Бруну Фернандеш - АПЛнинг 2020 йилдаги энг яхши футболчиси(ми?)

2019/2020 йил мавсумининг энг яхши футболчиси Кевин Де Брюйне бўлди. Бу Англия футбол ассоциацияси талқини бўйича топширилган соврин. Футбол ёзувчилари томонидан таъсис этилган энг яхши футболчи номинацияси эса, Жордан Хендерсонга насиб этди. Ҳар икки футболчининг ушбу совринга эга чиқишлари ҳақли равишда юз берди.

Бельгиялик ярим ҳимоячи АПЛда Анри рекордини такрорлаб, 20 та ассист амалга оширган 2 футболчининг бирига айланди. Совринга эга чиқиш учун у росмана индивидуал маҳорат намойиш этди. Ваҳоланки, ўтган мавсум “Манчестер Сити”ни қониқтирадиган даражада ўтмади. Кевин ўз ишини қилиб, голлар яратишда фаол бўлгани билан, қолган 10 футболчи ва мураббий тактикаси ўз ўрнида ишламас экан, натижалар бўлмайди.

Хендерсоннинг унвонини эса, нисбий деб атаган бўлардим. Мана шу совринни узоқ йиллик орзуси - АПЛ чемпионлигига эришган “Ливерпуль”нинг қайсидир футболчиси олиши керак эди. Тан олиш керакки, мерсисайдликларнинг ғалабасида асосий роль Юрген Клоппга тегишли бўлди. Бу ғалабада на Салоҳ ўзининг голлари билан, на Ван Дейк мўъжизавий ҳимояланиши билан ажралиб турди. Немис “муҳандиси” қурган машинанинг ҳар бир қисми ўз вазифасини бехато бажариб, кутилган натижани олиб келди. Хендо гол уриш, ассист амалга ошириш каби ҳислатлар билан мақтана олмайди. Аммо сэр Алекс Фергюссон жамоасида Рой Киннинг ўрни қанчалик юқори аҳамият касб этган бўлса, бугунги “Ливерпуль”да унинг роли ҳам беқиёс. Майдон марказидаги яккакурашларда энг юқори кўрсаткичлар билан мавсумни якунлаган футболчи ушбу совринга ҳақли эди. 

Хўш, календарь йили ҳисоби - 2020 йил якунлари бўйича АПЛда ким энг зўр? Бруну Фернандеш!

https___reddevilarmada.com_wp-content_uploads_getty-images_2018_08_1227994863

Аслида, Фернандешни 2019/2020 мавсумининг-да энг яхши футболчиси, деб атовчилар топилди. Уларнинг фикрларини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам, асоси ҳам йўқ эди. Португалиялик ярим ҳимоячи ўзи ўтказган ўйинлар сонидан ҳам кўпроқ голларда иштирок этди ва жамоасига Чемпионлар Лигаси йўлланмасини олиб берди. Унга рақобатчи сифатида эса, Муҳаммад Салоҳни кўрсатишимиз мумкин. Қолган футболчиларнинг ҳеч бири йилни бир текисда ўтказа олмади. 

Сиз ҳужумдаги фаолликни нима билан ўлчайсиз? Кўпчиликнинг жавоби голлар ва ассистлар сонига тақалиши турган гап. Чунки, бу кўзга кўринувчи, реал натижалар. Хўш, ўша кўрсаткичлар нимани кўрсатади? 2020 йил мобайнида Салоҳ 32 та голда қатнашди (23 та гол, 9 та ассист). Португалиялик хавбекда гол+пас тизими бўйича 31 очко мавжуд. Аммо у мисрлик рақибидан бир ой кам вақт давомида ушбу натижага эришган: бу 4 та ўйин - 350 дақиқа камроқ ўйин, деганидир (Салоҳ январь ойида шунча вақт майдонда ҳаракат қилган). Шундан келиб чиққан ҳолда, голлардаги иштирок даражасини 90 дақиқа нисбатида оладиган бўлсак, Муҳаммад Салоҳ 1.07, Бруну Фернандеш эса 1.20 кўрсаткичига эга. 

“The Best” сўнгги учлигидагина бундан яхшироқ натижалар мавжуд, холос. "Топ-5" чемпионатларидаги илк йилидаёқ, дунё юлдузлари билан елкама-елка кураша олаётган футболчини эътироф этиш жоиз. Салоҳнинг ҳам илк мавсуми жуда ажойиб чиққан ва алқовларга кўмиб ташланган эди. Брунуни йилнинг энг яхшилари учун даъвогарлар орасида кам тилга олдик. Сабаби, унинг ижобий статистикалари жамоасига ақалли битта титул ҳам олиб бермади. 

Bruno-Fernandes-Manchester-United-9

Голдан голнинг фарқи бўлади, тўғрими? Салоҳнинг дарвозани ишғол қилишдаги меҳнатига нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда, Фернандеш ўз тўпларини анча қийин киритишини эътироф этиш жоиз. Ҳа, ўтган мавсум урилган голларнинг 8 таси пенальтидан ижро этилди (2 тасини ўзи ишлаган). Муҳаммад Салоҳ ҳам жамоасининг асосий пенальтичиси ҳисобланади. Унда ҳам бир қатор 11 метрлик зарбалар бўлган. Демак, бу жиҳат баҳона бўла олмайди. Позиция жиҳатидан оладиган бўлсак, Салоҳ - ҳужумчи, Фернандеш эса ярим ҳимоячи. Яъни, португалиялик голларини анча орқароқдан “пишитиб” келади. Шунингдек, у ҳужум учлигини жуда кўп маротаба голли вазиятга чиқариб юбориши билан ҳам беназир. Шу давргача португалиялик МЮда 74 та хавфли вазият яратди. Бу борада Кевин Де Брюйне ва Жек Грилишдагина ундан яхшироқ кўрсаткич мавжуд. Аммо уларнинг майдондаги дақиқалари салмоғи ҳам Брунуникидан фарқ қилади.

Тан олиш керакки, “Манчестер Юнайтед” ҳозирда “Бавария”, “Барселона” ва “Ювентус” даражасида эмас. Аммо бугун у АПЛ тахти учун “Ливерпуль” билан катта кураш бошлаган. Чемпионлар Лигасидаги омадсизлик учун “манкунианлар”нинг ҳар бир аъзоси каби у ҳам жавоб бериши лозим. Шунинг учун, уни Европанинг энг кучлилари қаторида деб даъво қилишдан ўзимизни тийдик. Албатта, бу номлар қаторида тилга олиниш учун йиллар давомида барқарор ўйинлар намойиш этиш талаб қилинади. Мана энди барчаси Фернандеш атрофида ижобий ҳал бўлаётганга ўхшамоқда: Марсьялнинг супер ноаниқлиги йўқолди, Рэшфорд Брунунинг пасларига “лаббай” деб жавоб бермоқда, Погба ҳам ўзини бахтиёр ҳис эта бошлагандек, Гринвуд эса тобора ўсиб боряпти. Фернандеш каби омадли дебютни Роналдуда ҳам кўрмаймиз. Уни Кантонага қиёслаш ўринлироқ бўлса керак. Ҳа, Ван Перси ва Ибрагимович ҳам яхши старт олганди. Аммо бу бутун жамоага ғалаба руҳини бағишлашга етарли бўлмаган. 

Биз Англиянинг тарихий “қироллари” яна чемпионлик учун курашга киришганидан хурсандмиз. Бошқа жамоалар сафида ҳам шу каби катта бурилиш ясай олган футболчиларни пайқасак, албатта, улар ҳақида ҳам тўхталиб ўтамиз. Бугун 2020 йилда АПЛнинг энг яхши футболчиси Бруну Фернандеш бўлганининг сабабларини тушунтириб беришга ҳаракат қилдик. Бу борада ҳар кимда ҳар хил қарашлар мавжудлиги эса ўта позитив ҳолат.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар