Баҳром Норсафаров: Руминия каби кучли рақибларга қарши ўйинлар биз учун жуда фойдали
Ads
Хабарингиз бор, бугун Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси «Turkish Women's Cup 2019» халқаро мусобақасида Руминияга қарши баҳс олиб бориб, кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Ўйиндан кейин терма жамоа бош мураббийи Баҳром Норсафаров ЎФА расмий сайтига ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Бугун терма жамоамиз футболчилари жуда яхши ҳаракат қилишди. Аввалги ўйинда Ҳиндистонни мағлубиятга учратгандик. Афсуски, бугун мағлуб бўлдик. 37-дақиқада рақиб имкониятндан унумли фойдаланиб, гол киритишга муваффақ бўлди. Шогирдларимнинг бугунги ҳаракатидан қониқиш ҳосил қилдим. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак. Бугунги ўйинда ҳакамлик жуда ёмон бўлди. Youtube сайтида мазкур ўйин видеоси бор. Истаганлар кириб кўришлари мумкин. Агар ҳакамлар адолатли бўлишганда, бугунги натижа умуман бошқача ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо биз натижа учун ўйнамадик. Асосий мақсадимиз шундай ўйинларда асосий таркибни шакллантириб олишдан иборат. Руминия каби кучли рақибларга қарши ўйинлар биз учун жуда фойдали. 

Олдимизда Олимпиада саралаши баҳслари кутиб турибди. «Turkish Women's Cup 2019» халқаро мусобақаси орқали бўлажак саралаш ўйинларига тайёргарлик кўряпмиз. Ўз ўрнида, бизга мана шундай мусобақаларда қатнашиб, муносиб тайёргарлик кўриш учун етарлича шарт-шароит яратиб бераётган Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Худо хоҳласа, Олимпиада саралашида яхши қатнашиб, Токио-2020 мусобақасига йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз", - деди Баҳром Норсафаров.