳам бўлдик. Лекин бунга юқорида айтиб ўтганимдек, ғирромликлар сабаб бўлди. Ўз давримизда 30 дан ошиқ жанг ўтказган бўлсак, рақибларимиз россияликми, қозоғистонлик, қирғизистонликми ўша кавказликларми барчасини устидан ғалабага эришганмиз.
Мағлубиятларимизнинг эса арзирли сабаблари бор. Демоқчиман, рақиблар хаққоний тарзда ғалабага эришишмаган. Бир жангимда ўйин қилиб, қўлдан келганча рақибга ён босишганди. Яна бирида М-1 чемпиони Венер Галиевга қўлим синган вақти ютқазганман. Унгача кучли 8 та жангчи бир-бири билан бир кунда жанг олиб борадиган жаҳон чемпионатида Арсен Темирханов билан жангда қўлим синиб кетганди. Шу каби омиллар мағлубиятимизга сабабчи бўлган. Лекин битта нарсани фахр билан айта оламанки, биз чет эл мамлакатларида ҳам ўз сўзимизни айта олдик ва ўзбек ўғлонлари нималарга қодирлигини кўрсатиб қўя олганмиз.
- Айнан қозоғистонлик Куат “Найман”Хамитов билан бўлган иккинчи тўқнашувингизда адолатсизликни гувоҳи бўлгандик. Келинг шу ҳақида батафсил ўзингиздан эшитсак?
- Куат билан дастлабки жангимиз Қозоғистоннинг “Қапчиғай” деган дам олиш масканида казинода бўлиб ўтган. Тўрт раундлик жангда уни мағлуб этгандим. Уч ойдан кейин реванш таклиф қилишди. Жаҳон термаси ва Қозоғистон ўртасида 10 та қарама-қаршилик бўларди. Бу вазнда Куатга қарши мени танлашганди. Бораман деб ваъда бериб қўйдим. Турнирга яқин қолганда соғлиғимда муаммо бўлиб қолди. Даъволандим. Имкон қадар машғулот олиб боришга ҳаракат қилдим. Лекин кўнгилдагидек бўлмади. Жангни рад қилсам ҳам бўларди. Бироқ қўрқди деган гап бўлмасин дедим. Кейин лафз қилгандим. Хуллас, оғриқли усул ёки бўғиш ҳолатидан фойдаланишни ўйлаб бордим ва жанг қилдим. Бир маротаба усулга туширдим. Ҳакам атайин ажратиб юборди. Бир маротаба қарши зарбада ушладим ва яхши имкониятга эга бўлиб турганимда, бонгни эрта чалиб юборишди. Хуллас, шунақа вазиятлар орқали ғалабани унга олиб беришганди. Лекин асосий сабаб, соғлиқ борасидаги муаммо бўлган.
- Айтишларича, Қозоғистонда ҳам ушбу спортни ривожлантиришда уччаловингларни хизматинглар катта бўлган экан?
- Ҳа, Қозоғистонни клуби номидан легинер сифатида жанглар ўтказганмиз. Бизни Ўзбекистонда қўллайдиганлар бўлмаган. Чунки бу спорт тури умуман йўқ эди. Қаршиликлар бўлган. Хуллас, Қозоғистонда бизга барча шароитларни қилиб беришган. Машғулотлар ўташ, молиявий жиҳатлар яхши кўриниш олган. Шунинг учун шартнома асосида қозоқ клублари сафида турнирларда иштирок этганмиз. Уларга жуда кўп ғалабаларни тортиқ қилиб, Қозоғистонда қайсидир маънода, ушбу спорт турини янада ривожланишига оз бўлса ҳам хиссамизни қўшганмиз, деб айта оламан.
- Қозоғистондан ташқари яна қаердаги турнирларда иштирок этгансиз?
- Россиядаги UFC легендаларидан бири Олег Тактаров турнирида ғалаба қозонганман. Энг тезкор ва техникаси юқори бўлган жангчи номинациясини олиб, ушбу совринни Тактаровни ўз қўлидан қабул қилганман. Умуман олганда, фаолиятимни катта қисмини Қозоғистонда ўтказганман.
- Дуч келган рақибларингиз орасида кейинчалик UFC, “Bellator”, “ONE Championship” промоушенларида жанг ўтказганлари борми?
- Айнан буларда урушганлари йўқ. Лекин Россиянинг нуфузли промоушенларида чемпион бўлганлари бор. Мисол учун, Венер Галиев М-1 чемпиони бўлган Арсен Темирханов ва Арман Оспановларни айтиб ўтишим мумкин . Куат Хамитов ҳам МДҲ мамлакатларида анчагина машҳур саналади.
- Умуман олганда, қайси промоушенларда жанг олиб боргансиз?
- Бизнинг вақтимизда промоушенлар унчалик ривожланмаганди. Кейинчалик бунга катта аҳамият беришди. Биз асосан тижорий турнирларда иштирок этар эдик. Қозоғистоннинг “Абылайхан” клуби номидан жанглар ўтказганман. Қолаверса, оилавий шароит туфайли ундай промоушенлар билан шартнома тузиб, доимий сафарларда юриш имконияти бўлмаганди.
- Наманган шаҳрида ўз клубингизни очганмисиз?
- Оз қолди. Бу борада ишлар амалга оширилмоқда. Ўйлайманки, тез орада ўз клубимиз ҳам фаолиятини бошлайди.
- Бу саволни беришимнинг боиси яқинда ҳаваскорлар ўртасида тарихий ММА бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Финалда бирорта наманганлик спортчини учратмадик. Сабаби нимада деб ўйлайсиз?
- Албатта, бу янги спорт тури. Шунинг учун улар қонун-оидаларни яхши ўзлаштирмаган. Энг асосий сабаби шунда. Қолаверса, яхши савиядаги мураббий керак бўлади. Кейинги мусобақаларда, албатта, наманганлик спортчилар ҳам яхши натижалар қайд этади.
- Мана сизлар орзу қилган кунлар келди. Яъни Ўзбекистон ММА ассоциацияси ташкил қилинди. Спортчи сифатида эриша олмаган натижаларга мураббий бўлиб етишиш имконияти мавжуд. Балки, бундай имкониятдан самарали фойдаланиш керакдир?
- Шукрки, шундай кунларни кўрдик. Аввало, бунинг учун юртбошимизга катта раҳмат. Қолаверса, ассоциацияни ташкил қилган мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қолган бўлардим. Биз бошдан кечирган қийинчиликларни ҳеч кимга раво кўрмасдик. Ўз ёнимиздан турнирларга йўл олиб, хатто, катта камаз, юк ташувчи машиналарда борган вақтимиз бўлган. Керак бўлса, маълум масофани пиёда босиб ўтганмиз. Бизга қилинган нохақликлар... Эххе, бундай кунларни жуда орзу қилганмиз. Шунинг учун ўзимнинг ҳам жанг ўтказиш иштиёқим уйғонган.
Агар имконият берилса, яхши промоушенларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга қурбим етади деб ўйлайман. Шунингдек, Ўзбекистон ММА ассоциацияси раҳбари Отабек Умаровнинг олиб бораётган ишларига омад тилайман ва ўзим ҳамда барча шогирдларим номидан миннатдорчилик изҳор этган бўлардим. Албатта, имкониятдан унумли фойдаланамиз. Насиб қилса, кучли ва маҳоратли кадрларни етказиб беришга ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, шогирдларимиз нуфузли турнирларда ватанимиз шарафини ҳимоя қила олишади ва биз эриша олмаган, бизга армон бўлган натижаларни қайд этадилар!
Фикрлар