Бодибилдингчиларимиз муносиб рағбатлантирилади

Бугун, 4 сентябрь куни Миллий олимпия қўмитасида юртимиз довруғини юксакларга кўтараётган бир қатор бодибилдингчиларимиз меҳмон бўлишди. Улар билан МОҚ Президенти Умид Аҳмаджонов ва Бош котиб Жасур Матчановлар учрашишди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

Учрашувда икки карра жаҳон чемпиони, «Арнольд Классик-2018» мусобақаси ғолиби Михаил Волинкин, жаҳон чемпиони, Европа чемпионатида мутлоқ ғолибликка эришган Александр Сахаров, аёллар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Богатир Людмилалар иштирок этишди.

«Сиз бизнинг фаҳримизсиз», – деб сўз бошлади МОҚ раҳбари. «Миллий олимпия қўмитаси сизларни қўллаб-қувватлашга доимо тайёр. Мусобақалар сонини кўпайтириб, бодибилдингни янада ривожлантирамиз. Юртимиз байроғини кўкларга кўтараётганингиз учун сизларга миннатдорчилик билдирамиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида спортчилар кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканлигини, билдирилаётган ишончни оқлашларини маълум қилишди.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов спортчиларга эсдалик совғаларини топширди. Сўнгра уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир спортчи учун 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти тақдим этилишини айтиб ўтди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!