Азиз Ибрагимов: “Бухоро” бежизга дастлабки олтиликдан ўрин эгалламаганини ишончли ўйинлар орқали исботлайди
Ads

Аввалги йиллардан анча ўзгача тарзда ўтказилаётган PEPSI Суперлига баҳсларида биринчи босқич якунланди.

Жамоалар энди 6 тадан 2 та гуруҳга ажратилади. Дастлабки гуруҳ чемпионат медаллари учун кураш олиб борса, иккинчи олтиталик Суперлигада жон сақлаб қолиш учун баҳс юритади. Жамоалар энди ўз гуруҳи доирасида уй-сафар тизимида жами 10 та учрашув ўтказишади. 

Дастлабки босқич якунларига кўра, “Бухоро” жамоаси кучли олтиликдан ўрин эгаллади ва энди Суперлига иккинчи босқичида юқори ўринлар учун баҳсларга киришади. Бухороликлар етакчиларидан бири Азиз Ибрагимов ПФЛ расмий сайтига биринчи босқич якунлари ва чемпионатнинг ҳал қилувчи босқичидан нималар кутаётгани ҳақида сўзлаб берди.

- Жорий мавсум олдингиларидан анча ўзгача ўтяпти. Чемпионатимизда жамоалар ўртасидаги кураш ва рақобат анча ортди, савия эса анча тенглашди. Зеро ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш учун анча тер тўкишга тўғри келяпти. Шу сабабдан Суперлига анча қизғин давом этаётганини таъкидлай оламан. 

Бунда ўйин атрофидаги ташкилотчилик, мухлисларни стадионларга жалб этиш учун қилинаётган турли хил акцияларни ҳам салмоқли ўрни бор. Ўйин олди тадбирлар ва қизиқарли акцияларни мунтазам равишда ўтказиб бориш керак, деб ўйлайман. Шунда янада кўпроқ ишқибоз стадионга келади. Стадионга келиш имкони бўлмаганлар эса ўйинларни ТВ орқали томоша қилиш имкониятига эга бўлишяпти.  Бу ҳам олдинга қўйилган қадам.

Мавсум аввалиданоқ бизнинг жамоа кучли олтиликка кириб, якунда медаллар учун курашишни мақсад қилган эди. Биз олдимизга қўйилган вазифани бажара олдик. Лекин шуни алоҳида таъкидлашим керакки, дастлабки олтиликдан жой олиш осон бўлгани йўқ.

Энди олдинда ҳал қилувчи босқич турибди. Суперлиганинг иккинчи босқичида ҳам “Бухоро” жамоаси мазмунли ўйин кўрсатишга уринади. Биз бежизга дастлабки олтиталикдан ўрин эгалламаганимизни ишончли ўйинларимиз билан исботлаймиз ва мухлисларимизга чиройли ғалабалар тортиқ этишга ҳаракат қиламиз, - деди маҳоратли футболчи.