Биз билган ва билмаган Мурзоев

Ўтган йили ОКМК билан бирга Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган Камолиддин Мурзоев мухлисларимизга яхши таниш футболчи. У фаолияти давомида кўп бор жароҳатларга қарши курашишига тўғри келди. Шу боис охирги пайтларда Мурзоев ишқибозларнинг эътиборидан бироз четга тушиб қолди. Ваҳоланки, бу футболчи фаолиятини эрта бошлаган ва келажаги порлоқ дея эътироф этилган. Ўз вақтида Киевнинг «Динамо» жамоасида ҳам фаолият олиб борганди. Айни пайтда эса Камолиддин мураббийлик учун «С» лицензиясига таҳсил оляпти. 32 ёшли ўйинчи шу кунгача кўп нарсаларни бошидан кечирди. Натижада биз у билан кенг қамровли мавзуда суҳбатлашдик. Мулоқот жараёнида Мурзоев кўплаб эътиборли гапларни ва ҳақиқатларни айтди ва шу билан бирга у Ўзбекистонда футболчиларнинг касаба уюшмасини ҳам очмоқчилигини маълум қилди.

«Фаолиятимни тугатиш ҳақида ҳали бир қарорга келмадим»

- Тошкентда мураббийларнинг «С» лицензияси учун ўқув-курсларда иштирок этаётганингиздан хабар топдик. Очиғи, бу биз учун бироз кутилмаган янгилик бўлди. Энди сизни мураббийлик ролида кўрамизми?

- Менда мураббийлик соҳасига олдиндан қизиқиш бўлган. 2016 йили «Бухоро»да ўйнаб юрганимда мураббийликнинг дастлабки босқичини ўтагандим. Кейин унинг асосий қисми декабрда ўтказилганди. Аммо ўшанда оёғимдаги жароҳатимни Германияда даволатгани кетганим учун ўшанда тўлиқ қатнаша олмагандим. Кейинчалик ўзим Ўзбекистон футбол федерациясига ўқишни давом эттириш таклифи билан чиққандим ва уларга ҳужжатларни топширгандим. Аммо ўтган йили бундай ўқув-курслари ҳеч қаерда ўтказилмади. Ниҳоят, бу йил «С» лицензиясига ўқув-курслари бошланиши олдидан мени ҳам чақиришди. Айни пайтда жараён жуда яхши ўтяпти. Биласиз, бу лицензия эгаси асосан болалар футболи билан ишлаш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу йил ҳеч қайси клубда эмасдим. Ўтган йили ОКМК билан орамиз очиқ бўлганидан кейин бирор-бир жамоага ўтганим йўқ. Шу баҳонада оёғимдаги жароҳатимни даволатяпман ва бўш вақтимдан унумли фойдаланиб мураббийлик учун ўқишни режалаштиргандим.

- Камолиддин, ҳозирги вазиятда бизни қизиқтираётган масала шуки, футболчилик фаолиятингизни тугатдингизми?

- Тўғрисини айтсам, ҳали ўзим ҳам бир қарорга келганим йўқ. Кўпроқ жароҳатдан кейин аниқ қарор қабул қилиш керак бўлади. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Исталган футболчи ҳам вақти келиб фаолиятини тугатади. Шунинг учун бундай жараёнга олдиндан ҳаракат қилиб борган яхшироқ деб ўйлайман. Албатта ўзимга қолса яна футбол ўйнаш режамда бор. Лекин бу ёғи Худодан. Оёғим футбол ўйнашим учун қанчалик бўйсунишини кўрамиз. Бунгача укол орқали ўйнаганларим энди менга панд беряпти.

- Дарҳақиқат, сизни жароҳатлар исканжасига тушиб қолганингиз ҳақида кўп эшитганмиз. Балки сизда жароҳатларга нисбатан мойиллик кўпроқдир. Эндиликда эса ушбу сабаб туфайли фаолиятингизни тугатиш эҳтимоли пайдо бўлмоқда.

- Ўзбек футболида ўйинчи қачон керак? Бугун ва ҳозир керак. Бу дегани сиз ҳозироқ соғлом бўлган ҳолда майдонга чиқиб ўйнашингиз керак. Аммо кўп ҳолларда футболчининг қанақа ҳолатдалигига қарашмайди. Микрожароҳатлар ҳам бўлиб туради. Мен ёки бошқа ўйинчиларда шундай нарсаларни кўрганманки, керак бўлса, жароҳатларини яшириб бўлса ҳам машғулотларда қатнашишади. Натижада майдонга тушганида қўрқиб ўйнашади. Лўнда қилиб айтганда, биз суғурталанмаган футболчилармиз. Чунки сизнинг клуб билан бир йиллик шартномангиз бўлади ва бундай пайтда жароҳат билан ҳам ўйнашга тўғри келади. Натижада уни янада чуқурлаштириб юборганингизни кеч англаб етасиз. Нега кўп жароҳат олганман? Менимча, менинг бунга мойиллигим бор деб ўйламайман. Менда битта жойдаги жароҳат қайталанмаяпти, аксинча, оёғимнинг бошқа-бошқа қисмларида жароҳатлар пайдо бўляпти. 2017 йили ОКМКда ўйнаб юрганимда тиззамга шикаст етган. Ўшанда клубдагилар менга 2-3 ой дам олгач, яна шуғулланишим мумкинлигини айтишган. Аммо ўшанда мен жамоа учун ўйнашимни айтганман. Натижада ўша йили 10 га яқин гармон уколлар олиб майдонга тушганман. Бу жуда оғир укол ҳисобланади. Албатта, ўша пайтда уколлар менга ёрдам берган ва майдонга тушиб ўйнайверганман. Лекин ўшанда бундай уколлар тиззамнинг ичини емириб борган. Бундан ташқари, гармон укол инсоннинг вазни ошишига таъсир кўрсатади. Натижада оғир вазн билан яна жароҳатланаверасиз. Умуман олганда, ҳаммасини нотўғри қилганман. Аслида барча нарсани вақтида бажаришим керак эди, пайтида даволатишим лозим эди. Бироқ мен жамоагам ёрдам беришим керак, деган ўй-хаёллар билан вақтни ўтказиб юборганман.

 «Операцияларга асосан чўнтагимдан тўлардим»

- Жароҳатлар билан овора бўлиб юрган пайтларингизда бошингиздан нималар ўтказганингизни фақат ўзингиз биласиз. Германия ва яна бошқа мамлакатларга бориб операция ва даволатиш жараёнларини ўтказиб келгансиз. Айтинг-чи, жароҳатларни даволатишда клублар сизга моддий томондан ёрдам беришганми ёки асосан ўз маблағларингиз ҳисобига даволанганмисиз?

- Германиядаги операциялар катта маблағни талаб қилади. Ёдингизда бўлса ўшанда ҳам менинг Германияга бориб операцияга ўз ёнимдан пул тўлаганлигим ҳақида мақола ҳам чиққанди. Бизда шундайки, хорижда бўладиган операцияларга футболчилар асосан чўнтагидан сарфлашади. Тўғри, клублар ҳам қандайдир моддий ёрдам беришади. Аммо ҳаммаси ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда. Германиядаги операциядан сўнг Туркия ва Мосвкада реабилитацияга бориб келганман. Операциядан ҳам кўра кўпроқ ўша реабилитацияга жиддий аҳамият бериш керак. Тўғриси, бизда спорт соҳасида ўз ишининг устаси бўлган шифокорларнинг етарли эмаслигидан кўплаб футболчилар азият чекишади.

- Ўтган йили ОКМК сафида Ўзбекистон Кубогини қўлга киритдингиз. Ушбу клубда ўтказган фаолиятингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз? Нима учун улар билан орани очиқ қилдингиз?

- Чиндан ҳам ўтган йили Олмалиқда ажойиб мавсумни ўтказдик. 2017 йили бу жамоа бошқатдан шаклланишни бошлаганди ва ўз олдига катта мақсадларни қўйганди. Ўтган йили эса бунинг меваси кўринди. Катта ва кучли клублар билан совринларни қўлга киритиш осонроқ кечади. Аммо ўртамиёна каби жамоалар билан соврин ютиш бу сизга икки баробар роҳатбахш туюлади. Ҳа, биз Кубокни ютдик ва ҳаммаси яхши кетаётганди. Аммо раҳбарият томонидан клубга бошқа мураббий олиб келинди. Ҳеч кимга сир эмас, ҳар бир мураббийнинг футболга ўз қараши бор. Шу сабаб туфайли жамоадан кетдим. Аммо буни ҳам тўғри қабул қилиш керак. Бу – футбол. Боя айтганимдек, сиз бир кунлик футболчисиз. Эртага эса сизни унутиб ҳам юборишлари мумкин. Бу футболнинг ёзилмаган қонунларидан бири. Бироқ ўтган йили ОКМК тўғри йўлга тушиб олганлиги билинди. У ерда мазмунли мавсумни ўтказдик деб ҳисоблайман.

«Динамо» Киевга мени нега ярим йилга беришганини ҳалигача тушунмайман»

- Сиз ўз вақтида Киевнинг «Динамо» жамоасида ҳам фаолият олиб боргансиз. Ўшанда ёш эдингиз ва сизнинг у ерга кетишингиз биз учун фахрли бўлганди. Ҳозиргача Киевдаги ҳаётингизни эслаб турасизми?

- Бу ҳаётимдаги катта ўзгариш ва ёрқин дамлар бўлган. Ўшанда бу мен учун катта таклиф эди ва дунёқарашларим ҳам ўзгарган. У пайтда анча ёш бўлганман. Ўшанда менинг амплуамни ўзгартиришган. Ҳужумдан ярим ҳимояга ўтиб ҳам ўйнаганман. Лекин ўшанда иккита клуб келиша олмасдан мени фақат ярим йилга ижарага беришган холос. Кейинчалик «Динамо»да раҳбарият ўзгарганидан сўнг ижарага олинган барча ўйинчиларни қўйиб юборишган ва шу тариқа менинг Киев сафарим ниҳоясига етган. Лекин у ерда бирга тўп сурган баъзи-бир футболчилар билан ҳалигача алоқам бор. Бу мен учун катта мактаб бўлган.

- Аслида сизнинг Киевнинг «Динамо»сига ўтишингиз қандай юз берганди? Айнан ким туфайли у ерга кетгандингиз?

- Мен «Машъал» клубида ўйнардим. У ерда эса бош мураббий Виктор Кумиков, менежер эса Баҳром Давлатов эди. Ўшанда улар билан ҳамкорлик қилиш юзасидан Андрей Вафковский деган футбол агенти алоқага чиққан. Ўша пайтда Ботир Қораев ва Ҳамза Каримов ҳам Украина клубига боришганди. Хуллас, клуб раҳбарлари ва агент орқали мени таклиф қилишган. Ҳозиргача ўша агент билан алоқаларим бор. Менинг трансферим қанақа бўлишини иккала клуб ўзаро келишиб олганди. Мени эса бу масалада ҳеч нимадан хабарим бўлмаган. Фақат мени ярим йилгагина ижарага келишишганини сира тушунмаганман ва ўйлайманки бу нотўғри бўлганди. Мен у ерга катта мақсадлар билан боргандим. Лекин менинг у ерга боришимга Баҳром Давлатов катта ҳисса қўшган.

- Қизиқ, Ҳамза Каримов билан Ботир Қораев Украинанинг қайси клубига боришганди? Умуман, у ерда сиз учун қандай қизиқарли воқеалар бўлган?

- Уларнинг қайси клубга боришгани эсимда йўқ. Улар катта футболчилар эди ва оилалари ҳам бор эди. Шу боис менимча улар у ерда қолишни исташмаган. Қизиқ ҳолатларга келсак, Киевда менинг рус тилида гапиришимга улар доим ҳайрон қолишарди. Мени оддий бир ўйинчи, ҳеч нимадан хабари йўқ деб ўйлашган бўлишса керак. Қолаверса, «Динамо»да ҳамюртимиз Максим Шацких ҳам ўйнарди ва унинг борлиги ҳам менга анча енгиллик берганди.

- Ўшанда сизни у ерда иккинчи Шацкихга айлантиришлари ҳақида эшитгандик. Айтинг-чи, Максим сизга қанчалик ёрдам берган?

- Мени иккинчи Шацких деб аташганида бу ўзим учун катта таъриф бўлганди. Ҳаттоки, бу сўз учун бироз уялиб ҳам қолиш ҳеч гап эмасди. «Динамо»нинг базаси Конче-Заспеда жойлашганди ва мен ҳам ўша ерда қолардим. Шацких эса олдимга келиб, бу ерда ўзингни уйингдагидек ҳис қил, қандай ёрдам керак бўлса, тортинмасдан ўзимга айтавер дерди. Бундан ташқари, ҳозирги пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков ҳам ўша пайтда Киевда яшарди. Шу боис у билан борди-келди қилиб турардик. Ўзбек миллий таоми бўлмиш ош қилиб, бирга ердик. Умуман олганда, ўзимни ёлғиз ҳис қилмаганман.

- Шундан сўнг сизга яна «Динамо» (Киев) даражасидаги номдор жамоалардан таклифлар бўлганми?

- Йўқ, менга «Динамо» Киев даражасидаги бошқа таклиф бўлмаган. У ердан қайтиб келганимдан кейин 2008 йили Украинанинг бошқа бир жамоасига бориб қўшилишим керак эди. Унгача эса «Машъал» билан қишки йиғинни ўтказиб Туркияга учиб кетишимиз керак бўлган. Айнан Туркияда Украина клубига қўшилишим керак эди. Аммо «Машъал» билан сафарга кетиш олдидан ўртоқлик учрашувини ўтказгандик ва ўшанда оёғимни синдириб олганман. Бунинг натижасида 2008 йил мен учун жароҳатлар билан бошланиб, жароҳатлар билан тугаган. 2012 йилда эса менга Жанубий Корея клубидан яхши таклиф тушгани эсимда. Фақат номини эслай олмаяпман. Корея клубининг вакили ва ўзбек агенти билан бирга ўтириб гаплашгандик. Ўшанда «Бунёдкор» билан Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалигача етиб борганмиз. Кореяликлар билан музокарамиз эса чорак финалдан олдин бўлганди. Бизни «Сувон»га қарши жиддий ўйин кутиб турганди. Агарда бу босқичдан ўтадиган бўлсак, «Бунёдкор»да қолишимни айтганман. Шунингдек, Қозоғистоннинг «Иртиш» жамоасида ўйнаганимда биз Европа лигасининг деярли гуруҳ босқичигача етиб борганмиз. Менга эса Европа лигасида гол уриш насиб қилган. Афсуски, ўшанда яна жароҳат олганман. Дарвозабон билан тўқнашиб кетишим натижасида қовурғамни синдириб олганман.

«Ўзбекистонда футболчилар касаба уюшмасини очмоқчимиз»

- Футболга анча эрта кириб келгансиз ва одамлар эътиборига тез кўзга ташлангансиз. Турли ёшдаги терма жамоаларда ва ҳатто миллий терма жамоада ҳам ўйнашга улгургандингиз. Сизни бир сўз билан айтганда, ўзбек футболининг бўлажак юлдузи сифатида ҳам эътироф этишганди. Лекин ҳаёт доим бир текисда давом этавермайди. Айтинг-чи, Камолиддин Мурзоевнинг янада порлашига ўша жароҳатлардан ташқари яна нима тўсқинлик қилган?

- Жароҳатлардан ташқари менга футбол таълими етишмаган. Бекободдаги БЎСМда тарбия олганман. Лекин ўша спорт мактабига кунора бориб турардим. Катта футболга эса бирданига кириб қолганман. Барибир ёшликда олган таълим кейинчалик сизга асқотади. Буни энди англаб етяпман. Мана, ҳозир мураббийлик ўқув-курсида ўқияпман ва бу борада бизга керакли таълимларни беришяпти. Аммо ёшликда футболчи бўламан деб юрганимда мана шундай сабоқларни олмаганим энди билиняпти. Мени «Динамо» Киевга бориб келиб, юлдуз бўлиб кетди ва ўйнамай қўйди деган гапларни ўзимга ҳам кўп айтишган. Лекин юқорида айтганимдек, 2008 йили менга яна бир украин клуби қизиқиш билдирган. Аммо 21 ёшли футболчининг оёғи синиши ва ўша йили яна мавсум давомида уч марта жароҳатнинг қайталаниши қандай ҳолатга олиб келишини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Февралда бошланган жароҳат то декабрда операция қилдирмагунимча мени қийнаб келаверган. Орадан бир йил ўтиб, яна бир оёғимни ҳам операция қилдиришимга тўғри келган. Ҳар бир жароҳат туфайли сиз жамоангизнинг машғулот ва ўйинларидан қолиб кетасиз. Натижада кўп нарса йўқотасиз.

- Футболдан ташқари бошқа шуғулланадиган ишингиз ҳам борми? Масалан, бизнес…

- Тўғри савол. Ҳар бир инсонни ўзига яраша қизиқиши бўлади. Лекин параллел равишда бизнес даражасидаги шуғулланадиган ишим ёки йўналишим бўлмаган. Аммо қайсидир иш билан машғул бўлмоқчи бўлсангиз ва уни тўлиқлигича назорат қила олмасангиз, унда шуғулланмаганингиз маъқул. Фақат охирги 2-3 йилдан бери бир нарсага жиддий қизиқиб қолдим. Ўзбекистонда футболчилар касаба уюшмасини очмоқчимиз. Чунки биздаги ўйинчилар ҳеч қайси томондан кафолатланмаган ва суғурталанмаган. Менимча, 70 фоиз футболчиларнинг маълумоти олий ҳам эмас ва бунга вақтлари ҳам бўлмаган. Биз ҳаммасини ўйлаб, таҳлил қилган ҳолда яқин кунларда Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмасини ташкил қилмоқчимиз. Чунки бу футболчилар учун жуда керак. Футбол бутун дунёда ривожланаяпти, шу боис бу масалага бир томонлама эмас, балки кенг қамровли тарзда ёндашиш керак.

- Бу яхши ғоя. Айтинг-чи, бундай ташаббус кимдан чиқди?

- Хабарингиз бор, 2013 ва 2014 йиллари Қозоғистонда фаолият олиб борганман. Ўша пайтда у ерда футболчиларнинг касаба уюшмаси энди очилиб, ўз фаолиятини бошлаганди. Ўшанда бу соҳага қизиқишим бўлганди, фақат бироз тўхтаб туришни айтишди, яъни, аввало бу қанчалик ривожланишини кузатишимизни айтишганди. Бугунги кунга келиб ушбу нарсага талаб кучайиб боряпти. Бу бутун дунё футболида бор нарса. Қарасак, барча соҳаларнинг касаба уюшмалари бор. Футболда ҳам бу нарса бўлиши керак ва вақти келди. Буни ўзбек футболининг янада ривожланиши учун катта қадам бўлади деб ишонаман.

- Фаолиятингиздаги энг ширин хотиралар ҳақида гап кетганда, нимани эслайсиз?

- Энг ширин хотиралар албатта катта ютуқлардан сўнг бўлади. Бу «Бунёдкор», «Машъал» ва «Насаф» давридаги ютуқларимиз билан боғлиқ. Футболчи учун бирор-бир ютуққа эришиш катта нарса. Барибир ютган ёки ютқазган тақдирда ҳам сиз жамоа таркиби билан ўтказган даврларингиз бошқача туюлаверади. Чунки энди ушбу дамлар қайтиб келмайди. Футболчи ўз жамоаси учун борини бағишласа, вақти келиб ўша давр унинг учун энг зўри бўлиб чиқади. Шунингдек, фаолиятимнинг бошларида, 2006 йили Доҳада терма жамоа сафида Осиё ўйинларида иштирок этганман. Ўшанда энг ёши бўлганман ва юлдузли таркиб билан боргандик. Бу ҳам фаолиятимда эсга олишга арзигулик воқелардан бири бўлган.

- Мавсум олдидан сизга аниқ таклифлар бўлмади. Албатта, бунга жароҳатларингиз ҳам сабаб бўлмоқда. Лекин бундай пайтда кимгадир керак эмаслигингни ҳис қилиш янада оғир бўлса керак.

- Олмалиқдан кетганимдан сўнг деярли бир ой давомида якка тартибда тренажёр залида шуғулландим. Кейин оёғимда куч борми ёки йўқми, шуни текшириб кўриш мақсадида Вадим Абрамов билан гаплашиб, «Бунёдкор» сафида бироз югуриб турдим. Лекин, барибир оғриқ сезилди. Тўғри айтасиз, фаолиятингиз давомида жамоа учун борингизни берасиз-у, аммо кейин ҳеч кимга керак бўлмай қоласиз. Бугунги кунга келиб бу футболдаги оддий ҳолат бўлиб қолган. Лекин буни тўғри қабул қилиш керак. Ҳар бир одамнинг ўз хоҳиши ва дунёқараши бор. Футболда ҳам шунақа. Мураббий клуби ўз олдига қўйган мақсадига қараб ўзига керак бўлган ўйинчиларни олади. Лекин бировдан хафа бўлишнинг кераги йўқ. Бу ҳаёт. Менимча, бу ҳар бир футболчининг бошидан ўтадиган ҳолат. Балки эртага ҳаёт сиз учун бошқачасига давом этиши мумкин. Футболчилик ҳаётимда жароҳатларни кўп бошимдан ўтказдим. Нафақат ҳозир балки ўйнаб турган чоғингизда жароҳат олдингизми, сизга бўлган муносабат ўзгаради. Бундай пайтда фақат яқинларингиз сизни қўллаб-қувватлашади. Мен футбол ўйнашим учун соғлигим борасида кўп курашдим. 2018 йил менга оғир келган. Ҳали жароҳатларим соғайиб кетмасданоқ ОКМК билан шуғулланишни бошлаганман. Бир йил оғриқларга чидаган ҳолда менга берилиши керак бўлган имкониятни кутиб яшадим ва менга берилган имконият Ўзбекистон Кубоги финалида юз берди. Клуб тарихида биринчи марта Ўзбекистон Кубогини қўлга киритдик. Ўша ғалабадан кейин йил давомида рўй берган барча оғриқлар чиқиб кетган. Мен ҳаттоки, машғулотларда оқсоқланиб ҳам югурардим. Аммо мана шундай ғалабалардан сўнг сиз нима учун меҳнат қилганингизни тушуниб етасиз ва бунинг роҳатини ҳис қиласиз. Бизга яратилган шарт-шароитларни фақат шундай катта ютуқ билан қайтаришимизни исботлай олдик. Лекин шунга қарамай, барибир клубда ўзгаришлар бўлди. Кимгадир ёқасиз, кимгадир йўқ.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!