Азим Аҳмедов: Мухлислардан ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлашликни сўраб қоламан
Ads

Қрим ва Туркиядаги йиғинлардан кейин мавсумга тайёргарликнинг сўнгги қисмини Наманганда давом эттираётган «Навбаҳор» таркиб жиҳатдан анча ўзгарган. Биз эса маҳоратли ярим ҳимоячи Азим Аҳмедов билан суҳбат қурдик.

- «Навбаҳор» йиғинига Туркияда қўшилдингиз. У ердаги йиғин ва ўртоқлик ўйинларидаги рақиблар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Туркияда яхши тайёргарлик олиб борилди. Рақиблар кучли ва тўғри танланган деб ўйлайман. Уларга қарши ўйинларда ўзимиз учун керакли бўлган кўплаб жиҳатларни ўргандик. Ушбу йиғинда асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилди.

- Канчельскис ҳам Арвеладзе каби Европа футболидан баҳраманд бўлган мутахассис. Унинг маҳаллий мураббийлардан ажралиб турадиган қандайдир учтун жиҳатларини сездингизми?

- Арвеладзе қўл остида бир ярии йил ўйнаган футболчи сифатида шуни айтишим мумкинки, бу мураббий ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонга Европа футболини олиб киряпти. Ўйлашимча бу икки мутахассис кўпни кўрган тажрибали мураббий сифатида клубларимизни ўсишга эриштира олади.

- Сизнингча «Навбаҳор»да асосий таркиб ўйинчисига айланиш учун имконият яхшироқми?

- «Навбаҳор»да ҳам рақобат кучли деб ўйлайман. Очиғи олдимда бир қатор таклифлар бор эди. Лекин, «Навбаҳор»ни танладим. Мақсадим ўз устимда ишлаб, астойдил меҳнат қилиб асосий таркиб футболчисига айланиш. Ҳозирда бор эътиборни «Навбаҳор»га қаратмоқчиман.

- Маълум муддатдан сўнг яна қадрдон жамоангизга қайтдингиз. Наманганлик мухлисларни соғинганингиз аниқ. Лекин, «Навбаҳор» ўйингоҳи майдони ҳали мавсумга тайёр бўлмагани боис илк учрашув узоққа чўзилиши мумкин…

- Ҳа тўғри. Биринчи навбатда мухлисларни жуда ҳам соғиндим. Майдон масаласига келадиган бўлсак барчаси яхши ҳолатга келтириляпти. Бизни мухлислар меҳмонда ҳам қўллаб-қувватлашади буни жуда яхши биламан. Улар бизни ёлғизлатиб қўйишмайди. Худо хоҳласа уларни хурсанд қиламиз.

- «Пахтакор» ОЧЛ гуруҳ баҳсларига йўлланма олди. Жамоадан кетганингизга ачинмадингизми?

- Олдин ҳам айтдимку, захирада ўтириб, меҳнат қилмасдан пул топмоқчи эмасман. Шу сабабли «Навбаҳор»да қаттиқ меҳнат қилмоқчиман.

-«Реал»дан «Ювентус»га ўтган Роналдунинг мақсадлари барчага аён. «Пахтакор»дан «Навбаҳор»га ўтган Аҳмедовнинг мақсадлари қандай?

- Энг катта мақсадим наманганлик жонкуяр мухлисларни хурсанд қилиш. Бу ерда жонимни бериб ўйнамоқчиман. Мухлислардан эса ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлашликни сўраб қоламан. Аввало ёмон кун бўлмасин, лекин футболда барча нарса бўлиши мумкин. Шунда ҳам ишончни йўқомайлик. Худо хоҳласа ана шунда барчаси яхши бўлади.

Хуршид Юсупов сухбатлашди.