
Бизга ўтсанг, маошинг тўрт карра ошади
Саудия Арабистони клублари Европа футболида порлаётган ўйинчиларни олиш ҳаракатини тўхтатмаяпти. Сўнгги маълумотларга қараганда, “Ал-Аҳли” клуби “Ювентус”дан ўйинчи сўраган.
Бу гал шайхлар назарига Мануэль Локателли тушди. “Ал-Аҳли” туринликларга юборган биринчи уринишида трансфер учун 25 миллион евро тикди.
Бироқ “Ювентус” мутасаддилари бу таклифни қабул қилмади ва Локателли учун 35 миллион евродан бошланган инвестицияларни кўриб чиқишини билдирди.
Журналист Николо Скиранинг маълум қилишича, “Ал-Аҳли” раҳбарияти 27 ёшли ярим ҳимоячига йилига 10 миллион евро маош ва яна икки миллион евро бонус ваъда қиляпти. Бу сумма Локателлининг ҳозирги маошидан тўрт баравар кўп.
Локателлининг амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзигача тузилган. Ҳозир ҳар икки клуб ўртасида ҳамкорлик бўйича музокаралар давом этмоқда.
Комментарии