Бош мураббийсиз қолган "Сурхон" Намангандаги ўйинга қандай режа тузаётганини биласизми? Ёхуд жамоа сардори "Навбаҳор"ни таслим қилиш йўлини айтди
Ўз ҳисобида ҳозирча битта ғалабаси бўлган “Сурхон”ни навбатдаги турда оғир ўйин кутиб турибди. Бу сафар Наманганда “Навбаҳор” меҳмони бўлади.
Термизликлар ўтган турда ўз уйида АГМКга имкониятни бой берди. 13-ўринда бораётган “Сурхон”га юқорига кўтарилиш учун ғалаба жуда керак. Боз устига ҳозирда футболчилар бош мураббийсиз қолган.
Бундай пайтда уларда тайёргарлик қандай кетяпти? Жамоа сардори ва етакчиси Асрор Ғофуров sports.uzга бир қанча масалалар бўйича муносабат билдирди.
“Наманганга ғалаба учун борамиз”
- Бўлажак учрашувга жиддий тайёрланяпмиз. Турнир жадвалига қарасангиз, бизда ғалабадан бошқа ҳеч қандай йўлимиз йўқлиги кўринади. Ҳозирги пайтда ҳар бир очко жамоамиз учун олтинга тенг. Вазиятимиздан келиб чиқиб, бемалол айтишим керакки, Наманганга уч очкони кўзлаган ҳолда борамиз. АГМКга қарши ўйинда ҳам ғалаба учун роса курашдик, бироқ омад биздан юз ўгирди. Таркибимизга қараганда, тўғри, бу жабҳада “Навбаҳор”ники кучлироқ кўриниши мумкин. Лекин ўйлашимча, ёмон ўйин бўлмайди. Яна қайтараман, биз ҳам 100 фоиз натижага эришиш учун боряпмиз.
“Бош мураббийнинг йўқлиги билинмаяпти”
- Ҳозир Руфат ака Акрамхўжаев жамоа билан бирга эмас. Аммо ҳали уни кетди, деб айтишгани йўқ. Фақат оилавий муаммоси борлиги ҳақида маълум қилишган. Билсангиз, “Сурхон”ни мавсум бошидан Руфат Акрамхўжаев, Баҳром Ҳайдаров ва Рустам Орипов биргалашиб тайёрладилар. Бироқ, тўғрисини айтадиган бўлсам, бош мураббийнинг йўқлиги бизга катта таъсир қилмаяпти. Учала мураббийнинг йўналиши бир хил. Шу сабабли, Акрамхўжаевнинг клуб билан бирга эмаслиги у қадар билингани йўқ. Баҳром ака катта мураббий бўлгани учун доим Акрамхўжаев билан бирга маслаҳатлашиб қарор чиқаришарди. Уларнинг футболга қарашлари бир хил. Ҳозир Руфат ака йўқлиги учун Баҳром ака ўзи жамоани назорат қиляпти.
“Иккинчи даврада таркиб кучайтирилиши мумкин”
- 13-ўринда юрган жамоанинг кайфияти қандай бўлиши мумкин? Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Мавсумни яхши ўтказа олмаяпмиз. Таркиб ҳам қўлдан келганича йиғилди. Аслида йигитлар чакки эмас. Кимдир қуйи лигадан Суперлигага келган, яна кимдир ёшлар жамоасидан жалб этилган. Иложи борича, жамоани янада яхшироқ шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз. Ўзингизга ҳам сир эмас, асосий мақсадимиз Суперлигада қолиш. 7 та ўйин ўтказдик, турдан-турга кучайиб борармиз. Ёки иккинчи даврада жамоани кучайтириш учун яхши футболчилар ва легионерлар ҳам келиши мумкин. Жамоадаги муҳит ва футболчиларни бир-бирига бўлган ҳурмати бошқача. Майдонга чиқаётган ҳар бир футболчи қўлидан келганича курашяпти. Таркибимизни кўриб турибсиз, бу янги ва ёш жамоа.
“Рақибдан кўра, ғалабани кўпроқ хоҳлашимиз керак”
- Фаолиятим давомида “Андижон”да тўп сурганимда “Навбаҳор”га қарши дуранг ўйнаганман. “Сурхон”га ўтгач, уларга қарши яна дуранг қайд этдик. Ўтган йили ҳам шу натижа такрорланган. Фақат сафарда ютқаздик. Наманганга борсак, албатта стадионлар мухлислар кўп бўлади. Бу биз учун ҳам яхши, ҳам ёмон деса бўлади. Яхши тарафи биз янада руҳланамиз. Стадионда муҳит қанча зўр бўлса, футболчилар ҳам шунга яраша янада яхшироқ тўп суришга интиладилар. “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби жамоаларни ютиш учун битта нарса керак: улардан кўра, ғалабани кўпроқ хоҳлашимиз лозим. Демак, рақибдан кўра, кўпроқ ҳаракат қилишимиз, югуришимиз ва меҳнат қилишимиз талаб этилади. Балки, наманганда фаолиятимдаги биринчи ғалабамни қўлга киритарман. Биз майдонга фақат уч очко учун чиқамиз. Эътибор берсангиз, бирор марта ўйинни чўзиш ҳолати бизда кузатилмаяпти. Доим курашяпмиз. Ютсак яхши, ютқазсак кейинги ўйинга тайёрланяпмиз. Ёш жамоа шунақа бўлади.
“Навбаҳор” вазиятлардан фойдалана олмайди”
- Сафарда дуранг ҳам бизни қониқтиради. Гапимни бошида айтдим, бир очко ҳам биз учун олтинга тенг. Балки мавсум охирида ўша бир очко бизни чемпионатда сақлаб қолиши мумкин. “Навбаҳор”ни ўрганишни бошлаяпмиз. Шахсий фикримга келсак, улар ўйин жиҳатидан чемпионатни ёмон бошлашмаган. Ҳа, биринчи турда ўз уйида “Сўғдиёна”га ютқазди. Бироқ ўша пайтда ҳам ўйин бўйича ютқазмаганди. Ўйлашимча, уларни битта муаммоси – бу вазиятлардан фойдалана олишмас экан. Агарда биз билан учрашувда ҳам рақиб имкониятлардан фойдалана олмасдан, қайтанга биз яримта вазиятни голга айлантира олсак, ютиб кетамиз деб ўйлайман. “Сўғдиёна” билан ўйин худди шундай бўлди: наманганликлар кўплаб имкониятлардан фойдалана олмади, рақиб эса битта вазиятда гол уриб ютиб кетди. Футболда ғалаба қозониш учун гол уриш керак. Гол бўлмаса, ҳеч қачон ғалаба бўлмайди.
“Бирорта жамоа бизни “эзиб” ташлагани йўқ”
- Биз илк турда “Металлург”ни ютиб мавсумни яхши бошладик. Кейин Андижонда мағлуб бўлдик. Сўнг, ўзимизда қўқонликлар билан дуранг ўйнадик. Баъзида ишлар ўзимиз истагандек яхши кетяпти, деб ўйлайсизу, бироқ аслида бундай бўлмайди. Ўйлашимча, жамоамизга тажрибасизлик панд беряпти. Масалан, “Сўғдиёна”ни ютаётган пайтимизда якунда ютқаздик. Бу тажрибасизлигимиздан. Яъни, футболда ўзига яраша айёрлик ҳам бўлади. Аммо ўйин томонлама бирорта клуб бизни “эзиб” ташлади, деб ўйламайман. Тенгма-тенг курашяпмиз. Ўша Жиззахдаги баҳсда пенальтидан гол урсак ютардик. Лекин омадсизлик бўлди. Масалан, 26 ёшда бўлсам, ўзимни ҳали маҳоратли футболчиман, деб ўйламайман. Ўрта тажрибали дейишим мумкин.
Фикрлар