
Бир спортчи – бир тарих: Муваффақиятга элтган йўл!
Шахмат оламида ҳинд юлдузи сифатида порлаётган Рамешбабу Праггнанандҳаа ўзининг истеъдоди, меҳнати ва оиласининг, айниқса онасининг тинимсиз ёрдами билан бутун дунёни қойил қолдирмоқда. Унинг каръераси, ҳаёт йўли, опаси Ваишали билан бўлган алоқалари ва оиласининг фидойилиги бунга яққол мисол.
Праггнанандҳаа 2005 йилда Ҳиндистоннинг Тамил Наду штатида, Ченнаи шаҳрида туғилган. Оилада шахматга илк қадам қўйган киши аслида унинг опаси Ваишали эди. Праггнанандҳаа эса опасининг изидан бориб, доналарга меҳр қўя бошлаган. Шахмат бўйича иқтидор тез орада намоён бўлди — у атиги 10 ёшида халқаро устаси унвонини қўлга киритди ва дунё бўйича энг ёш гроссмейстерлар сафидан жой олди.
Опаси Ваишали: Рақобат эмас, илҳом манбаи
Ваишали Рамешбабу ҳам шахматда юксак даражага эришган спортчи. У Халқаро Гроссмейстер (IM) ва Аёллар Гроссмейстери (WGM) унвонларига эга. Ака-ука эмас, опа-ука бўлишларига қарамай, уларнинг ўртасида кучли дўстлик ва соғлом рақобат мавжуд. Праггнанандҳаа кўпинча оммага берган интерьвюларида “менга биринчи илҳомни опам берган” деб таъкидлайди.
Уларнинг биргаликда Ҳиндистон шарафини халқаро аренада ҳимоя қилгани, жаҳон шахматининг энг кучли вакиллари билан беллашгани — нафақат спорт, балки оилавий бирлик тимсолига айланди.
Каръерада ўсиш: Магнус Карлсен билан жанг ва дунё тан олган истеъдод
Праггнанандҳаа шахмат оламининг “супер-юлдузи” Магнус Карлсенни 2022 йилда онлайн мусобақада мағлуб этгач, бутун дунё эътиборини тортди. Бу ғалаба уни нафақат Ҳиндистонда, балки халқаро миқёсда ҳам машҳур қилди.
2023 йилги "FIDE World Cup" мусобақасида эса у финалгача етиб борди ва ёш йигит сифатида Жаҳон чемпиони унвонига яқин турган кам сонли спортчилардан бири бўлиб қолди.
Нагалакшми — сукунатда суянадиган тоғ
Аммо барча эътиборни жалб қилган ютуқлар ортида Праггнанандҳааънинг онаси — Нагалакшми туради. У болаларининг ҳар бир сафарида, ҳар бир мусобақасида уларнинг ёнида. Кўплаб спортчилар мураббий, психолог ёки ёрдамчиларга таянар экан, Праггнанандҳаа ўзининг ички кучини онасидан олишини яширмайди.
Кўплаб интерьвюларда Праггнанандҳаа ўз муваффақиятларини “онамнинг тинимсиз сабр-тоқати ва ёрдамисиз имконсиз эди” дея тан олган. Нагалакшми кўпинча медияга чиқмасликни афзал кўради, аммо унинг меҳрга бой, ғамхўр мавжудлиги оиланинг юксалишида асосий омил бўлди.Онаси уни соғлом овқат билан таъминлаган, ҳиссий жиҳатдан кўмаклашган ва ҳаттоки дунё бўйлаб мусобақаларга у билан бирга сафарга чиққан. Праггнанандҳаа ва Ваишалиънинг сўзларига кўра, онаси уларнинг “жим, лекин кучли таянчи”.
Келажакка қараш: Янги марралар сари
Бугунги кунда Праггнанандҳаа ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган бўлишига қарамай, халқаро майдонда кучли гроссмейстер сифатида эътироф этилган. Опаси Ваишали билан бирга улар Ҳиндистон шахматининг келажагидир. Уларнинг ҳикояси — истеъдод ва меҳнат, меҳр ва фидойилик, ва энг муҳими — оиланинг қўллови орқали эришилган ғалабаларнинг ёрқин тимсоли.
Холбоева Ноилахон.
Фикрлар