Бобур Йўлдошев: "Бизга ғалаба сув ва ҳаводек зарур"

Суперлиганинг 6-турида “Насаф” ўз майдонида Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни қабул қилиб, жавобсиз тўртта гол урган ҳолда йирик ҳисобдаги ғалабасини нишонлади. Очиғи, ОКМКнинг бундай мағлубиятга учрашини кўпчилик кутмаганди. Бунинг натижасида олмалиқликлар охирги ўринга тушиб қолишди. 6 та учрашувда 4 очко жамғариб, ўз дарвозасидан 11 марта тўп ўтказиб юборишгани ҳам жамоа ўйинида муаммолар борлигини яққол кўрсатиб турибди. Айниқса, ҳимоя чизиғидаги камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. “Насаф”га қарши учрашувдан кейин ҳам ОКМКнинг ҳимоячиларидан бири Бобур Йўлдошев билан суҳбатда бўлдик. У ҳам жамоасининг нега мағлубиятларга учраётганига ҳайрон.

“Бундай мағлубиятни ҳеч ким кутмаганди”

- “Насаф” билан ўйин ҳақида нимадир дейишга ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Бундай натижа қайд этилишини ҳеч ким кутмаганди. Албатта, йирик ҳисобдаги мағлубият хафсаламизни пир қилди. Очиғи, нега бундай бўлганига ўзимиз ҳам тушунмаяпмиз. Ваҳоланки, жамоамиз ёмон эмас. Балки таркибда янги футболчилар борлиги сабабли ўзаро тушунишимиз учун яна бироз вақт керакдир. Лекин бундай мағлубият бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Аммо бунда фожеа ясамаслик керак. Агарда бир-иккита ўйинда ютиб олсак, умид қиламанки, ҳаммаси жойига тушиб кетади.

“Насаф”га ўзимиз имкониятлар яратиб бердик”

- “Насаф” жамоаси ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳаммасига аввало ўзимиз сабабчимиз. Чунки мезбонлар шундай ўйнашига ва голлар уришига ўзимиз имконият яратиб бердик. Умуман олганда, “Насаф” ҳар йили барқарор ўйин кўрсатиб келадиган жамоа ҳисобланади. Бу йил ҳам уларнинг ёш футболчилари барқарор ўйин кўрсатишга интилишяпти. Лекин боя айтганимдек, ҳисобнинг йириклашиб кетишига фақат ўзимиз сабабчи бўлдик. Аслида эса натижанинг бундай тус олишига йўл қўймаслигимиз керак эди.

“Жамоамизга нимадир етишмаяпти”

- ОКМКнинг таркиби 70 фоизга янгиланган. Юқорида айтганимдек, ўз ўйинимизни топиб олишимиз учун вақт керак бўляпти. Лекин нимадир етишмаяпти. Аммо бу нима эканлигини ўзимиз ҳам била олмаяпмиз. Ҳаммаси мураббийларимизга маълум деб ўйлайман. Биз доим уларнинг кўрсатмаларини майдонда бажаришга ҳаракат қиламиз. Албатта, ҳозирги ҳолатимизни вақтинчалик деб ўйлайман. Бунинг учун бизга фақат ва фақат ғалаба керак.

“Бу мағлубиятни унутишимиз керак”

- Ўйиндан кейин Миржалол Қўшоқович бизга ортиқча гап айтмади. Ҳаммасини тезроқ унутиб, кейинги ўйинга тайёрланишимизни айтди. Ўтган иш бўлиб ўтди, энди уни орқага қайтариб бўлмайди. Агарда “Насаф” билан учрашувни ортга қайтариш керак бўлганида биз яна 0:4 ҳисобида ютқазмасдик. Ҳаммасини унутиб, янги учрашув ҳақида ўйлашимиз лозим. Агар “Насаф”га қарши ўйин билан яшайдиган бўлсак, унда ўзимиз учун қўшимча муаммоларни яратиб оламиз. Шунинг учун ўша мағлубиятни унутишимиз шарт.

“Турнир жадвалига қарагим ҳам келмаяпти”

- ОКМКнинг турнир жадвалида охирги ўринга тушиб қолгани ҳеч нимани англатмайди. Ёдингизда бўлса, ўтган йили “Локомотив” ҳам мавсумни яхши бошлай олмаганди. Якунда эса нима бўлганини яхши билсангиз керак, улар чемпион бўлишганди. Шундай экан, бизнинг ҳам ҳозирги муваффақиятсизлигимизни вақтинчалик деб айта оламан. Ҳаммаси фақат ўзимизга боғлиқ. Лекин айни пайтдаги турнир жадвалига қарагим ҳам келмаяпти. Чунки жамоамизнинг охирги ўринда бораётганини кўриш биз учун оғир. Шунинг учун тезроқ юқорига кўтарилишимиз учун ғалабалар бизга жуда ҳам керак. Ҳозирги ўрин эса бизга мутлақо ярашмайди. Миржалол Қосимов бошқарган жамоалар қачон бундай аҳволга тушиб қолганини эслай оласизми? Албатта, йўқ. Чунки Миржалол Қўшоқовичнинг жамоалари ҳеч қачон охирги ўринга тушиб қолмаганди. Шунинг учун тезроқ бундай вазиятдан чиқиб кетмасак бўлмайди.

“Сурхон”ни ютмасак бўлмайди”

- Жамоамиздаги ички муҳитми? Агар ютқазаётган жамоа ҳақида гап кетса, табиийки, бу мағлубиятлар бежизга бўлмаяпти, қандайдир муаммолар бор дейишади. Бундай вазиятда эса ғалаба қозонаётган жамоада ҳаммаси жойида деб ҳисоблашади. Тўғри, биз ютқазяпмиз. Бироқ жамоамизда ички муҳитнинг бунга алоқаси йўқ. Чунки бизда ҳаммаси жойида. Муваффақиятсизлигимиз ички муҳитимиз билан боғлиқ эмас. Лекин ўйинимизга нимадир етишмаётгани рост. Ўйинимиздаги камчиликларни биров ташқаридан келиб ҳал қилиб бермайди. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Навбатдаги турда эса ўз майдонимизда “Сурхон”ни қабул қиламиз. Агар бу ўйинни ҳам ютмасак, унда билмадим нима бўларкин? Лекин биз бўлажак учрашувда албатта ютишимиз шарт. Шу боис ҳаммасини унутиб, бор эътиборимизни ушбу ўйинга қаратамиз.

“Бизда босим йўқ”

- Бизда ҳеч қанақа босим йўқ. Шахсан мен буни ҳис қилмаяпман. Ҳа, биз ҳимоячимиз ва майдонга тушганда ўз дарвозамиздан гол ўтказмасликка ҳаракат қиламиз. Лекин мағлубиятда фақат дарвозабон билан ҳимоячиларни айбдор қилиш ҳам яхши эмас. Ҳеч ким ҳужумчиларни ҳимоячиларга ёрдамга келмади деб айтмайди. Ёки ютган пайтимизда ҳимоячиларни ҳужумчиларга ёрдамга боришди дейишмайди. Энг яхшиси, ҳаммамиз бутун бир жамоа сифатида ўйнашимиз керак. Футбол жамоавий ўйин бўлгани учун мағлубият ҳам, ғалаба ҳам фақат жамоаники.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!