
Бердиев ҳамкасбларини «қутқарувчи» ролидами?
«Андижон» бош мураббийи Элдор Сакаев учун мураббийлик тақдири қил устида қолганди. Аммо «Насаф»га қарши учрашувда унинг жамоаси ишончли ғалабани қўлга киритди ва натижада Элдор Усмонович «Андижон»даги лавозимини сақлаб қолди. Шунингдек, «Қўқон-1912» устози Нўъмон Ҳасанов ҳам 5-турдан кейин бироз енгил тин олган бўлса ажаб эмас. Чунки унинг жамоаси Навоийда «Қизилқум»га қарши кечган баҳсда ўта қимматли бўлган уч очкони қўлга киритишгани ҳам Ҳасановни балки истеъфодан қутқариб қолган бўлса ажаб эмас. Лекин бугунги мақола «Насаф» ва унинг бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳақида бўлади. Чунки бунинг ўзига яраша сабаблари бор.
Охирги йилларда «Насаф»нинг муаммолар гирдобига тушиб қолгани эндиликда ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Совринли ўринлар учун курашиб келган «аждарлар»нинг «олови» бугунги кунга келиб кучсизланиб қолгани ҳам рост. Рўзиқул Бердиев «Насаф»да кучли таркибга эга бўлганини яхши эслаймиз. Аммо вақти келиб, унинг жамоаси зарарсизлантирилди. Ёдингизда бўлса, «Пахтакор» охирги йилларда асосан «Насаф»нинг етакчиларини қўлга киритиб келди. Натижада «Насаф»да етакчи футболчилардан ҳеч ким қолмади. Ўз вақтида ОФК Кубогини қўлга киритган жамоа бугунги кунга келиб ўзининг академиясидан етишиб чиқаётган футболчилар ҳисобига чемпионатда қатнашишга мажбур бўлишмоқда. Биласиз, ҳар қандай мураббий ўз жамоасида маҳоратли ижрочиларга эга бўлишни истайди. Айниқса, қисқа вақт ичида натижа талаб қилинаётган бугунги кунда мураббийлар учун юқори савияли ўйинчилар сув ва ҳаводек зарур бўлиб қолган. Лекин Бердиевда бундай имконият ҳам йўқ. Агарда унинг ўрнида бошқа мураббий бўлганида академия тарбияланувчилари билан чемпионатда иштирок этишдан бош тортган бўларди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, бундай таркиб билан «Насаф»ни бошқаришдан қўрқишарди. Лекин аслида мураббийнинг ҳам асл билим ва малакаси мана шундай паллаларда билинади. Бунинг устига «Насаф»даги мавжуд муаммолардан фойдаланган ҳолда бошқа клублар Рўзиқул Бердиевга оғиз солишди ва у билан келишувга эришишга ҳам ҳаракат қилишди. Айниқса, қишда унинг «Насаф»дан кетиши мумкинлиги борасида ҳам гап-сўзлар чиққанди. Лекин ўзи шундоқ ҳам таркибида асосан ёшлар қолган жамоани мураббий ташлаб кетишни истамади. Агарда у бошқа клубдан тушган таклифни қабул қилиб кетганида биров ҳеч нима дея олмасди ҳам. Чунки бу унинг ҳуқуқи ва кетишга ҳам ҳаққи бор эди. Қолаверса, молиявий томондан ўзи учун ҳам маъқул вариантлар бисёр эди. Лекин Рўзиқул Саъдуллаевич биринчи ўринга ўзининг эмас, балки жамоасининг манфаатини устун қўйди. У энди ўсиб келаётган академия тарбияланувчиларини қандай шароитда бўлмасин, уларга футболнинг сир-асрорларини ўргатиб, катта футболга қадам қўйишларида ҳам ўзи бош-қош бўлишни истади. Қолаверса, Бердиев ва «Насаф»нинг танлаган йўли бор. Клуб академияси эса ана шу танланган йўлнинг бир қисми. Айни пайтда эса академия ниҳоллари аста-секин томир отишни бошлади. Бердиев эса ҳаммасини кўра билиб туриб, уларни ташлаб кетишга кўзи қиймади. Лекин шу билан бирга у ўзи учун оғир йўлни ҳам танлаганини айтиб ўтиш жоиз. Унинг таркибида энди Драган Черан, Шерзод Аъзамов, Баҳром Абдураҳимов, Одил Ҳамробеков, Элдор Суюнов, Фарруҳ Сайфиев ёки Игорь Голбан каби етакчилар йўқ. Энди у Умид Эргашев, Акмал Мозговой, Дилшод Саитов, Ислом Рашидхонов, Ғолиб Ғайбуллаев яна бошқа кўплаб янги қалдирғочлар билан мавсумга киришди. Энди ушбу ёшлар мунтазам равишда ўйин амалиётига эга бўлиб боришмоқда. Ўзбекистон олимпия терма жамоасида ҳам «Насаф» тарбияланувчилари кўпчиликни ташкил этади. Одатда Рўзиқул Бердиев ёшларни кашф этишни қойиллатадиган мураббийлар сирасига киради. Шунинг учун унинг бошичилигида шу кунгача кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиқишди ва уларнинг аксарияти турли ёшдаги терма жамоаларимизда ҳам тўп суришяпти. Муҳими, «Насаф»нинг эртаси бор ва бу клуб Бердиев бошчилигида ўзбек футболи учун фойда келтиришдан давом этмоқда. Лекин бунинг учун айрим муаммоларга ҳам кўз юмишга тўғри келмоқда.
Лекин «Насаф»нинг фақатгина ёшлар билан бирор-бир натижага эришиши ўта мураккаб масала. Буни Бердиевнинг ўзи ҳам яхши тушуниб турибди. Бу йилги мавсумнинг бошланиши ҳам қаршиликлар учун нақадар қийин кечгани кўрсатиб турибди. Буни 5-турдан кейинги натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Айниқса, охирги учта турда «Насаф» жамоаси мағлубиятга учраб келмоқда. Аммо бу Бердиев шогирдларининг иқтидорига соя сола олмайди. Шунчаки, қаршиликлар устози «жабрдийда» ролида бўлиб қолмоқда. Боиси айрим учрашувларда ҳамкасблари учун ҳам «қутқарувчи» вазифасини бажармоқда. Масалан, 4-турда «Навбаҳор» Қаршида ягона гол эвазига уч очкони қўлга киритди. Агарда «Насаф» ўша ўйинда ютганида наманганликлар устози Андрей Канчельскиснинг истеъфога чиқиши кутилаётганди. Шунингдек, 5-турда ҳам «Насаф» ва Бердиев яна «қутқарувчи» вазифасида бўлишди десак муболаға қилмаймиз. «Андижон» бош мураббийи Элдор Сакаев учун мазкур ўйин ҳал қилувчи аҳамият касб этганди Натижада ўша куни андижонликлар «Насаф» устидан ғалабага эришишди ва Сакаев ўз жойида қолди. Бу сафар ҳам Рўзиқул Бердиев ўзи истамаган бўлса-да, яна ўша «қутқарувчи» ролини бажариб, ҳамкасбини истъефодан сақлаб қолди. Лекин «Насаф» 5-турдан кейин мусобақа жадвалида охирги ўринга тушиб қолганини ҳам унутмаслик керак. Кетма-кет учта мағлубиятдан сўнг Бердиев жамоасининг ғалаба қозониш фурсати ҳам етди. Навбатдаги турдаги баҳс эса янада қизғин тус олиши шубҳасиз. Боиси, 6-турда «Насаф» ўз уйида ОКМКни қабул қилади. Айни пайтда эса ОКМК билан «Насаф»нинг ҳолати бир хил. Иккаласи ҳам биттадан ғалаба ва дуранг қайд этиб, уч бор мағлубиятга учрашган. Демак, ОКМК устози Миржалол Қосимовнинг ҳам клубдаги ҳозирги олиб бораётган ишлари кўнгилдагидек эмас. Лекин Рўзиқул Бердиев ҳар доим ҳам ҳамкасблари учун «қутқарувчи» ролида бўлавермаса керак. Чунки унинг энди ўзини ҳам ўйлайдиган пайти келди. Бердиевни ҳам, Қосимовни ҳам фақат ғалаба қониқтиради. Албатта, таркиб жиҳатидан ОКМКда номдорроқ ўйинчилар кўп. Аммо негадир Миржалол Қосимов тузган жамоа ҳозирча мухлислар кутган ўйинни кўрсата олмаяпти. «Насаф»нинг ўйини эса бевосита Бердиевнинг тузиб чиққан схемаси асосида ташкил этилиши шубҳасиз. Агарда ёш «насаф»чилар «Пахтакор»га қарши кўрсатган ўйинини намойиш эта олишса, у ҳолда ўйинини топишга қийналаётган ОКМКга ҳавас қилиб бўлмайди. Демак, бу ўйин катта эҳтимол билан Бердиев ва Қосимов ўртасидаги мураббийлар жангига ҳам айланади. Чунки боя айтганимиздек, иккаласи ҳам бир хил вазиятга тушиб қолишган. Иккала мураббий ҳам кетма-кет тўртинчи мағлубиятга рози бўлмасликлари аниқ.
Фикрлар