Бобур Омонов: "Бухоро"га қайтишимда пул асосий роль ўйнагани йўқ

Футболчиларнинг жамоа алмаштириши ёки собиқ клубига қайтиши каби вазиятлар оддий ҳолатга айланган. Масалан, бухоролик ҳимоячи Бобур Омонов катта футболга «Бухоро» клуби орқали кириб келган. Мавсум бошида эса илк бор фаолиятида жамоасини алмаштиришга қарор қилди ва шунга асосан у «Бухоро»дан «Андижон»га кўчиб ўтганди. Айтиш керакки, биринчи даврада Омонов ўзидан яхши таассурот қолдирганди. Бироқ биринчи давра тугаганидан кейин футболчи яна «Бухоро»га қайтиб кетишга аҳд қилди. Шу боис Омонов билан боғланиб, клубини яна нима учун алмаштиргани ва собиқ жамоасига қайтгани ҳақидаги бир қатор саволларга жавоб олдик.

- Биринчи даврада «Андижон»да ўйнаб юрган кезларингиздаёқ сизни иккинчи даврада яна «Бухоро»га қайтишингиз ҳақида эшитгандик ва якунда бу ўз исботини топди. Бундай қарор қабул қилишингиз асосан нима билан боғлиқ эди?

- Ниятим уйга қайтиш ва «Бухоро»га ёрдам бериш эди. Тўғриси, бундай қийин вазиятда жамоани ташлаб кетиб бўлмайди. Шунинг учун яна қайтдим. Бухоролик бўлганим учун «Бухоро»га ёрдам беришни истадим. Ахир бу жамоа охирги ўринларда боряпти ва бундай пайтда мен ҳам жимгина қараб тура олмасдим.

- «Андижон»га мавсум бошида қўшилгандингиз ва ярим мавсумдан кейиноқ  у ерда кетдингиз. Бундан чиқди, мазкур клубга келишингиз сиз учун хатоликмиди?

- Йўқ, мен бундай деб ўйламаяпман. У ерда ҳам мен учун яхши эди. Доимий равишда ўйин амалиётига ҳам эга бўлиб келдим. Ўйлайманки, «Андижон»да ёмон ўйнамадик. Таассуротларим ҳам чакки бўлмади.

- «Бухоро» қийин вазиятдан чиқиб кета олмаяпти. Ваҳоланки, биринчи даврадан кейин таркибда анча-мунча ўзгаришлар бўлди. Шунга қарамасдан мағлубиятлар серияси давом этяпти. Сизнингча, клубга нима етишмаяпти?

- Жамоамизга бироз характер етишмаяпти деб ўйлайман. Аслида эса «Бухоро»да яхши жамоа бор. Бизда ортиқча камчилик ёки муаммолар йўқ. Баъзи учрашувларда эса биздан омад ҳам юз ўгиряпти.

- Бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев билан илк бор ишлаяпсиз. У қандай мураббий?

- У ҳақида фикрим яхши. Муҳсин Муслимович ҳам жамоани кучайтириш ҳамда натижаларини яхшилаш учун бор кучи билан ишлаётгани кўриниб турибди. Боя айтганимдек, бизда яхши жамоа бор. Муҳаммадиев ҳаммани бир мақсад йўлида жипслаштиряпти. Мураббий бу ерга келгач, анча-мунча кўникмаларга эга бўлди ва тез орада натижаларимиз ҳам ижобий томонга ўзгариб боришига ишонаман.

- Аслида «Бухоро» клуби тарбияланувчиси ҳисобланасиз. Фаолиятингизни ушбу клубда бошлагансиз. «Андижон» эса фаолиятингиздаги иккинчи жамоага айланди. Лекин бу ерда кўп бўлмадингиз ва дарҳол яна ортингизга қайтдингиз. Бундан чиқди, «Бухоро»дан бошқа жойда ўзингизни уйдагидек ҳис қила олмайсизми?

- Йўқ, нимага? Ҳамма жойда бир хил. Ахир мен Ўзбекистондаман-ку. Агар четга кетганимда бу бошқа гап эди ва ана шундагина ўзимни ноқулай ҳис қилишим мумкин эди. Ўзимизда ўйнасам  ҳаммани танийман. Ўзимни бошқа жойда бегонадигек ҳис қилмайман.

- Биринчи даврада «Андижон» клуби томонидан олиб борилган селекция ишларида энг яхшиси дея сизнинг таклиф этилганингиз ҳақида кўп эшитдик. Умуман айтганда, у ердаги ярим йиллик фаолиятингиз ҳақида нимадир дея оласизми?

- Тўғри, «Андижон»даги фаолиятим узоқ давом этмади. Аммо шундай бўлса-да, мен бу жамоага тез мослашиб кета олгандим. Тўғри, бошида бунинг учун менга бироз вақт керак бўлди. Лекин ҳаммаси жойида эди.

- Барибир футболчиларнинг клубдан-клубга кўчиб ўтишларида молиявий имкониятлар ҳам асосий ролни бажаради. Айтинг-чи, сизнинг яна «Бухоро»га қайтишингизда молиявий ҳолат қанчалик таъсир кўрсатди?

- Йўғе, менинг «Бухоро»га қайтишимда ҳеч қандай пул муҳим роль ўйнагани йўқ. Доимгидек, бир хил ҳолатдаги шароит ва таклифлар. Юқорида айтганимдек, она шаҳримга ёрдам беришни истаганим учун қайтиб келдим холос. Клубдагилар менга ишонишгани учун қайтдим-да.

- У ҳолда мавсум бошида нима учун «Бухоро»дан «Андижон»га кетгандингиз?

- Ҳа, энди ўша пайтда шунақа вазият бўлиб қолди-да. Бошқа жамоада ўзимни синаб кўриш истагим бор эди. Лекин барибир бу хоҳишим узоқ давом этмади ва яна қайтиб келдим. Лекин ёмон бўлгани йўқ.

- «Бухоро»нинг турнир жадвалида охирги ўринга тушиб қолгани сизларга қанчалик таъсир ўтказяпти?

- Албатта, бунинг ўзига яраша таъсири сезилади. Чунки ким ҳам охирги ўринда юришни хоҳлайди? Аммо биз ўзимизга-ўзимиз ишонишимиз керак. Айрим пайтларда эса жамоага руҳий ишонч етишмаётгандек. Биз тезроқ ҳозирги вазиятдан чиқиб олишимиз керак. Ўйлашимча, битта ғалабага эришсак, кейин жамоамиз янада «очилиб» кетади. Жамоамизда муҳит жойида. Фақат ютишимиз керак. Мухлисларимизга раҳмат, улар бизни ютқазаётган пайтларимизда ҳам ёлғиз ташлаб қўйишмаяпти ва доим қўллаб-қувватлаб туришибди. Барибир ишқибозларимиз олдидаги ишончни йўқотмаслигимиз керак. Шу боис қачондир бу омадсизликка чек қўйишимиз шарт.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ramazonov Murod
21/08/2019 23:02
Бобир молодец хаконий Бухоро фарзанди!