Азизбек Абдуғофуров Тошкентда чемпионлик жангини ўтказади

Хабарингиз бор, 17 март куни профессионал рингда мағлубият нималигини билмай келаётган боксчимиз Азизбек Абдуғофуров 10-ғалабасини қўлга киритган эди. Мазкур жангда у Жанубий Африка Республикаси вакили Алфонсо Тиссенни (10-1-2) очколар бўйича мағлуб қилди.

SPORTS.uz интернет порталига маълум бўлишича, Азизбек кейинги жангини 5 май куни Тошкентда ўтказади. Ушбу жанг WBC камари учун кечиши кутилмоқда.

Малайзияда ташкил қилинган бокс кечасида барча ўзбек боксчилари зафар қучишди. Бундан жуда хурсандмиз. Юртимизга ёруғ борадиган бўлдик. Менинг жангим анча қийин кечди. 8 раунд давом этди, – дейди Азизбек SPORTS.uz интернет порталига. – Кейинги жангим май ойида Тошкентда бўлади. Промоутерларимиз ушбу жангни чемпионлик учун бўлишига ҳаракат қилишмоқчи. Худо хоҳласа, бу тўқнашувга яхши тайёргарлик кўриб, мухлисларни, юртдошларимизни хурсанд қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, 5 май куни яна бир енгилмас боксчимиз, “World Boxing Council Silver” чемпионлик камари соҳиби Қудратилло Абдуқаҳҳоров (14-0-0, КО9) ҳам Тошкентда навбатдаги жангини ўтказади.

Маълумот учун: Ҳозирда Азизбек ҳисобида 10 та жанг бўлиб, боксчимиз уларнинг барчасида рақибларини мағлуб қилган. Шулардан 4 таси нокаутдир.